Ватанимиз бир, мақсадимиз ягона

13:49 07 Февраль 2024 Сиёсат
441 0

Ҳар куни эрта тонгда уйғониб, шундай нурафшон кунларга етказганига шукр қиламиз. Тўкин дастурхон атрофида бутун оила жам бўлиб нонушта қиламиз. Фарзандларимизнинг бахтли ҳаётидан, жажжи кичкинтойларнинг шўхликларидан шодланамиз. Кўнглимиз тўқ, ишга ёки ўқишга шошиламиз.

Бу хотиржамлик, турмушимиздаги тўкислик, эртанги кунга ишонч — буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик-осойишталик меваси, халқимиз жипслиги, ёруғ ниятлари рўёби.

Иродамизни тоблаган синовлар

Тўғрисини айтганда, бугун дунёнинг ҳамма минтақаларида ҳам тинчлик-хотиржамлик Ўзбекистондагидек барқарор эмас. Оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кўриб-билиб турибмиз: қайси бир ҳудудда бомбалар портлашидан, танкларнинг гумбур-гумбуридан инсонлар ҳадик-хавотирда жон сақламоқда, қайси бир ҳудудда табиий ва техноген офатлар қалбларга ғулғула солмоқда.

Бу аянчли воқеа-ҳодисалар ҳар қандай киши дилини хира қилиши табиий. Лекин юрагимизни янада оғритаётгани — бугун турли минтақалардан туриб ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали Ватанимизга тош отишларнинг кўпайгани. Айрим кимсаларда империячилик кайфиятининг қайта уйғонгани, уларнинг мамлакатимиз мустақиллигини, тараққиётини кўролмаётгани, тарихимизни, оримизни, ғуруримизни топташга уринаётгани, юртимиздаги тинчлик-тотувликка путур етказишга интилаётгани.

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги ахборот глобаллашуви инсониятга ўзаро мулоқот, илм-фан ва турли манбалардан фойдаланиш имконини яратиши билан бирга одамларга мафкуравий босимлар ўтказиш, ҳар хил ғояларни тарғиб қилиш, ёшлар онгини эгаллашда қўл келяпти.

Ишончимиз комилки, бундай ахборот хуружлари бағрикенг халқимизни асло чўчитолмайди. Руҳимизни синдиролмайди, аксинча, миллатлараро тотувликни, жипслигимизни, ўзаро хайрихоҳлигимизни, эзгулик йўлидаги ғайрат-шижоатимизни янада оширади.

Чунки биз бундай синовларни кўп кўрганмиз, иродамизни тоблаганмиз. Огоҳлик ва ҳушёрлик, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳаётимиз қоидасига айланган. Чунончи, яқин ўтган даврда Қорақалпоғистонда бўлган кўнгилсиз воқеалар, тартибсизликлар бу икки халқни бир-биридан ажрата олмади. Масала моҳиятини тушунмай, турли қутқуларга учган одамлар кўчага чиқиб кетган, шаҳарда вазият анча кескинлашган пайтда Президентимиз Нукусга келди, халқ билан учрашди.

Давлатимиз раҳбарининг одамлар билан учрашувда айтган гаплари ҳеч ёдимиздан чиқмайди: “Қорақалпоғистоннинг тақдири — бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги — бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир”.

Самимият билан айтилган бу сўзларни халқ жуда яхши кутиб олди. Адашганлар хатосини англади, эзгу йўлда яна бирлашди.

Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар

Халқимизда “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”, деган мақол бежиз айтилмайди. Қаердаки аҳиллик, ҳамжиҳатлик бўлса, муаммолар бартараф бўлади, орзу-мақсадларга эришилади.

Ўзбек ва қорақалпоқларнинг ҳам мақсади ягона, умиду ниятлари, илдизлари туташ, келажаги бир. Ҳамжиҳатлигимизни кўролмайдиганларга, Ватанга, миллатга отилган маломат, туҳмат тошларига ҳамма вақт ўз вақтида, муносиб жавоб беришимиз керак. Ана шунда бизни ҳеч ким тўғри йўлдан чалғитолмайди, ғайир кимсалар ниятларига етолмайди.

Бугун дунёга очиқ кўз билан қараш, кенг тафаккур билан назар ташлаш лозим. Турли минтақаларда ҳар хил баҳоналар билан уруш оловини ёқаётган қудратли мамлакатлар ривожланиш йўлидан бораёт­ган тинч давлатларга нисбатан турли усуллар билан босим ўтказишга, жамиятдаги барқарорликка рахна солишга интилаётгани бизни ҳам хулоса чиқаришга ундайди. Бузғунчи ғоялари билан миллатлар, элатлар ўртасига низо солишга уринаётган, ёш авлоднинг онгини заҳарлаётган тубан кимсаларга нисбатан тегишли дипломатик чоралар кўришни тақозо этади.

Ўзбек ва қорақалпоқни азалдан урф-одатлар, анъаналар, қон-қардошлик ришталари боғлаб туради. Бизнинг тилимиз бир, динимиз бир, тарихимиз муштарак. Неча асрлардан буён қиз бериб, қиз оламиз, қуда-анда бўлиб кетган қардош халқлармиз. Азалдан душманларни биргалашиб енгганмиз, синовли кунларни бошдан кечириб, бугун дориламон кунларда яшаяпмиз.

Бироқ тан олишимиз керак, бугунги ютуқлар билан чегараланиб қолсак, хотиржамликка берилсак, сергакликни унутсак, кўп нарсани бой берамиз. Ҳал қилишимиз зарур бўлган муаммолар, феълимизда тўғрилашимиз шарт бўлган иллатлар ҳали кўп. Орамизда кибрга берилганлар, айирмачилик, маҳаллийчилик кайфиятида юрадиганлар борлигини инкор этиб бўлмайди.

Ана шу иллатларни зеҳниятимиздан, миллат дунёқарашидан чиқариб ташламас эканмиз, ягона халқ сифатида дунё ҳамжамияти эътиборига, эътирофига тушишимиз қийин бўлади. Маҳаллийчилик, бюрократия, коррупция, мансабга ружу қўйиш, ҳокимиятни, мамлакатни бўлиб олишга интилиш Ватанни заифлаштиради, душманларга қулай шароит яратади. Бу қорақалпоқ, бу хоразмлик, бу водийдан, у воҳадан каби айирмачилик ўтмиши улуғ бўлган халқ авлодларига ярашмайди. Бизнинг Ватанимиз бир ва битта мақсад йўлида бирлашиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, турмушимизнинг янада яхшироқ, фаровонроқ бўлиши учун фидойилик билан меҳнат қилишимиз керак. Фарзандларимизни ҳам мана шу руҳда камолга етказишимиз зиммамиздаги энг катта вазифа.

Барча замонда ҳам фарзанд тарбияси ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган. Шундай экан, оиладаги муҳитга эътиборли бўлишимиз шарт. Бола уйда отасига, онасига тақлид қилади, юриш-туришидан ўрнак олади. Ота-она ватанпарвар бўлса, мамлакат тақдирига куюнчак, фидойи бўлса, бундай оилада улғайган фарзанд, албатта, эл-юртимиз корига ярайди.

Ҳаётбахш ташаббуслар

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга, қорақалпоқ элига меҳр-муҳаббати, эътибори нақадар юксак эканига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги боис бугун халқимиз Орол денгизи қуришидек улкан экологик фожиа билан мардонавор курашмоқда. Бутун Ўзбекистон бу йўлда бирдам, ҳамжиҳат бўлмоқда, турли вилоятлардан кўмак кўрсатилмоқда. Қуриган денгиз ўрнида яшил қопламалар, саксовулзорлар барпо этилмоқда.

Кейинги 6-7 йилда бу ҳудудда одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, тайинли иш, доимий даромад манбаига эга бўлиши, оиласи билан тинч-хотиржам яшаши учун улкан ишлар қилинди. Хусусан, минтақани молиялаштириш, иқтисодий салоҳиятини ошириш, матонатли қорақалпоқ элининг саломатлигини тиклаш, ҳудудда яшил боғларни яратиш учун катта маблағ ажратилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилаётган яшил ҳудудлар бугунги ва келгуси авлодга экологик тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш учун қулай шароит яратади. Бугун Орол умидларнинг рўёбга чиқиши ва янгиланиш рамзига айланмоқда.

Оролбўйи ҳудудларида барпо этилган саксовулзорда шамол таъсирида қум кўчиши ҳолатлари кескин камайди. Натижада минтақада иқлим мўътадиллашмоқда, қум ва тузнинг ҳавога кўтарилиб минтақа бўйлаб тарқалиши камайди. Давлатимиз раҳбари ўтган йили ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида минтақада саноатни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган 3 та янги ташаббусни илгари сурди. Бунинг натижасида ишсиз юрган минг-минглаб ёшлар, хотин-қизлар доимий иш жойига эга бўлмоқда, минглаб оилаларга фаровонлик, тўкинлик кириб боряпти.

Қорақалпоғистондаги 454 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ берилди, маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб 250 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон мўъжизалар ўлкасига айланди. Орол бўйларига янги ҳаёт, янги кайфият кириб келди. Одамлар юз-кўзида мамнунлик, умид ва ишонч туйғулари янада ёрқин намоён бўлмоқда. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, инсон қадрини улуғлаш, халқни рози қилиш, ҳудуднинг беқиёс имкониятларини юзага чиқариш, элимиз фаровонлигини юксалтириш, турмуш шароитини янада яхшилашнинг янги босқичи бошланди.

Мўйноқ тажрибасининг аҳамияти

Илгари Мўйноққа келган одам бугун унинг қиёфаси бутунлай ўзгарганига гувоҳ бўлади. Кенг ва баланд иморатлар, меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, амфитеатр, курант, музейлар, хуллас, бир-биридан кўркам иншоотлар савлат тўкиб турибди. Янги аэропорт ишга туширилди. Сайёҳлар энг кўп келадиган очиқ осмон остидаги “Кемалар қабристони”да денгиз томон сузмоқчи бўлиб турган кемалар узоқ тарихдан сўзлаётгандек бўлади, гўё.

Мўйноқ тумани 1931 йили ташкил этилган. Бир вақтлар катта қисмини денгиз эгаллаган ҳудуд чўл ва яримдаштликлардан иборат. Сўнгги маълумотларга қараганда туманда 32 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Президентимиз бежиз “Маданият Мўйноқдан бошланади” деб айтмаган эди. Мўйноқда қад кўтарган замонавий иншоотлар, боғлар, адиблар хиёбони, ҳунармандлар аллеяси, музейлар, мусиқа ва санъат мактаблари кўзни қувонтиради, энг чекка қишлоқларда ҳам янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари авж олган.

Мўйноқ туманида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига жами 12 та маданий мерос ва зиёрат объекти киритилган. Булар — Экология музейи, Орол тарихи музейи, Ҳунармандлар аллеяси, “Балиқчи уйи” уй-музейи, Ҳаким ота, Тоқмақ ота ва Ажиниёз бобо мақбаралари. Шунингдек, Орол денгизи, Судочье кўли, Устюрт текислиги, Очиқ осмон остидаги кемалар музейи, Урга қишлоғи ва “Оролдаги боғим” лойиҳаси асосидаги инновацион боғ шулар жумласидандир.

Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020 — 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Мўйноқ туманида кенг кўламли инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобидан қатор лойиҳалар амалга оширилиб, янги иш ўринлари яратилди.

Мўйноқда юз бераётган янгиланишлар бугун нафақат ушбу ҳудудда яшаётган юртдошларимиз, балки бутун халқимизнинг кайфиятини янада кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Зотан, катта экологик офат билан юзлашган, бир вақтлар эътибордан четда қолиб абгор, ташландиқ ҳолга келган ҳудудни халқимиз бирлашиб, якдил, ҳамфикр бўлиб, шундай кўркам, обод қила олдими, одамларининг кўнглини шод, ҳаётини фаровонлаштира билдими, демак, юртимизнинг энг чекка жойидаги муаммони ҳам ҳал қилишга имконимиз, салоҳиятимиз етади.

Қудратимиз — жипсликда, ҳамжиҳатликда

Президентимиз ҳар гал қорақалпоғистонлик фахрийлар, аҳоли вакиллари, депутатлар билан учрашганида, юртимиздаги ҳамжиҳатлик, тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат, қадр-қиммат ҳақида гапириб чарчамайди. Тилимиз, динимиз, Ватанимиз бир бўлган, эту тирноқ бўлиб яшаётган кўп миллатли диёрда адоват ва тушунмовчиликлар бўлмаслиги, келажак авлодга энг гўзал фазилатлар, мустаҳкам дўстлик ришталарини мерос қилиб қолдириш кераклигини доим такрорлайди.

Ўзбекистондаги ўзгаришлар, ислоҳотлар халқларимиз бахти-саодати, тинчлиги, фаровон ҳаётини ўйлаб қилинмоқда. Кейинги йилларда Мўйноқдан тортиб Бўзатовгача, Шуманайдан тортиб Қораўзаккача, Элликқалъадан тортиб Қонликўлгача ҳаётбахш бунёдкорликлар, ортга қайтмас ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг янги Ўзбекистонни, янги Қорақалпоғистонни биргаликда қурамиз, деган қанотбахш сўзлари ўзбегу қорақалпоқнинг кўнглини кўтаради, ғурурга тўлдиради. Қишлоқларимизда уй-жойлар янгидан барпо қилиняпти, ободончиликка эътибор берилмоқда. Ҳозир туманларда замонавий ўлчамлар асосида қурилаётган янги уйлар, янги тураржойлар кўлами кенгайганидан кенгайиб бормоқда. Унутила бошлаган урф-одатларимиз, қадриятларимиз қайтадан тикланмоқда. Ҳар бир маҳаллада тадбиркорликка асосланган, муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилмоқда.

Бунга жавобан ҳаммамиз бир жон, бир тан бўлиб, юртимиз тинчлигини, омонлигини, барқарорлигини сақлашимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Кўп миллатли халқимиз фаровонлиги учун бундан буён ҳам фидойилик билан меҳнат қилиб, янада юксак марраларни эгаллашимиз ана шу омилларга боғлиқ. Ўзбек билан қорақалпоқ халқлари азал-азалдан дўст-иноқ бўлиб, бир заминда яшаб келган ва шундай бўлиб қолади. Бизнинг қудратимиз жипслигимизда, ҳамжиҳатлигимизда.

Президентимиз таъбири билан айтганда, барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир.

Улуғбек ЖАЛМЕНОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг

Қорақалпоғистон Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?