Вашингтондаги элчихонамиз АҚШ ва Ўзбекистон расмий ҳамда диний доиралари вакиллари учун динлараро ифторлик ўтказди
Фото: Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси
Муборак Рамазон ойида Вашингтондаги элчихонамиз томонидан Оқ уй, Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Қўшма штатларда кенг тарқалган дин ва конфессияларнинг вакиллари, ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси аъзолари иштирокида ифторлик уюштиришди.
Хусусан, маросимда АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) раиси Надин Маенза, Шимолий Америка Ислом ҳамжамияти собиқ президенти Сайид Сайид, АҚШнинг диний эркинлик бўйича махсус махсус топшириқлар бўйича собиқ элчиси Девид Саперштейн, Глобал фаолият институти («IGE») раҳбари Крис Сипл, АҚШнинг шарқий соҳилидаги энг йирик Ислом маркази «АДАМС» маркази вакили Сайид Моктадир ва бошқалар.
Ифторлик аввалида элчи Жавлон Ваҳобов меҳмонларга мамлакатимизда анъанавий ислом қадриятларимизни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, ҳамда Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Тадбир давомида иштирокчиларига халқимизнинг бағрикенглик анъаналари, жумладан муқаддас Рамазон ойининг Ўзбекистондаги барча дин ва конфессиялар вакиллари билан биргаликда ҳурмат ва эҳтиром руҳида кенг нишонланилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Тарихан кўп миллатли ва эллатли давлат бўлган Ўзбекистон бугун ислом ва бошқа кўплаб динлар ривожланаётган дунёвий давлатдир. Ҳукуматнинг фикр, эътиқод ва дин эркинлигини ҳимоя ва тарғиб қилиш, ёшларни инсонпарварлик руҳида тарбиялаш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш принципи орқали амалга оширилаётган ишлар тўғрисида алоҳида таъкидланди.
Ифторда сўзга чиққан Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) раиси Н.Маенза бир неча кун аввал Ўзбекистонга ташриф буюриб, расмийлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва диний етакчилар билан учрашиш имконига эга бўлганини айтиб ўтди. «Ўзбекистон сўнгги тўрт йил ичида қандай ижобий ва сезиларли ўзгаришларга эришгани ва диний эркинлик учун янада очиқ шарт-шароитлар сари интилаётганини кўришдан мамнун бўлдим», — деди Комиссия раҳбари. «Диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний эътиқод эркинлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича давом этаётган мулоқотлар бизни руҳлантирди. Ўзбекистон ҳукумати билан йўлга қўйилган мулоқот унинг ислоҳот ва ўзгаришларни янада илгари суриш йўлидаги кучли мақсадидан далолат беради. «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумида иштирок этиш учун май ойида Ўзбекистонга навбатдаги сафаримни интиқлик билан кутяпман, – деди комиссия раиси.
Шимолий Америка Ислом ҳамжамияти собиқ президенти доктор С.Саййид Ўзбекистон асрлар давомида маърифий ислом марказларидан бири - , ҳадислар тўплами муаллифи ислом мутафаккири Имом ал-Бухорий туғилган замин бўлиб келганини таъкидлади. Доктор Саид Америкада шаклланаётган мусулмон жамияти Ўзбекистон билан алоқаларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, Шимолий Америка Ислом ҳамжамияти собиқ раҳбари АҚШда Мериленд штатидаги Индонезия Мусулмон Жамияти Ассоциацияси (ИМАМ) Ислом маркази ёки Туркия ҳукумати кўмагида ташкил этилган Диёнет марказига ўхшаш Ўзбекистон Ислом марказини ташкил этишни таклиф қилди.
Глобал фаолият институти («IGE») раҳбари К.Зейпл ушбу тадбирга таклиф этилгани учун миннатдорлик билдириб, бир неча дин вакиллари аҳил-иноқ яшаётган Ўзбекистон тажрибаси бошқа мамлакатларга диний эркинликларни таъминлаш модели сифатида ўрнак бўлиши мумкинлигини таъкидлади. «Шу муносабат билан 2022 йил май ойида Глобал фаолият институти Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумини ўтказиш ниятида. Тадбир дунёга Ўзбекистон мусулмонлар ва насронийлар, биринчи навбатда, руҳонийлар ва имомлар ўртасидаги конфессиялараро мулоқот ўрнатилган давлат мисоли эканлигини яна бир бор кўрсатади», — деди у.
Бундан ташқари, халқаро форум давомида олимлар ва экспертлар диний саводхонликни ошириш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, шунингдек, турли динларни бирлаштирган Ўзбекистон ислом меъморчилиги масалаларини ҳам муҳокама қиладилар, деди «IGE» раҳбари.
Диний эркинлик бўйича собиқ махсус элчи Д.Саперштейн фикрига кўра «Ўзбекистоннинг бой мусулмон, насроний ва яҳудий тарихи борлигини турли дин вакилларини бир дастурхон атрофида тўплаган мазкур ифторлик яна бир бор тасдиқлади. Биз ҳамкорлик қилсак ва биргаликда ишласак, бир-биримиз билан баҳам кўрсак, биз ёрқин янги келажакни яратамиз».
Суҳбат чоғида Америка Қўшма Штатларидаги энг қадимий масжид – «Масжид Муҳаммад» имом-хатиби Толиб Шариф ушбу ифторлик алоҳида ва ғоят муҳим воқеа бўлганини, чунки тадбир муқаддас Рамазон ойида исломнинг инсонпарварликни илгари сурувчи дин эканлиги яна бир бор намоён бўлди. Кўп асрлик тарихи ислом тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлган Ўзбекистон имом-хатиблари билан учрашишдан жуда мамнун бўлдим. Бундай учрашувлар икки давлат имом-хатиблари ва уламолари ўртасида ўзаро фикр алмашиш имконини бермоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг шу кунгача қилган улкан қадамларини ҳам олқишламоқчиман. Ўзбекистон миллатлараро ва динлараро тотувлик гуллаб-яшнаган дунёвий давлат намунаси бўлиб қолмоқда», — деди Америка масжиди раҳбари.
Ўз навбатида етакчи таҳлилий марказ – АҚШ Тинчлик институти (USIP) эксперти, Давлат департаментининг диний озчиликлар бўйича собиқ махсус маслаҳатчиси Нокс Темза Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш борасида сезиларли ютуқларга эришилганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, «Президент Ш.М.Мирзиёев раҳнамолиги остида Ўзбекистонда қонунчилик, диний ташкилотларни рўйхатга олиш соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Бундан атиги беш йил аввал ақлга сиғмайдиган нарсаларнинг аксарияти бугунги Ўзбекистонда ҳақиқатга айланди. Мен эса Ўзбекистоннинг келажакда бундан ҳам юқори ютуқларга эришишини кутиб қоламан», — деди у.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг