Узоқ кутилган бокс кечасида рингга кўтарилган 8 нафар боксчимизнинг барчаси ғалаба қозонди

08:44 04 Апрель 2021 Спорт
601 0

Хабарингиз бор, 3 апрель куни пойтахтимиздаги муҳташам «Ҳумо арена» муз саройи катта бокс кечасига мезбонлик қилди.

Ўзбекистон Республика Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, юртимизда бўлиб турган Халқаро бокс ассоциацияси президенти Умар Кремльёв, Осиё бокс конфедерацияси президенти Анас Алотайба ушбу кечанинг фахрий меҳмонларидан бўлишди.

Жанглар бошланишидан олдин бокс кечасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди.

«Муҳтарам Президентимиз томонларидан сўнгги йилларда спорт, хусусан боксни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида спортнинг ушбу турида «ўзбек модели» шаклланиб, уни бутун дунё эътироф этмоқда. Ўз навбатида, боксчиларимиз ҳам охирги йилларда қитъа ва Жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларида биринчиликни қўлга киритиб келишмоқда. Сўнгги беш йилликни оладиган бўлсак, ўзбекистонлик боксчилар жаҳонда яққол етакчилик қилишмоқда ва бу ҳар юртдошимиз қалбида чексиз фахр, ифтихор уйғотади. Фурсатдан фойдаланиб, бугун рингга кўтариладиган барча боксчиларга омад ва зафарлар тилайман», - деди Азиз Абдуҳакимов.

Шундан сўнг жангларга старт берилди. Дастлаб, кечанинг биринчи жангида ҳамюртимиз Осиё ўйинлари ва қитъа чемпионати ғолиби ва яна кўплаб мусобақалар чемпиони Иқболжон Холдоров профессионал рингдаги дебют жангида танзаниялик Кулва Бушири билан куч синашди. Аренага тўпланган юртдошларимизнинг қўллаб-қувватлаши, мураббийларнинг тўғри кўрсатмалари сабабли 6 раунд этиб белгиланган рейтинг жанги иккинчи раундда якунланди. Иқболжондан ажойиб нокаут!

Кечанинг иккинчи жангида биринчи оғир вазн тоифасидаги боксчимиз Санжар Турсунов (91,2 кг) украиналик Иван Юхтага қарши жанг ўтказди. Бокс кечасидан олдин ўтказилган матбуот анжуманида мен фақат ғалаба учун жанг қиламан дея таъкидлаган Турсунов сўзини устидан чиқди. 6 раунд давом этган баҳс якунига кўра очколар ҳисобида Санжар Турсунов ғалаба қозонди.

Бокс оқшоми қизигандан қизиб бораётган, мухлислар ҳамюртларимиз томонидан кетма-кет иккита ғалабани биргаликда нишонлаб улгурмасларидан учинчи жангни ўтказиш учун Рио-2016 Олимпиада ўйинлари чемпиони, 2018 йил Жакартада ўтказилган Осиё ўйинлари ҳамда 2017 йил Гамбургда ўтказилган жаҳон чемпионати кумуш медаллари соҳиби ва 2015 йили Бангкок, 2017 йилги Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматов рингга кўтарилди. Ҳасанбой Дўсматов биринчи енгил вазн тоифасида WBA International камари учун танзаниялик Муҳсин Кизотага қарши баҳс олиб борди. 10 раунд этиб белгиланган учрашувни Ҳасанбой ўз одатига содиқ қолган ҳолда узоқ куттирмади иккинчи раундда жангни якунлади.

Навбатдаги жангда Миразиз Мирзахалилов илк баҳсида Танзания вакили Таша Мужиажига қарши рингга кўтарилди. Боксчимиз тажрибали рақибига қарши муносиб жанг олиб борди. Натижада Миразиз Мирзахалилов профессионал боксдаги илк ғалабасини қўлга киритди.

Оғир вазн тоифасидаги боксчимиз, терма жамоа сардори Баҳодир Жалолов латвиялик Кристапс Зутисга қарши рингга кўтарилди. Бугун ўтказилган 6 раундлик жангда Халқаро тоифадаги спорт устаси, Олимпия ўйинларининг чорак финалчиси (2016й), жаҳон чемпиони (2019й), жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби (2015й), икки карра Осиё чемпиони (2017, 2019й), «Ўзбекистон ифтихори» унвони соҳиби Баҳодир Жалолов навбатдаги жангида ҳам ғалабага эришди. Баҳодир рақибини кучли ва аниқ зарбалари орқали 2 раундда нокаутга учратди.

Биринчи ўрта вазн тоифасидаги боксчимиз Исроил Мадримов 10 раунд этиб белгиланган жангда Эммани Каломбога қарши рингга кўтарилган ҳамюртимиз очколар ҳисобида рақибидан устун келди.

Кечанинг яна бир марказий жангларидан бири дея эътироф этилган баҳс Шаҳрам Ғиёсов ва мексикалик Патрисио Лопес Моренолар ўртасида бўлди. Боксчимиз учинчи раундда рақибига кучли зарба йўллаб нокаутга учратди.

Узоқ кутилган кечанинг марказий жангида ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев «ВБА» ва «ИБФ» камарларини япониялик Рёсуке Ивасадан ҳимоя қилди. 12 раунд этиб белгиланган жангда боксчимиз нималарга қодир эканлигини намоён этди. Муроджон Рёсукега ҳеч қандай имконият қолдирмади ҳамда муддатидан олдин ғалаба қозонди.

Барча орзиқиб кутган ғалабани қўлга киритишида сабабчи бўлган мухлисларга ва алоҳида спортчиларга қулай шароитларни яратиб бераётган Президентимизга эса ўз миннатдорчилигини билдирди. Муроджон Аҳмадалиев бу ғалабалар ҳали бошланиши эканлигини, бундан ҳам катта ютуқлар олдиндалигини алоҳида таъкидлади. Спортчимизни барча спорт мутасаддилари буюк ғалаба билан табриклашди.

Айтиш жоиз бўлса ушбу бокс кечасига республикамизнинг турли ҳудудларидан бокс ихлосмандлари спортчиларимизни қўлла-қувватлаб, «Ҳумо арена»ни тўлдириб ўтиришди. Бу албатта таҳсинга лойиқ!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?