Урганчда 150 ўринли янги меҳмонхона ишга тушди

14:05 30 Август 2023 Жамият
279 0

Фото: “Халқ сўзи”

Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида Урганч туманида яна бир туризм инфратузилма объекти –“Улгуржи савдо саноат” МЧЖга қарашли “Парвоз” меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу меҳмонхона 64 та хонадан иборат бўлиб, 150 ўринга мўлжалланган. Урганч халқаро аэропортидан 3 километр ва Урганч темир йўл вокзалидан 7 километр узоқликда жойлашган мазкур меҳмонхона ўзининг қулайлиги билан вилоятга ташриф буюрадиган сайёҳларнинг эътиборини қозонишига шубҳа йўқ.

— Маълумки, Хоразм вилояти туризм салоҳияти юқори ҳудудлардан бири саналади, — дейди лойиҳа ташаббускори Тоҳир Мадраҳимов. — Туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли вилоятимизга келаётган хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар оқими йилдан-йилга ортиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг январь-июль ойларида вилоятга бир ярим миллиондан зиёд сайёҳлар ташриф буюрди. Уларнинг 300 минг нафари 120 тага яқин хорижий давлатлардан ташриф буюрган сайёҳлардир. Шу йил бошидан буён Хоразмга келган маҳаллий сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 баробарга ўсди.

Хабарингиз бор, Хива шаҳри 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти деб эълон қилинди. Шу муносабат билан келгуси йилда вилоятимизга ташриф буюрувчилар сони янада ортади. “Парвоз” меҳмонхонаси иш бошлаши билан вилоятда меҳмонхоналар сони 206 тага етди.

Янги меҳмонхонанинг очилиш тантанасида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирок этди.

                                                          Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?