Президентга бандлик ва инвестиция соҳалари бўйича ахборот берилди

17:42 03 Февраль 2025 Сиёсат
174 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Бу борада декабрь ва январь ойларида ўтган йиғилишларда катта вазифалар белгиланган эди. Давлатимиз раҳбари “2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда энг муҳим ва ҳал қилувчи йил бўлади” дея таъкидлади.

Хусусан, бу йил 5 миллион 200 минг аҳолини банд қилиб, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш, 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиб, экспортни 30 миллиард доллардан ошириш ҳисоб-китоб қилинган.

Йиғилишда шу борада бошланган ишлар ва дастлабки натижалар ҳақида ахборот берилди.

Январь ойида 277 минг фуқаро ишли бўлган. Шундан 91 минг нафари доимий ишга жойлашган, 153 минги тадбиркорликка жалб қилинган.

Камбағалликни қисқартириш бўйича 32 та йўналишда янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Яқинда вазирлик ва ҳокимликлар мутахассисларидан иборат гуруҳлар Хитойга бориб, тажриба алмашиб келди. Энди жойлардаги имкониятлар аҳолига тушунтирилиб, даромад топишга кўмаклашилади.

Иш ўринлари ва инвестиция ўзаро боғлиқ. Бу йил қарийб 14 миллиард долларлик 8 мингта лойиҳани амалга ошириб, 272 мингта доимий иш жойи яратиш режалаштирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўтган ойда юртимизга 3 миллиард доллар хорижий инвестиция келган. Февраль ойида ҳам шунча инвестиция олиб келиш, 623 та лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилган.

Йиғилишда лойиҳалар бўйича манзилли ишлаб, суръатни кескин ошириш зарурлиги таъкидланди.

Йил бошидан буён экспорт ҳажми 1 миллиард 300 миллион долларга етган. Мутасаддиларга хорижий ҳамкорлар билан ишлаб, тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқишга кўмаклашиш, янги корхоналарни экспортга жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?