Уранчилар Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунини нишонлашди
Фото: "Халқ сўзи"
Темур ЭШБОЕВ/ «Халқ сўзи»). Ҳар йилнинг 28 апрель куни ер юзида Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни сифатида нишонланади.
Шу муносабат билан «Навоийуран» давлат корхонаси ва унинг таркибий бўлинмалари меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги хизмати мутахассислари иштирокида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
— Мазкур куннинг тадбирлари ҳар йили байрам маълум бир шиор остида ўтказилади, — дейди «Навоийуран» ДК меҳнат муҳофазаси ва барқарор ривожланиш бўйича директор С. Нурназаров. — Шунга кўра 2024 йилда Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунининг мавзуси «Иқлим ўзгаришининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига таъсири» этиб белгиланган. Чунки ер юзидаги иқлим шароитининг ўзгариши атроф-муҳит, айниқса ишчи ходимларнинг хавфсизлиги ва соғлиғига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Меҳнат муҳофазасида янги-янги талабларни тақозо этяпти.
Тадбирда корхонада меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги муаммоларига эътиборни кучайтириш, хавфсизликни таъминлаш, ишчиларнинг мавжуд ишлаб чиқариш хатарлари ва улардан ҳимояланиш йўллари ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган кўргазма ҳам ташкил этилди. Унда «НКМК жамғармаси» ДМ Зарафшон ҳудудий бошқармасининг «Агама» тўқимачилик-трикотаж фабрикаси, «Линия защиты» компаниялар гуруҳи ҳамда Германиянинг «UVЕX» компанияси ва «FF-SАFЕTU-GROUP» фирмаси мутахассислари ишчи-ходимлар учун тақдим қилган махсус иш кийимлари ва шахсий ҳимоя воситаларини намойиш қилишди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари учун тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилиб, фавқулодда ҳолатлардаги асосий ҳаракатлар кўздан кечирилди.
Корхона таркибий бўлинмаларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишдаги муносиб ҳиссаси ва Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан бир гуруҳ муҳандис-техник ходимларга корхона раҳбариятининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг