UNWTOнинг Бош Ассамблеяси юбилей сессиясини Самарқандда юқори савияда ўтказиш масаллари муҳокама этилди

07:04 31 Май 2023 Маданият
581 0

Хабарингиз бор, жорий йилнинг16-20 октябрь кунлари Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг Бош Ассамблеяси 25-юбилей сессияси Самарқандда ўтказилади.

Тадбирни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалаларни икки томонлама муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати делегацияси шу кунларда Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг Мадрид шаҳридаги қароргоҳида бўлиб турибди.

Мамлакатимиз тарихида илк маротаба БМТ оиласига кирувчи халқаро ташкилот Бош ассамблеясини қабул қилиш йўлида яна бир муҳим қадам ташламоқда.

Шубҳасиз, Бош Ассамблея нафақат Ўзбекистоннинг бой маданияти, туризм салоҳияти, инвестицион жозибадорлигини жаҳон ҳамжамиятига кенг намойиш этади ва балки халқаро туризм индустрияси учун янги даврни очиб берувчи тадбирга айланади.

Шунингдек, мазкур учрашувда UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили, Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ректори Азиз Абдуҳакимов Самарқанд шаҳрида UNWTO Халқаро туризм академиясини ташкил этиш юзасидан меморандум имзоладилар.

Аслида бу ташаббус хусусида Давлатимиз раҳбари ва ташкилот бош котиби ўртасида кечган учрашувда илгари сурилган ва юртбошимиз томонидан қўллаб -қувватланган эди.

Таъкидлаш керакки, Самарқандда Халқаро туризм академиясининг ташкил этилиши UNWTO ва Ўзбекистон ўртасидаги 30 йиллик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, туризм соҳасида халқаро миқёсдаги мутахассисларни тайёрлаш имконини яратади.

Энг муҳими, хориж тажрибасини пухта ўрганиб, бойитиб, амалиётга татбиқ этиш учун халқаро майдон яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер