Университет ҳудудида пичоқланган қизнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди

18:53 24 Июнь 2024 Жамият
709 0

Фото: Видеодан кадр

Аввалроқ Қарши давлат университети ҳудудида бир эркак ўзига таниш бўлган қизни бир неча марта пичоқлагани, сўнг эса ўзига пичоқ ургани ҳақида хабар берган эдик.

«Халқ сўзи» ижтимоий тармоқларда мазкур жиноят акс этган видеолар остига қолдирилган изоҳларни таҳлил қилди. Уларда айтилишича, Қарши давлат университети талабаси бўлган С.Т. (қиз) ва Э.М. бунга қадар унаштирилган бўлган. Бироқ кейинчалик айрим сабабларга кўра уларнинг орасига совуқчилик тушиб, унаштирув бекор қилинган.

Шундан сўнг эркак университетга борган ҳамда 4-босқич талабаси бўлган севгилисини ёнига чақириб, у билан ўзаро тортишган ва ОТМнинг 2-ўқув биноси олдида қизга пичоқ билан 8 бор зарба берган.

«Ҳудуд» информацион дастурида маълум қилинишича, жабрланувчи қизнинг отаси ҳам юқоридаги гапларни тасдиқлаган.

«Уларни ўртасида келишмовчилик бўлган, деган гаплар тарқалди, аксинча бир ой давомида йигит қизимга тазйиқ ўтказиб келган. Биз уни билиб қолганимиздан сўнг унаштирувни бекор қилдик. Мен у бoлага тўғриликча тушунтирдим, ўғлим ҳозирдан шу аҳвол бўлса, мен қизимни сенга беролмайман, дедим», дейди қизнинг отаси.

Унинг қўшимча қилишича, бу воқеалардан кейин қизини ҳимоя қилиш учун университет имтиҳонларига ўзи олиб келиб юрган.

Манбага кўра, ҳозирда шифохонада даволанаётган ҳар иккала фуқаронинг ҳам аҳволи қониқарли.

«Соат 9:00 лар атрофида бизга 2 нафар бемор олиб келинди. Оғир аҳволда бўлгани учун тўғридан-тўғри операцион бўлимга олинди. Керакли текширувлар ўтказилиб, жароҳатлари тикилди. Ҳозирда беморларнинг аҳволи барқарор. Ҳозирги кунда улардан бири хирургия бўлимида, иккинчиси эса реанимация бўлимида стандарт бўйича даво муолажаларини олиб келмоқда», дейди беморларни қабул қилган шифокор.

Таъкидлаш керакки, ҳозирда Э.М.нинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли унга нисбатан шу модда билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс содир этган ҳолат бўйича прокуратура томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?