Алишер Қодиров университет ҳудудида талаба қизнинг пичоқланиши бўйича кескин фикр билдирди

18:17 23 Июнь 2024 Жамият
713 0

Аввалроқ Қарши давлат университети ҳудудида бир эркак ўзига таниш бўлган қизни бир неча марта пичоқлагани, сўнг эса ўзига пичоқ ургани ҳақида хабар берган эдик. Миллий тикланиш демократик партиясининг раҳбари Алишер Қодиров мазкур ҳолат бўйича кескин фикр билдирди.

«Бу каби ваҳший жиноятлар жиноятчини энг оғир жазога тортилгани ҳақидаги хабар билан оммага эълон қилиниши лозим! Учраб турадиган бу турдаги онгсиз махлуқлар бундай хабарларда намуна эмас, таҳдид кўриши керак!» дейди депутат.

«Халқ сўзи» ижтимоий тармоқларда мазкур жиноят акс этган видеолар остига қолдирилган изоҳларни таҳлил қилди. Уларда айтилишича, Қарши давлат университети талабаси бўлган С.Т. (қиз) ва Э.М. бунга қадар унаштирилган бўлган. Бироқ кейинчалик айрим сабабларга кўра уларнинг орасига совуқчилик тушиб, унаштирув бекор қилинган.

Шундан сўнг эркак университетга борган ҳамда 4-босқич талабаси бўлган севгилисини ёнига чақириб, у билан ўзаро тортишган ва ОТМнинг 2-ўқув биноси олдида қизга пичоқ билан 8 бор зарба берган. Атрофдагилар томонидан унинг жиноий хатти-ҳаракатлари тўхтатиб қолингач, эркак пичоқни ўзига урган.

Айрим Telegram каналлари бўлса, йигит қизни ота-онаси унга турмушга бермагани учун чавақлагани ҳақида ёзмоқда.

Таъкидлаш керакки, ҳозирда Э.М.нинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли унга нисбатан шу модда билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган бўлиб, у содир этган ҳолат бўйича прокуратура томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жабрланувчи қиз эса ҳозирда шифохонада тиббиёт ходимлари назорати остида даволанмоқда.

Воқеалар фонида Қашқадарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи шифохонага бориб жабрланувчининг ҳолидан хабар олди. Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, айни вақтда талаба қиз ҳамда унинг яқинларига ижтимоий-психологик кўмак кўрсатилиши бўйича зарурий тадбирлар амалга оширилмоқда.

«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш, уларнинг қадри ва ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш бурчимиздир, бу борада лоқайд бўлмаслик ҳақида таъкидлаймиз», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер