Улуғ адибнинг зиё чашмаси

21:12 11 Июнь 2023 Маданият
1416 0

Фото: Мунира РАҲИМОВА

Серқирра ижодкор, машҳур ҳикоянавис, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Қаҳҳор адабиётимизнинг юксак чинори эди. Атоқли ёзувчи инсон руҳиятининг муҳандиси, қалбнинг нозик торларини черта оладиган сўз заргари даражасига кўтарила олган. Сермазмун асарлари орқали ўз номини эзгуликка, абадийликка муҳрлаган.

Ардоқли адибимизнинг ўлмас меросини қадрлаш, англаш биз, ёшлар учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шу маънода забардаст ёзувчимизнинг ҳаёт ва ижод йўли билан яқиндан танишиш мақсадида Абдулла Қаҳҳор уй-музейига ташриф буюриб, маънавият сарчашмасидан баҳраманд бўлдик.

Узоқ йиллар давомида адиб умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорова билан биргаликда ушбу хонадонда истиқомат қилишган. Уй-музейда адиб асарлари қўлёзмалари, фойдаланган нарса-буюмлар, мутолаа қилган китоблар жамланган. Экспонатлар қаторида мусиқий чолғу асбобларининг ҳам жой олгани ёзувчининг нафақат адабиётга дахлдор шахс, балки санъатсевар инсон бўлганини ҳам англатади.

Уй-музейидаги ижодий муҳит, файзли манзара кишини руҳий уйғоқликка чорлайди. Муҳими, у ердан илмнинг бўйи келади.

Абдулла Қаҳҳор шундай деган эди: “Хонадонда чироқ бўлмаслиги мумкин. Лекин китоб бўлмаса, бу гўшанинг кундузлари ҳам зимистондир”. Хонадондаги осори атиқалардан аён бўладики, адиб хонадонини илм-маърифат, маънавият нурлари ёритган. Бу ердаги мўъжаз кутубхона сўзимизга исбот. Унинг фондида ўзбек ва жаҳон адабиётининг ноёб намуналари, мумтоз, классик жанрдаги бебаҳо асарлар жой олган. Тасаввур қиламизки, бўйи шифтга қадар етган, чор-атрофи китоблар билан ўралган хонадонда адиб ижод завқини тотган. Мазкур китоблардан олинган илм унинг қаламини чархлаган.

Қўлда фотоаппарат ушлаб турган Абдулла Қаҳҳор тасвири акс этган сурат диққатимизни тортади. Уй-музейдаги кўплаб фотоасарларни адибнинг ўзи тасвирга олганидан англашиладики, ушбу ижодкор инсон ҳаётга доим илҳом назари билан қараган. У ҳамиша ижодий кайфият оғушида яшаган. Ўзи ёқтирган турли манзараларни тасвирга олишни яхши кўрган, қаерга боришидан қатъи назар доим ёнида фотоаппарат олиб юрган.

Музейдан ўрин олган мўъжаз экспонатлар сизга ёзувчи ҳаётидан батафсил ҳикоя қилади. Қолаверса, ташрифимиз доирасида музей директори, кўп йиллик тажрибали ижодкор Санобар Матлубова билан суҳбатлашишга мушарраф бўлиб, саволларимизга жавоб олдик.

Фото: Мунира РАҲИМОВА

— Музейга асос солиниб, ҳозирги кўринишда қад ростлашида Кибриё опанинг саъй-ҳаракати ниҳоятда катта ўрин тутган, — дейди Санобар Матлубова. — Яъни 1987 йил 6 май куни адибимизнинг 80 йиллик юбилей маросимида Кибриё Қаҳҳорова ташаббуси билан Абдулла Қаҳҳор номидаги уй-музейи ташкил топди. Бу фидойи инсон 1996 йилга қадар музейда илмий-ходим сифатида фаолият юритган. Беш мингдан зиёд буюмларни, нодир асарларни Кибриё опа шу қадар асраб-авайлаганки, кўрганингиздек, бугунги кунга келиб, экспонатлар унчалик даражада таъмирга муҳтож эмас. Улар ҳозир ҳам ўз ҳуснини йўқотмаган.

— Ушбу музейнинг маданий ҳаётимиздаги ўрни ҳақида нима дея оласиз?

— Француз мутафаккири Вольтер таъбири билан айтганда: “Ўтмишни билмаган киши на бугуни, на келажакни, на ўзини билади”. Забардаст ёзувчи, драматург, таржимон, ўзбекнинг Чехови — Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижоди ҳақида ёрқин тасаввур берувчи ушбу уй-музей халқимизнинг маънавиятини янада бойитишга хизмат қилади. Бугун, тан олишимиз керак, баъзи ёшларимизнинг адабиёт, санъат, сўз қадри ҳақидаги билимлари, дунёқараши бироз саёз. Уларни юксалтиришда атоқли ижодкорларнинг уй-музейлари муҳим аҳамият касб этади. Навқирон авлод улуғ аждодларимизнинг тарихий, илмий, адабий меросини билиши зарур, деб ўйлайман.

Кўриб турганингиздек, музейда беш мингдан ортиқ экспонат-буюмлар ўрин олган. Ушбу илмий мерос устида талаба-ёшлар, илмий-тадқиқотлар изланишлар олиб боришмоқда. Тадқиқотчилар олтин фондимиз таркибидаги китобларнинг асл нусхалари билан яқиндан танишади. Мазкур уй-музейни авлодларга қолган зиё маскани, десак, хато эмас.

Фото: Мунира РАҲИМОВА

— Музей тарғиботи учун қандай ишлар олиб борилмоқда?

— 39 йиллик фаолиятим давомида хорижий мамлакатларда бўлиб қайтган бўлсам, уларнинг аксарияти менда ранг-баранг таассурот уйғотган. Бироқ уларни ўзимизнинг музейлар билан таққослаб кўрганимда, буюк бир шонли ўтмишимиз борлигидан беихтиёр фахр ҳиссини туйганман. Сафар чоғида диққатимни тортган яна бир жиҳат: хорижий музейларда томошабинлар учун яратилган қулай шароитлар. Бироқ, айтиш жоизки, уларнинг аксариятида чипта нархи қиммат. Мамлакатимизда эса музейларга ёшларни кенг жалб қилиш мақсадида бепул саёҳат-экскурсиялар уюштирилади. Бундай яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда биз ҳам музейни янада ривожлантиришга янгича ёндашмоқдамиз. Сўзимнинг исботи сифатида айтиб ўтишим жоизки, 2021 йилда Тошкент молия институти билан бизнинг Абдулла Қаҳҳор уй-музейи ўртасида меморандум имзоланди. Институтда музейнинг филиали очилиб, ўз фаолиятини бошлашига эриша олдик. Институтнинг адабий-илмий маслаҳатчиси Нуриддин Очиловнинг Абдулла Қаҳҳор ҳаётига бағишланган “Эҳтиром” номли китоби чоп этилиб, музейимизнинг фахрий аъзосига айланди. Қолаверса, олийгоҳ молиявий базаси ҳисобидан уй-музейда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, якунига етказилди.

Фото: Мунира РАҲИМОВА

— Бирор экспонат тарихи ҳақида сўзлаб бера оласизми?

— Музей икки қисмга бўлинади. Ижодхона ва дарсхона. У ерга ташриф буюрган киши, гўёки ўзини 60 йилларга тушиб қолгандек сезиши, шубҳасиз. Экспонатлар орасида дарсхонадан ўрин олган шакли думалоқ айлана стол тарихи доим эътиборимни тортади. Адиб уни шогирдларидан бирига буюртма қилиб ясаттирган. Ушбу экспонат Абдулла Қаҳҳорнинг нақадар зийрак шахс эканлиги ифодасидек таассурот уйғотади доим. Чунки айлана шакл тенглик белгиси саналади. Уйга ташриф буюрган меҳмонлар айнан мана шу айлана столга таклиф қилинган. Бу уларга ҳурмат рамзи ҳисобланган. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳар бир нарсанинг майда деталигача аҳамият қаратгани унинг нақадар самимий ва оташин қалб соҳиби эканлигидан далолат беради.

Мунира РАҲИМОВА, ЎзДЖТУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер