«Улар шу вақтгача тўлаш керак бўлган катта бадални тўлаш вақти келди» — Трамп уч давлат маҳсулотларига бож жорий этишга ваъда берди
Фото: AFP
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва гиёҳванд моддалар савдосига жавобан Мексика ва Канада маҳсулотларига 25, Хитой маҳсулотларига эса қўшимча 10 фоизлик бож жорий этишга ваъда берди.
Трампнинг қарори халқаро бозорларни ҳайратда қолдирди ва Оқ уйга қайтаётган президентнинг “Американи яна буюк қилиш” мақсадига ишора қилди.
“Truth Social” ижтимоий платформасидаги постида Трамп ўз маъмуриятининг биринчи кунидаёқ Мексика ва Канада импортига божлар жорий этишини, бу чоралар ҳужжатсиз муҳожирлар ва гиёҳванд моддаларнинг “оқиб кириши” тугамагунча давом этишини айтди.
«Мексика ҳам Канада ҳам узоқ давом этаётган бу муаммони осонгина ҳал қилиш учун мутлақ ҳуқуқ ва кучга эга. Биз шу билан улардан бу кучдан фойдаланишни талаб қиламиз ва улар шу вақтгача тўлаш керак бўлган катта бадални тўлаш вақти келди”, — дейди Трамп. Шунингдек, у мамлакат фентанил контрабандасини тўхтатиш чораларини кўрмагунча, Хитойга ҳам қўшимча тарифлардан юқори 10 фоизлик бож жорий этишни маълум қилди.
Трамп таклиф қилган тарифлар сайловолди кампаниясида айтган тарифларга қўшимча бўладими ёки унинг ўрнигами бу ҳозирча маълум эмас. Трамп сайловолди ташвиқоти давомида Хитой товарлари импортига 60 фоиз ва ундан ортиқ божлар жорий этишини таъкидлаган эди. Мексикадан олиб келинган автомобилларга эса 1000 фоиз ва ундан юқорироқ бож қўйишни таклиф қилганди.
«Хитой вакиллари менга бу ишни қилган ҳар қандай гиёҳванд моддалар сотувчиси учун ўзларининг энг юқори жазосини, яъни ўлим жазосини қўллашларини айтишди. Гиёҳванд моддалар мамлакатимизга асосан Мексикадан кириб келмоқда”, — дейди Трамп.
Трампнинг ушбу баёнотидан кейин халқаро бозорларда акс-садо бера бошлади. Канада доллари, Мексика песоси, Евро, Британия фунти, Корея вони ва Австралия доллари каби валюталар АҚШ долларига нисбатан пасайди.
Канаданинг миллий телерадиокомпанияси Трампнинг эълонини «сўнгги йиллардаги Канадага қарши энг жиддий таҳдиди» деб таърифлади. Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси томонлар ўртасидаги савдо урушида ҳеч ким ғалаба қозона олмаслигини ва икки томонлама ҳамкорлик ўзаро манфаатли эканлигини таъкидлади.
Кўплаб иқтисодчилар Трампнинг кенг қамровли тарифлар бўйича таклифлари АҚШда кундалик товарлар нархини ошириши ва глобал ўсишни сусайтириши ҳақида огоҳлантирди.
Хитой, Мексика ва Канада АҚШнинг учта энг йирик савдо ҳамкорларидир. АҚШ Савдо вакили идораси маълумотларига кўра, 2022 йилда бу мамлакатлар АҚШ экспортининг 830 миллиард долларини ва АҚШ импортининг 1,43 триллион долларини ташкил қилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг