Уй-жой қуриш ўзбошимчалик билан қилинадиган иш эмас

12:57 31 Январь 2025 Жамият
102 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Халқимиз ҳаётида уй-жой жуда катта аҳамиятга эга. Ҳеч бир оила йўқки, ўз уй-жойига эга бўлиш, фаровон турмуш кечириш учун муносиб шарт-шароит яратишга ҳаракат қилмаса. Бунинг учун йиллаб меҳнат, катта маблағ сарф этилиши ҳам сир эмас.

Шундай экан, уй-жой ёки бирор иморат қуришда ишни олдиндан режалаштириб, ҳужжат ишларига ҳам тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга ошириш лозим. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлмасдан, ўзбошимчалик билан ўзлаштирилган ер участкаларига иморат қуриш эса келгусида турли муаммоларга сабаб бўлиши, иқтисодий зарарга олиб келиши муқаррар.

Ўтган 2024 йилда Қашқадарё вилоятида ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш ва у жойда иморатлар қуриш билан боғлиқ 4803 та ҳолат аниқланган. Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларнинг умумий майдони эса 1564,8 гектарни ташкил этади.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да Кадастр агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси масъул ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.

— Мониторинг тадбирларида аниқланган ноқонуний ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган фуқароларга нисбатан ёзма кўрсатмалар юборилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди, — дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сарвар Тўраев. — Натижада 1772 та ҳолатда 930 гектардан ошиқ ер участкаларида барпо этилган ноқонуний қурилишишлар фуқаролар томонидан жойида бартараф этилди. Шунингдек, 658,8 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилишларни бартараф этиш ва ерни аввалги ҳолатига қайтариш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 2 935 та даъво аризалари киритилди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти, ушбу қонун асосида вилоятда амалга оширилаётган хатлов ишлари ҳақида кенг маълумот берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?