Тошкентдаги ЭРҲ Ассамблеяси йиғилишида собиқ уран конларини рекултивациялаш масалалари муҳокама қилинди

19:33 08 Сентябр 2023 Жамият
809 0

7 сентабрь куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Европа Иттифоқининг сўровномасига биноан Марказий Осиё учун Экологик реабилитация ҳисоби (ЭРҲ) Ассамблеясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Марказий Осиё учун Экологик реабилитация ҳисоби (ЭРҲ) Ассамблеясининг раиси Адриаан Ван дер Меэр, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури, Қирғиз, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда нутқ сўзлаган Экология вазири Азиз Абдуҳакимов эски уран шахталари ва кимёвий қолдиқларни бартараф этиш муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

“Бу лойиҳа Ўзбекистонда экологик жиҳатдан хавф юқори бўлган ҳудудларни тартибга солишга қаратилган. Мазкур ҳудудлардаги эски уран шахталарини бартараф этиб, инфраструктурасини яхшилашни мақсад қилганмиз, — деди А. Абдуҳакимов. — Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан кимёвий қолдиқларни йўқ қилиш ва бошқа йўналишларга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик”.

Йиғилишда иштирокчиларга собиқ уран конларини рекултивация қилиш билан боғлиқ режалаштирилган ва амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, келгуси йил учун мақсадлар муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ЭРҲнинг бенефициари бўлиб, Стратегик бош режада устувор объектлар сифатида белгиланган Тошкент ва Наманган вилоятларидаги собиқ уран конлари объектларини рекултивация қилиш режалаштирилган. 

Тадбир доирасида 8–9-центабр кунлари Европа иттифоқи давлатлари вакиллари, шунингдек, Чехия, Эстония, Финляндия, Франция, Венгрия, Латвия, Руминия, Швеция, Швейтсария, Нидерландия, Буюк Британия, АҚШ дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари собиқ уран конларини рекултивация қилиш ишлари билан танишиш мақсадида Янгиобод шаҳрига ташриф буюришади.

Тадбир доирасида атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, ЭРҲ, Европа комиссияси, Халқаро атом энергияси агентлиги, ЭХҲТ, БМТТД, Қирғиз ва Тожикистон Республикаси вакиллари иштирокида Ангрен шаҳридаги 42-сонли мактаб ҳудудида маҳаллий ҳокимият органлари билан дарахт кўчатлари экилади. 

Шунингдек, Янгиободдаги собиқ уран конларига ташриф, уран объектларининг рекултивация қилинаётган қурилиш майдончаларида бажарилаётган ишлар, иш жойларда радиация ҳолатини ва ишларни атроф-муҳитга таъсири билан танишиш ҳам режалаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ЭРҲ доирасида ишларни ташкил этиш бўйича масъул давлат органи этиб белгиланган. Экология вазирлиги ва ЕТТБ ўртасида “Янгиобод ва Чоркесар-2 уран мероси объектларини рекултивация қилиш” Грант битими имзоланган. Рекултивация ишлари олиб борилмоқда. Объектларни рекултивация қилиш ишларини 2025 йилга қадар якунлаш кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер