Германия Ўзбекистоннинг асосий ва вақт синовидан ўтган, ишончли ҳамкорларидан бири
Жорий йилнинг 28 апрель куни Тошкентда “Ўзбекистон — Германия: ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусидаги конференция ўтказилди.
Ушбу анжуман Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига бўлажак расмий ташрифи олдидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Марказий Осиё халқаро институти ва Германиянинг Марказий Осиёдаги жамғармаси ҳамкорлигида гибрид форматда ташкил этилди. Унда сиёсий-шакллантирувчи доиралар, парламент аъзолари, дипломатик корпус, бизнес ҳамжамиятлари, икки мамлакат вазирликлари ва идоралари вакилларидан иборат обрўли мутахассислар гуруҳи иштирок этди. Конференцияда, шунингдек, Конституциявий референдумга кузатувчи сифатида таклиф этилган Европа, Яқин Шарқ, Осиё, Американинг етакчи таҳлилий марказлари экспертлари ҳам қаташди.
Анжуманда Ўзбекистон — Германия ҳамкорлигининг сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда эришилган натижалар ҳамда икки томонлама муносабатларнинг кейинги истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон — Германия муносабатлари сўнгги йилларда ўзаро ишонч ва амалий йўналишга эга бўлди. Халқаро алоқалар 2017 йилдан буён амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар, мамлакатимиз олиб бораётган очиқ ва ишончли ташқи сиёсати туфайли барқарор ривожланиш суръатини олиб, бугунги кунда изчиллик касб этган. Бунда олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотнинг жадаллашгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, 2019 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияда расмий ташриф билан бўлди. Мазкур ташриф якунлари бўйича иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновациялар соҳаларида 80 дан ортиқ битимдан иборат ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Ўша йилнинг май ойида Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонга ташриф буюрди. Олий даражадаги конструктив сиёсий мулоқот 2020-2021 йиллардаги пандемия шароитида ҳам давом этди. Ўзбекистон Президент ва Германия Президенти ҳамда Канцлери билан 4 марта телефон суҳбати бўлиб ўтди. Мамлакатларимиз етакчилар битта онлайн саммитда иштирок этишди.
Бу жараёнда парламентлараро алоқалар ҳам фаол ривожланмоқда. Мамлакатлар парламент делегацияларининг 10 дан зиёд ўзаро ташрифи уюштирилди. Мунтазам равишда вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.
Германия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлат сифатида бизни демократик ҳуқуқий давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосларини ривожлантиришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти. Мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка нисбатан қизиқиш Германиянинг юртимиздаги Конрад Аденауэр, Фридрих Эберт, Ханс Зайдел номидаги ижтимоий-сиёсий жамғармалари ҳамда Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик фонди, шунингдек, Гёте номидаги институт, Германия университетлари ассоциацияси, Германия академик хизмати, Хориждаги мактаблар бошқармаси немис тили бўйича координатори бюроси сингари таълим тузилмаларининг кенг вакиллигида намоён бўлган. Мазкур тузилмалар ўзаро манфаатли барча соҳаларда мулоқот ва ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам платформа яратган.
Бундан ташқари, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон — Германия ишбилармонлар кенгаши фаолияти сезиларли даражада фаоллашди. Кенгаш мажлислари Франкфурт, Берлин, Мюнхен ва Гамбургда ўтказилди. Сўнгги 5 йил ичидаги ташрифлар доирасида республикамиз делегацияси Бавария федерал ери раҳбари М. Зедер, Германия меҳнат ва ижтимоий масалалар вазири Х. Хайл, шунингдек Германия ишбилармон доиралари вакиллари билан қатор музокаралар ўтказди.
— Мазкур конференция Ўзбекистон Президентининг Германияга расмий ташрифи арафасида ўтаётгани катта аҳамиятга эга. Шу ўринда қайд этиш керак, Германия, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг асосий ва вақт синовидан ўтган, ишончли ҳамкорларидан бири, — дейди Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов. — Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган Германия барқарор ривожланиш ва суверенитетни мустаҳкамлашда бизга самарали ёрдам кўрсатаётганини жуда қадрлаймиз. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янада изчил тус олди. Бугунги кунда Германия Ўзбекистоннинг энг йирик бешта савдо ва инвестиция ҳамкорлари қаторига киради. Ўтган ўттиз йил ичида биринчи марта Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда немис бизнесининг мавжудлиги ўсиб боряпти. Шунга мос равишда ўзлаштирилган немис инвестициялари ҳажми 700 миллиондан 1.5 миллиард долларгача, яъни икки баравар кўпайди. Германия Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш учун зарур бўлган замонавий машина ва ускуналарнинг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади. Инвестициялар, аввало, хом ашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш, қурилиш материаллари етказиб бериш, ишлаб чиқариш, фармацевтика, мева- сабзавот, кон-руда, кимё саноати, энергетика каби иқтисодиётимизнинг асосий тармоқларига йўналтирилган.
— Сўнгги йилларда Ўзбекистон янги даврга қадам қўймоқда. Жамиятнинг барча жабҳаларида ўзгаришлар рўй бермоқда, бу ўзгаришлар ва янги тенденцияларнинг бутун бир калейдоскопидир, — дейди Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер. — Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатларнинг иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишларда ривожланиб бормоқда. Бу жараёнда савдо айланмаси 107 фоизга ошиб, инвестициялар ҳажми 1 миллиард евродан кўпайган. Эътиборлиси, икки томонлама ҳамкорлик фақат иқтисодиёт билан чекланиб қолмагани, фан ва маданият соҳалари ҳам жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонлик талабалар ва мактаб ўқувчиларининг немис тилини ўрганишга бўлган қизиқиши катта. Шунинг учун Германия бу борадги алоқаларни ҳам жадалаштиришга эътибор қаратади. Бу жараёнжа немис тилини ўрганувчилар сонини кўпайтириш мақсадида буни янги босқичга кўтаришга ҳаракат қиляпмиз.
Таъкидлаш жоизки, Германия ислоҳотларимиз изчил ривожланиши даражасини ва тараққиётимиз истиқболини эътироф этиб, Ўзбекистонга молиявий-техник ёрдам кўламини кенгайтирмоқда. Ҳамкорликнинг маданий-гуманитар йўналиши ҳам ижобий манзара касб этган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда немис маданияти ва тилини ўрганишга қизиқиш ортди. 2016 йил мактабларимизда 236 минг ўқувчи немис тилини ўрганган бўлса, бугунги кунда бундай ўқувчилар сони 500 мингга яқинлашган. Ўзбек ёшлари немис тилини ўрганадиган умумий ва ўрта махсус таълим муассасалари сони 950 тадан 1 300 га етди. Германиянинг турли олий ўқув юртлари ва илмий марказларида 700 дан зиёд ўзбек талабаси, аспирант ва докторанти таҳсил олмоқда.
— Иқтисодиётни либераллаштириш сиёсати орқали мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш германиялик инвесторларни жалб қилмоқда, — дейди Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акромжон Неъматов. — Бугунги кунда Ўзбекистонда 31 та Германия компанияси ваколатхонаси рўйхатдан ўтган. Ушбу давлат капитали иштирокидаги корхоналар сони 219 тага етди, ўнлаб қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2016 йилдан бошлаб “Siemens”, “BASF”, “Thyssen Group”, “Roland Berger”, “Adidas Group”, “Papenburg”, “Falk Porsche” каби йирик компаниялар Ўзбекистон бозорига кириб келди.
Мамлакатларимиз ўртасида энергетика соҳасида ҳам алоқалар изчиллик касб этган. Германиянинг нуфузли “Siemens Energy”, “Viessman” компаниялари ҳамкорлигида электростанция қуриш, мутахассис тайёрлаш, муқобил энергетикани татбиқ этиш, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантиришга йўналтирилган қатор лойиҳалар режалаштирилган.
Ўзбекистоннинг немис бозорини кашф этиш фаоллашмоқда. 2022 йил Ўзбекистон товарлари экспорти илк бор рекорд натижани қайд этиди — 88,9 миллион доллар. Экспорт қилинаётган асосий товарлар таркибини мева-сабзавот, тайёр тўқимачилик ва саноат маҳсулотлари, турли хизматлар ташкил қилди.
Тошкентнинг конструктив минтақавий сиёсати туфайли Германия ва Марказий Осиё мамлакатлари иштирокида ҳамкорликнинг янги уфқлари белгилаб олинган. Минтақанинг барча давлатлари ўртасидаги очиқликни, мулоқотни қўллаб-қувватлаш республикамизнинг асосий тамойилидир. Ўзбекистон ва Германия глобал ва минтақавий йўналишда, хусусан, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, наркотик савдоси, иқлим ўзгариши, минтақавий хавфсизлик масалаларида умумий ёки ўхшаш ёндашувга амал қилмоқда. Берлин Ўзбекистоннинг минтақадаги яхши қўшничилик сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу Европа Иттифоқининг 2019 йилда Марказий Осиё учун янгиланган стратегияси ва янги “Global Gateway” стратегиясида акс этган. Ушбу ҳужжатлар кўп қиррали муносабатимизни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё давлатларининг инфратузилмавий ривожланиши, шунингдек, халқаро ишлаб чиқариш-логистика занжири ва транспорт йўлакларига интеграциялашувни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Марказий Осиё барқарор ривожланиш учун ўзаро боғлиқ майдонга айланиб, йирик бозор сифатида Германиянинг ҳудудга қизиқишини оширмоқда. Ўз навбатида, интеграция жараёнини янада мустаҳкамлаш учун минтақа мамлакатлари Европа Иттифоқи, биринчи навбатда Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Бу Марказий Осиёнинг ресурс-хом ашё, ишлаб чиқариш, транспорт-логистика ва интеллектуал салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, глобал қўшилган қиймат занжирига интеграция, нафақат минтақада, балки ташқарида ҳам барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили сифатидаги минтақавий субъективлигини мустаҳкамлаш имконини беради.
Ўзбекистоннинг Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнга жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракати алоҳида эътиборга лойиқ. Бу минтақалар аро алоқани ривожлантирмоқда. Умуман, Ўзбекистон раҳбарининг Германияга ташрифи арафасида бундай муҳим конференция ўтказилиши кун тартибидаги кўплаб долзарб масалаларни муҳокама қилиш имконини берди. Анжуманда ишлаб чиқилган таклиф, тавсиялар мамлакатларимиз ўртасидаги янги икки томонлама келишувларга асос бўлиши шубҳасиз.
Фазлиддин АБИЛОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг