Экологик барқарорлик: таҳдид, масъулият ва бурч
Иқлим ўзгариши — Орол денгизининг қуриши оқибатида келиб чиққан экологик инқирозни бошидан кечираётган Марказий Осиё минтақаси учун долзарб муаммолардан бирига айланмоқда. Яширишнинг ҳожати йўқ, дунёнинг кўплаб ҳудудларида инсонлар зироат ва чорвачиликда фойдаланиб келган ерлар яроқсиз ҳолга етган, айниқса, охирги йилларда саҳролашиш оқибатлари яққол сезиляпти. Бу ҳудудлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Афсуски, мамлакатимиз жаҳонда кескин чўллашаётган минтақалардан бири. Ер саҳролашса, на деҳқончилик, на чорвачилик қилиб бўлади — яшаш қийинлашади, озиқ-овқат қимматлашади, халқ камбағаллашади, жойларда низолар эҳтимоли кучайиши ҳам мумкин.
Олимлар Ер сайёрасида саҳролашишнинг асосий сабаблари сифатида аҳоли сонининг кўпайиб бораётгани, ўрмон ва дарахтзорлар кесилаётгани, яйловлардан ҳаддан зиёд кўп фойдаланилаётгани, тупроқ эрозияси ҳамда иқлим ўзгаришини тилга олишади ва бу омилларнинг саҳролашишга олиб келиш таъсирларини камайтиришга чақиради. Бунинг энг самарали йўлларидан бири — дарахт экиш. Иккинчиси, анъанавий энергиядан фойдаланишни камайтириш, аксинча, қайта тикланадиган, муқобил энергия манбаларини кенг жорий этиш, десак, муболаға эмас.
Дунё миқёсида оладиган бўлсак, охирги 20 йил ичида 4,5 миллиардга яқин одамлар йирик табиий офатлар кўринишидаги иқлим ўзгариши таъсиридан азият чекди, 1,2 млн. киши ҳалок бўлди, иқтисодий зарар эса қарийб 3 трлн. долларни ташкил этди.
Мутахассисларнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари географик жойлашув хусусиятларидан келиб чиқиб, иқлим келтириб чиқарадиган оқибатларга кўпроқ мойил. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари иқлим ўзгариши билан боғлиқ бир қанча салбий оқибатларни бошдан кечирмоқда. Мисол учун, сўнгги 50 — 60 йил ичида минтақадаги музликлар майдони 30 фоизга камайди. Ҳароратнинг 2 даражага кўтарилиши музликлар майдонининг 1,5 баравар, 4 даражага кўтарилиши 80 фоизга қисқаришига олиб келиши мумкин.
Сув ресурсларининг етишмаслиги ҳам ўткир муаммолардан. Сувдаги стресс даражаси минтақа мамлакатларида танг аҳволга етган. Башоратларга кўра 2050 йилга бориб сув ресурслари Сирдарёда 5 фоизга, Aмударёда 15 фоизгача қисқаради. Чўлланиш жараёнлари ва ернинг деградацияси ҳақида гапирадиган бўлсак, БМТ маълумотларига қараганда ўтган 50 йилда минтақа мамлакатларида чўлланишга мубтало бўлаётган ерлар миқдори 15 — 20 фоизга ошган. Бундан ташқари, ҳозирги кунда бутун жаҳон ҳамжамияти Орол денгизи инқирози нафақат Марказий Осиё мамлакатларига, балки глобал миқёсда ҳам салбий оқибатларга олиб келаётганини айтмоқда.
Охирги 40 йил ичида денгиз ўз майдонининг 57 фоизини, ҳажмининг 80 фоизини ва чуқурлигининг 64 фоизини йўқотди. Қирғизистон ва Тожикистондаги асрий музликларнинг хавотирли даражада тез эриши кузатиляпти. Ўзбекистон Орол денгизининг қуриши, унинг тубидан осмонга кўтарилган пестицидли чангларнинг одамлар саломатлиги, деҳқончилик ва иқтисодиётга таъсиридан азият чекиб келаётганига анча бўлди. Дунёда иқлим ўзгариши эса денгизлар ўта узоқ жойлашган минтақада ҳам сувсизлик, саҳролашиш ва чанг бўронлари каби ҳолатларни кучайтира бошлаган.
Глобал муаммоларга комплекс ёндашув
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Париж Битими қабул қилинган. Ушбу ҳужжат 2016 йил 4 ноябрда кучга кирган.
Битимнинг мақсади — БМТ Иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий конвенция амалга оширилишини фаоллаштириш, глобал ўртача ҳароратнинг индустриаллаштиришгача (1750 й.) бўлган даврдагига нисбатан 2 даражада сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг Цельсий бўйича 1,5 даражагача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдир. Бу 2050 йилга бориб “иссиқхона газлари” глобал ажратмаларини 40 — 70 фоизга камайтиришни ва 2100 йилга бориб уни 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади.
Таъкидлаш жоизки, 2017 йил 19 апрель куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Ўзбекистон Париж Битимини имзолади. Мазкур битим 2018 йил 3 октябрь куни ратификация қилинди. 2030 йилгача узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикаси иқлим ўзгаришига қарши кураш чора ва ҳаракатларни кучайтиришни — 2030 йилга бориб “иссиқхона газлари” солиштирма ташламаларини 2010 йилдаги даражага (ялпи ички маҳсулот бирлигига) нисбатан 10 фоизга қисқартиришни мўлжалламоқда.
Келгуси 20 — 30 йил ичида иқлим ўзгариши инсониятга бешта асосий хатарни алоҳида урғулайди. Булар сирасига Арктика денгизидаги музликлар ва маржон рифлари каби уникал тизимларга бўлган таҳдидлар киради. Ҳароратнинг 2 даражага кўтарилиши билан таҳдид “ўта юқори” бўлиши мумкин. Уммон суви таркибидаги кислота ошади ва ундаги маржон ва жонзотларга хавф солади. Ҳарорат ошиши билан қуруқликдаги ҳайвонлар, ўсимликлар ва бошқа жонзотлар баландликлар ҳамда қутблар сари ҳаракат қила бошлайди.
Инсонларга таъсири ҳақида гап кетар экан, озиқ-овқат тақчиллиги энг катта хавотир уйғотади. Маккажўхори, гуруч ва буғдой 2050 йилда 25 фоизга камайиши башорат қилинади. Бу даврга бориб дунё аҳолиси сони 9 миллиардга етиши ва шаҳарлар кенгайиши кутилар экан, озиқ-овқат етишмовчилиги янада ёмонлашади. Тропик ҳудудлар ва Антарктиканинг баъзи қисмларида балиқчилар ўлжаси 50 фоизга камайиши мумкин.
«Яшил» энергетика улушини ошириш — стратегик вазифа
Иқлим ўзгаришига қарши кураш масаласида Ўзбекистон масъулият билан чора-тадбирлар кўраётганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини, жумладан, минтақа мамлакатларини экологик масалаларда, хусусан, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Бугунги кунда мазкур масалалардаги амалий ишларга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Биргина мисол сифатида БМТ шафелиги остида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондининг ташкил этилиши ёки Оролнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо қилинаётгани, 2 млн. гектардан зиёд майдонда саксовул ва чўл ўсимликлари уруғлари сепилганлиги ва кўчатлари экилганини келтириш мумкин. Ислоҳотларимизни жаҳон ҳамжамияти қўллаб-қувватламоқда. Президентимиз таклифи билан БМТ Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформаси яратилиши ва минтақамизда қабул қилинган “Яшил тараққиёт” дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши қўллаб-қувватланди. Қолаверса, давлатимиз раҳбари Бош Ассамблеянинг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетика улушини кескин ошириш стратегик вазифа сифатида белгилаганлигини эслатиб ўтиш жоиз. Давлатимиз раҳбарининг “2019 — 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни яхшилашга эътиборни кучайтириш масалалари белгилангани иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ҳамда унга мослашиш учун хизмат қилади. Қолаверса, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича вазифалар билан ҳам-оҳанглиги эътиборга молик.
Стратегияда кўрсатилган вазифаларга кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 444 та яшил боғ барпо этилади. Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни 1,9 млн. гектарга етказиш, Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 200 минг гектар яшил майдонлар яратиш ҳам кўзда тутилган.
Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни соғломлаштириш, яъни кичик сув ҳавзалари, ичимлик суви тармоқларини қуриш ишлари самарали амалга оширилмоқда. Охирги 20 йилда атмосферага ифлослантирувчи чиқиндиларни ташлаш 2,1 баравар, заҳарли оқова сувлар 2 карра камайди. Пестицидлардан фойдаланиш охирги беш йилда 5 бараварга қисқарди, пахта яккаҳокимлигига барҳам берилди. Миллий қўриқхона, боғ, буюртма қўриқхона ва экологик марказлар ривожланди.
Дарвоқе, юртимизда 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши ортида иқлим ўзгаришига қарши кураш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, сув ресурсларини тежаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, камбағалликни камайтириш каби мақсадларга эришиш интилиши ётибди, десак, янглишмаган бўламиз.
Тежамкорликка асосланган «яшил» ривожланиш модели
Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади — экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтишдир. Бунга ҳамоҳанг тарзда тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимизнинг энергетикага бўлган талабини тўлиқ қондириш учун “яшил” қувватлар жадал ривожлантирилаётир.
Ўтган беш йилда энергетика соҳасига қарийб 20 млрд. доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9,6 гигаватт замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. Ҳозирги кунда хорижий ҳамкорлар билан қиймати 26 млрд. доллардан зиёд ва умумий қуввати 24 гигаватт бўлган 50 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
Бундай мақсадларга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди, албатта. Бу борада Ўзбекистон БМТ, Марказий Осиё мамлакатлари, БАА, Саудия Арабистони, Хитой каби давлат ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилади. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, “яшил” энергия соҳасида Бирлашган Араб Амирликлари бизнинг ишончли ва стратегик ҳамкоримиздир. Сўнгги йилларда БАА билан инвестициялар портфели 26 млрд. доллардан ошгани ҳам фикримиз далили. Улар орасида эса қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари асосий локомотив бўлмоқда.
Ер юзида глобал миқёсда иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнлари кучайиб бораётган ҳозирги замонда, айниқса, бизнинг кам ўрмонли минтақамизда, асосан, қумли чўл ҳудудларида ўрмонзорлар майдонларини кенгайтириш ва ерлар деградациясига қарши курашиш жуда улкан аҳамиятга эга. Бу муҳим омил, шунингдек, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш, маҳаллий аҳолининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш, сув ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича хабардорлигини ошириш, ерлардан барқарор фойдаланиш дастурларини ишлаб чиқиб, амалиётда қўллашни ташкил қилишни ҳам тақозо этади.
Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
академик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг