Тошкентда ўткир вирусли инфекцияларга чалинган беморлар кўпайди. Зангиотадаги шифохонада жойлар сони кўпайтирилди

18:27 23 Ноябрь 2023 Жамият
920 0

Архив фото

Куз-қиш мавсуми одатда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг тарқалиши учун қулай давр ҳисобланади. Айниқса, бу пайтда кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан анчагина ортади. Шу боис бутун дунёда бўлгани каби бу йил ҳам юртимизда ёш ўғил-қизлар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилмоқда. 

Ушбу хасталикка чалинишнинг асосий улуши эса Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келяпти. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар йилнинг бошқа даврларига нисбатан ортгани кузатилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Шу сабабли бугун Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов мазкур масала юзасидан йиғилиш ўтказди.

Унда Тошкент шаҳридаги барча клиник шифохоналар раҳбарлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати масъуллари иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб:
бугунги кунда пойтахтимиздаги болалар клиник шифохоналаридаги ҳолат;
беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича яратилган шароитлар;
аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизмати хусусида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг вазир бу борадаги ишлар етарли эмаслигини таъкидлаб, шифохоналарга тушаётган юкламаларни тезда камайтириш, бемор болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур чоралар кўриш бўйича масъулларга шошилинч топшириқлар берди.

Жумладан, Зангиота-1 юқумли касалликлар шифохонасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш белгиланди.

Шунингдек, сўнгги кунларда аҳолидан ҳароратининг кўтарилиши, йўтал белгилари билан чақирувлар сони ортгани сабабли “103” хизматига эрталаб соат 06:00 дан 14:00 гача пойтахт шифохоналарида захирада бўлган 40 та автомашина қўшимча ажратилди.

Шунингдек, жорий йил 25 ноябрдан  вазирлик томонидан тез тиббий ёрдам хизматига 29 та тўлиқ жиҳозланган “Isuzu” русумдаги автомашиналари тиббий бригадалар билан доимий фойдаланиш учун ажратилиши айтиб ўтилди.

Яна бир масала. Бугунги кунда пойтахтимиздаги 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 72 та оилавий поликлиникада эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 гача бўлган муддатда чақирув бўйича тиббий бригадалар фаолияти йўлга қўйилди. 

Мазкур бригадалар “103” хизмати ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, уйда қолдирилган ёки шифхонага ётқизилмасдан уйга қайта олиб келинган ва амбулатор шароитда даволанаётган беморлар рўйхати аниқланиб, кўрсатма асосида онлайн ва жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Йиғилишда вазир клиник шифохоналарга юкламани камайтириш учун бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш, амбулатор шароитда даволанаётган беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат қамровини ошириш зарурлигини таъкидлаб, бу бўйича масъулларга керакли топшириқлар берди.

Бундан ташқари, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда юртимизда ЎРВИ касаллигига чалиниб, шифохоналарда даволанаётган беморларнинг маълум қисми стационар давога муҳтож эмас. 

Шу сабабли йиғилишда оилавий поликликлиника шифокорларига ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган беморларни амбулатор шароитда даволаш бўйича зарур тавсиялар бериш учун ихтисослаштирилган марказлардаги педиатрлар ва барча тор доирадаги мутахассислар жалб этилиши лозимлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, бирламчи тизимдаги кундузги стационарларда касалликка чалинган болаларнинг кузатувини олиб бориш, зарур бўлганда шу ернинг ўзида керакли даво муолажаларини амалга ошириш бўйича ҳам тегишли вазифалар белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?