Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида ноқонуний туннел аниқланди
Фото: Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида ноқонуний ерости йўли (туннел) аниқланди.
Қайд этилишича, ДХХ ходимлари Чегара қўшинлари ва «Тошкент-Аэро» ИБК ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Тадбирда Ҳиндистондан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга катта миқдордаги, сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний олиб келиш билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.
Хусусан, жиноий гуруҳ томонидан навбатдаги дори воситалари Деҳли—Тошкент—Олмаота авиайўналиши орқали транзит тарзда «Олмаота» халқаро аэропортига олиб келиниб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани «Дўстлик» аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент вилоятининг Тошкент тумани «Ўрикзор» МФЙ ҳудудига ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 1 миллиард 94 миллион сўмлик Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Альбумин, Ремдесивир, Меропенем каби жами 107 номдаги 17 048 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Таъкидланишича, 49 ёшли фуқаронинг Тошкент тумани «Ўрикзор» МФЙдаги уйини Қозоғистоннинг Сариёғоч тумани «Дўстлик» аҳоли яшаш пункти билан боғловчи ерости йўлининг узунлиги 310 метрни ташкил этади. Ерости йўли ҳаво вентиляцияси, ёритиш тизими, юкларни ташишга мўлжалланган аравалар ва арқонлар билан жиҳозланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг