Тошкент вилоятидаги ҳайвонот боғида назоратсиз қолган шерлар қоровулни ўлдирди

17:05 17 Декабрь 2024 Жамият
967 0

Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган ҳайвонот боғида назоратсиз қолган 3 та шер боғ қоровулига ҳужум қилиб, уни ўлдирди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Билдирилишича, ҳолат бугун, 17 декабрь куни соат тахминан тонгги 05:00 ларда содир бўлган. Ҳайвонот боғида сақланаётган 3 та Африка шери катак эшиги очиқ қолдирилганидан фойдаланиб ҳайвонот боғи ҳудудига чиқиб кетган.

Ҳовлидаги шерлар шу ерда қоровул бўлиб ишловчи 44 ёшли Ф.И. шерларни катакка қайтармоқчи бўлган, бироқ йиртқичлар қоровулга ҳужум қилган ва уни ўлдирган. Шундан сўнг, назоратсиз қолган ҳайвонлар Ф.И.нинг тана аъзоларини емиш сифатида истеъмол қилган.

«Мазкур ҳолат ҳайвонот боғи ходимлари томонидан соат 09:00 ларда аниқланиб, 2 та шер ухлатувчи дори воситалар қўлланилган ҳолда катакка қайтарилган, 1 та шер маҳаллий овчи томонидан отиб ўлдирилган», дейилади прокуратура хабарида.

Шу куни соат 10:00 да воқеа жойига туман ИИБ навбатчилик гуруҳи, туман прокурори, туман прокуратураси терговчиси, вилоят экология бошқармаси ходимлари ва ИИБ махсус қуролланган жанговар гуруҳи чиқиб, воқеа жойи ва марҳумнинг жасади қолдиқлари кўздан кечирилган ҳамда СТE ва ДНК экспертизалари тайинланган.

Шунингдек, паркда мавжуд бўлган барча йиртқич ҳайвонлар саноқдан ўтказилиб, улар жой-жойида эканлиги ва катаклар маҳкамланган ҳолдалиги аниқланган.

Ҳозирда Паркент туман прокуратураси, тергов-тезкор гуруҳи ва экология вазирлиги ҳамда «Тошкент ҳайвонот боғи» ДМ мутахассислари томонидан зарур текширув ва суриштирув тадбирлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?