Тошкент давлат аграр университети делегацияси Малайзияда қатор ҳамкорлик келишувларига эришди

Малайзияда «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар» мавзусида биринчи Ўзбекистон – Малайзия таълим форуми бўлиб ўтди. Форум тантанали равишда икки давлат мадҳиялари янграши билан очилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Малайзия Олий таълим вазири Замбрй Абдул Кадир сўзга чиқиб, олий таълим соҳасида икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидладилар. Шунингдек, келгусида олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, академик мобиллик дастурларини ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш ҳамда илмий тадқиқотлар ҳажмини оширишга доир режалар белгилаб олинди.
Форумда Тошкент давлат аграр университети делегацияси ҳам иштирок этди. Хусусан, Султон Идрис номидаги педагогика университетида ўтказилган мазкур Форумда университет ректори Нарзулло Обломурадов «Ўзбекистонда яшил иқтисодиётга ўтиш: барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги» мавзусида тақдимот қилди.
Бундан ташқари, қатор етакчи компания ва университетларга ташриф буюриб, муҳим келишувларга эришди. Жумладан, университет делегацияси Малайзиянинг Пелабуҳанг Кланг шаҳрида жойлашган DTS Group компаниясида бўлиб, корхона раҳбари Раймонд Теа Чин Кеонг меҳмонларни компаниянинг тарихи ва фаолияти билан таништирди. Учрашувда балиқ етиштириш ва қайта ишлашда илғор технологиялар алмашинуви, замонавий балиқчилик фермаларини ташкил этиш тажрибалари ҳамда маҳсулотларни сақлаш ва экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди. DTS Group бугунги кунда балиқ маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича Малайзиянинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланиб, инновацион ёндашуви билан ажралиб туради.
Шунингдек, ТДАУ делегацияси Малайзиянинг CAG (M) SDN. BHD консалтинг компанияси вакиллари билан учрашиб, чорвачилик ва балиқчилик соҳаларида ҳамкорлик меморандуми имзолади. Ушбу келишув доирасида инновацион технологиялар ва илғор усулларни жорий этиш, олимлар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда халқаро стандартларга мос маҳсулот экспортини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Делегация, шунингдек, Малайзиянинг етакчи технологик ва телекоммуникация компанияларига ҳам ташриф буюрди. Хусусан, CelcomDigi компанияси офисида 5G ва сунъий интеллект технологияларининг қишлоқ хўжалигида қўлланилиши, рақамли технологиялар ёрдамида ақлли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва масофавий мониторинг бўйича илғор тажрибалар ўрганилди.
Бундан ташқари, ТДАУ делегацияси Малайзиянинг етакчи университетларидан бири бўлган Asia Pacific University of Technology & Innovation (APU) га ташриф буюриб, ушбу олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик меморандуми имзолади. Келишувга кўра, университетда Ўзбекистон – Малайзия инновация маркази ташкил этилиши ва қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор рақамли технологиялар жорий этилиши кўзда тутилган.
Мазкур ташриф ва имзоланган келишувлар ТДАУнинг халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг