Тўққиз йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 20 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган

18:49 16 Декабрь 2025 Сиёсат
259 0

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ва келгуси йилга янги марраларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.

Сўнгги йилларда пойтахтимизда улкан ўзгаришлар юз бергани таъкидланди.

Ўтган тўққиз йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 20 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилди, 5 мингга яқин йирик лойиҳа ишга тушди. Жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 2017 йилдаги 71 доллардан 2,2 минг долларга ошди.

Шаҳарда тижорат майдонлари 14 карра кўпайиб, 67 миллион квадрат метрга етди, тадбиркорлар сони 140 мингга яқинлашди.

Бунёдкорлик ишлари, янги қурилган савдо-сервис ва кўнгилочар объектлар «тунги иқтисодиёт»ни ривожлантирди. Туну кун ишлайдиган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сони 3 мингдан ошди.

«Шаҳар пиёдалар учун» тамойили асосида маҳалла ва кўчаларда ижобий ўзгаришларни одамлар кундалик ҳаётида сезаётганини ўзлари айтмоқда. Тошкентга 1 мингта замонавий электробус ва автобус олиб келиниб, 168 та янги йўналиш очилди. Қўшимча 33 километр метро линияси ва 21 та янги станция қурилди. Яшнобод, Миробод, Сергели, Янгиҳаёт ва Юнусободдаги 1 миллионга яқин аҳолига метро хизматлари яқинлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?