Тўқимачилик кластери: хомашё қўшимча қийматли маҳсулотга айланмоқда
Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Ғиждувон туманидаги Районобод қишлоғида истиқомат қилаётган Гуллола Умрзоқова мактабни битиргач, уйда ўтириб қолди. Тенгқурларининг баъзилари олий ўқув юртида ўқишди, айримлари ҳунарли бўлишди. ”Мен ҳам меҳнат қилишим, ота-онамнинг қанотига киришим керак”, деган ўйда юрган қиз “Парвоз Хумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамияти ҳақида эшитди-ю умид билан туман марказига йўл олди.
— Ниятимга етдим, — дейди у. — Шу корхонада калаваловчи оператор вазифасида ишлаяпман. Бу ерда ёшларга қайишадиган инсонлар кўп экан. Улар кўмагида касб сир-асрорларини ўргандим. Тўғри, қишлоғимиз бу ердан чамаси ўн километр олисда. Лекин бу менга ўхшаб узоқдан қатнаб ишлаётганлар учун муаммо эмас. Корхона томонидан автобус ажратилган. Тушлик ҳам берилади.
Корхонада айни пайтда 4 минг 368 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти яқин-яқинга қадар Гуллола сингари ўзига муносиб иш излаб юрган ёшлардан иборат.
— Корхонамиз тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, — дейди масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нурали Боқиев. — Бугунги кунда уни пахта-тўқимачилик кластери, дея баралла айта оламиз. Негаки, таркибида кластерга хос барча технологик жараён мавжуд. Мен бу ўринда чигит экиш, хомашё етиштириш, уни бирламчи қайта ишлаш, балки ип-калава ишлаб чиқариш, матони тўқиш, бўяш ва унга гул босиш, тайёр кийим-кечаклар тайёрлаш билан боғлиқ занжирсимон тизимни назарда тутяпман. Бу бизга қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беряпти. Рақамлар тили билан айтганда, ҳозир бир килограмм толанинг нархи 18 – 20 минг сўм атрофида туради. У калавага айлантирилса, баҳоси 28 – 30 минг сўмга чиқади. Тайёр кийим ҳолига келтирилса бу маблағ 90 минг сўмга айланади.
Корхонада нафақат маҳаллий, балки хорижий мутахассисларни ҳам учратиш мумкин. Уларнинг бой тажрибаси “Парвоз Хумо Равнақ Транс”га халқаро андазаларга мос маҳсулотлар тайёрлаш имконини бермоқда. Жамоа ҳамкорлари қаторида Польша, Италия, Россия, Туркия, Эрон, Швейцария, Германия, Япония каби қатор давлатлар вакилларининг борлиги ҳам шундан далолат.
— Бу ерда чигит экишдан тортиб, хомашёни тайёр маҳсулотга айлантиргунга қадар бўлган технологик жараён оқилона йўлга қўйилган, — дейди туркиялик мутахассис, корхона технологи Салоҳиддин Ишлар. — Маҳсулотларимиз Европа бозорларида харидоргир. Кейинги йилларда органик пахта етиштириш борасида ҳам яхшигина тажриба тўпланди. Жорий йилда 1050 гектар майдонда етиштирилган шундай хомашёни халқаро аудитдан ўтказиб, тегишли сертификатга эга бўлдик. Бу бизга экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш, буюртмачилар сафини янада кенгайтириш сари йўл очмоқда.
Маҳсулот сифати шубҳасиз, технологик ускуналарга ҳам боғлиқ. Корхона Германия, Швейцария каби саноати ривожланган давлатлардан харид қилинган дастгоҳлар билан жиҳозланган. Йигирув цехи бошлиғи Тоҳир Болтаевнинг таъкидлашича, бу “ақлли” машиналарнинг иш унумдорлиги юқори, энергиятежамкор. Чунончи, уларда жами 1824 та камера мавжуд. Бу ип ўрашни илдамроқ бажариш имконини беради. Турдош корхоналардаги 1700 камерали дастгоҳлар билан қиёслаганда кўп иш бажарган ҳолда электр энергиясини 20 фоизгача тежайди.
Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида мазкур корхона фаолияти билан яқиндан танишган, янги иш ўринлари яратиш, малакали кадрлар тайёрлаш каби масалалар юзасидан тавсиялар берганди. Натижада корхона Бухоро муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликка киришди. Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикасида дуал ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди.
— Бу талабаларимиз учун айни муддао бўлди, — дейди институт ўқитувчиси Сабоҳат Пўлатова. — Негаки, илгари уларда олган назарий билимларини амалда қўллаш имконияти чекланган эди. Ҳозир эса кўриб турганингиздек, талабаларимиз корхонанинг кенг ва шинам аудиторияларида ўқиб, тушдан сўнг шу ерда амалиёт ўташмоқда. Улар учун корхона томонидан махсус автобус ажратилган, бепул тушлик ҳам бериляпти.
Бу каби кенг қамровли ишлар тўқимачилик кластери жамоасининг дастини узун қилмоқда. 2021 йилда унинг таркибидаги корхоналар томонидан 457 миллиард сўмга тенг товар ва хизматлар сотилган ва шунинг 16 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорти ташкил этган эди. 2023 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 641 миллиард сўм ва 33 миллион АҚШ долларига етди. Иқтисодий самара ижтимоий лойиҳаларни ҳам амалга ошириш учун шарт-шароит яратяпти. Мана, бир мисол. 2018 – 2020 йилларда кластер томонидан қиймати 30 миллиард сўмга тенг кўп қаватли замонавий уй-жойлар барпо этилди. 33 та кам таъминланган оилага ва 17 нафар ишчи-ходимга беғараз уй-жой ажратилди.
Муҳими, кластер жамоаси бу натижалар билан чекланиб қолиш ниятида эмас. Яқин уч-тўрт йил оралиғида қиймати 22 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бу 3 мингта янги иш ўрни яратиш, йиллик экспорт ҳажмини 50 миллион АҚШ долларига етказиш имконини беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг