«Томорқага бутунлай қарашимиз ўзгарди»

16:13 08 Апрель 2025 Жамият
91 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Чўп суқсак, кўкарадиган еримиз бор. Меҳр берсак, бир бўлаккина ердан ҳам барака топиш мумкинлигини Жарқишлоқлик томорқа эгаси Одил Холбоев ўз ҳаёти мисолида исботлаб берди. Ундан иборат олиб кўча ўртасидаги деворни тешиб, сўнгра дарча ўрнатиб, қўни-қўшниларига «Кока-кола»ю сақич сотадиганлар ҳам томорқасида ишлай бошлайди. Ҳозир маҳалладошларининг ҳеч бири шу дарчадан бошини чиқариб, писта ёки хўрозқанд оларманнинг қадамини пойлаб ўтирмайди. Ҳар бирининг хонадонидаги иссиқхоналарда турли хил сабзавотлар ва мевалар етиштирилади.

— Куз бошланиши билан кўкатлар экиб, янги йилгача ҳосилни йиғиб оламиз, — дейди томорқачи Одил Холбоев. — Ёзда плёнкани олиб ташлаб, ўрнига бошқа экин экамиз. Томорқачиларга кўмак бўлиши учун «Ўрташиқ агро» корхонаси билан шартнома тузилган. «Агромир» корхонаси маҳсулотни харид қилади. Ишонч билан айтганда, деҳқон етиштирган маҳсулот харидорсиз қолмайди. 8 сотих иссиқхонада икки мартадан редиска ва кўкатлар, кейин помидор, бодринг ҳосилидан 70-80 миллион сўм даромад оламиз.

Пахтачи туманида ҳам томорқасидан яхшигина даромад олаётган оилалар кўп. Туманнинг Ҳунармандлар маҳалласида яшовчи Бобоқул Норбўтаев шундай омилкорлардан бири. Унинг 9,5 сотихли 2 та иссиқхонасида асосан тувак ва дала гуллари етиштирилмоқда. Бир-биридан чиройли, турфа хил гул кўчатлари ўстирилаётган 4,5 сотихли ойнаванд дала остидаги биринчи иссиқхонага кирган киши ўзини гўё истироҳат боғи ёки афсонавий гулзорлар орасига тушиб қолгандек ҳис қилади. Бу ерда ўстирилаётган гиран, ҳамиша баҳор, виола, алоэ, бананза, Хитой жаннат гуллари, катарантус, питуня, салвия кўчатлари кишига ўзгача кайфият улашади.

— Бугунги кунда термостат усулида тикланган иссиқхонамизда етиштирилаётган қарийб 30 навга яқин 40 минг тупдан зиёд гул кўчатлари нафақат туман маркази, балки Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғлари ва марказий кўчалар атрофига ҳам экилмоқда, — дейди Бобоқул Норбўтаев. — Томорқада етиштирилаётган гул кўчатлари орқасидан йилига 200-250 миллион сўм даромад кўряпмиз.

У гул кўчатлари етиштиришдаги тажрибаларини ошириш, илғор иш услубларини ўрганиш мақсадида бир неча марта Тошкент, Наманган шаҳарларида ўтказилган «Гуллар сайли»да иштирок этиб келмоқда. Гулчилик билимдонлари томонидан берилган тавсия, маслаҳатларни олиб кам бўлмади. Нозик касб сир-асрорларини ҳамқишлоқлари билан баҳам кўриб, уларни ҳам гулчилик соҳасига қизиқтирмоқда. Меҳнатлари эвазига «Илғор томорқачи» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Иштихон туманининг Бешариқ маҳалласи фермер хўжаликлари ҳудудидан ишсиз ёшлар учун ажратилган ер майдонининг 1 гектарига экилган малина кўчатларини кўриб ҳавасингиз келади. Бекорчидан худо безор, деган гап бор. Кўп ёмон иллатлар бекорчиликдан келиб чиқади. Маҳалла ёшларидан бири Сарвара Ҳуббимова «Олма пиш, оғзимга туш» деб ўтирадиганлардан эмас.

— Ишлагим келади, аммо нима қиларимни билмайман. Бир неча йил ишсизликдан қийналиб юрдим, — дейди С.Ҳуббимова. — Ўтган йили аукцион савдоси орқали ижарага ер берилаётганини эшитдим. Унда қатнашиб уйимизга яқин жойдан 30 сотих ер ютиб олдим. Бу йил баҳорда маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси ва банк ходимлари маслаҳатига кўра, қўшниларим билан ижарага олган ер майдонимизда малина етиштиришни бошладик. Туманда янгилик бўлган бу юмуш билан шуғулланиш осон эмас. Шунинг учун малиназор барпо этиш сир-асрорини жомбойлик деҳқонлардан ўргандим. Аввало улардан кўчатларни сотиб олдим. Банк ходимлари имтиёзли кредит олишимизга кўмаклашди. Малина йилига икки марта ҳосил беради. Яхши натижа кутиб турибмиз. Насиб бўлса, кредитни вақтида қайтариб, рўзғоримизга даромад келтирамиз.

Туманнинг Бешариқ маҳалласи Қозоқовул қишлоғидаги Тамара Султонова хонадонининг ҳовлисидаги томорқа майдони бор-йўғи 5 сотих. Бир қарич ери бўш турмайди.

— Ҳар йили февралнинг илк кунларида томорқамизнинг 4 сотихига қўлбола иссиқхоналар қурамиз, — дейди хонадон бекаси Т.Султонова. — Бу ерда помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатларини етиштирамиз. Мартдан бозорга чиқаришни бошлаймиз. Бўшаган жойга яна уруғ қадаймиз. Июлга қадар 3-4 марта кўчат етиштириб сотамиз. Кейин иссиқхонани бузиб, жойига карам ёки маккажўхори экамиз. Шу ернинг ўзидан йилига 70-80 миллион сўм даромад топяпмиз. Бир неча йилдан бери томорқадан топганимиз эвазига уйимизни таъмирладик, тўйлар қилдик. Ҳовлида турган «Малибу» ҳам шу ернинг орқасидан.

Томорқа ободлиги натижасида хонадонлар кўркамлигига, ишсизлик муаммосининг бартараф этилишига эришилмоқда. Жорий йилда Самарқанд вилоятида 62,5 минг гектар аҳоли томорқаларида ҳамда 22,6 минг гектар ижара ер майдонида полиз-сабзавот, картошка, дуккакли ва бошқа сердаромад экинлар экиш чоралари кўрилмоқда. Орамизда қанча кўп томорқа ер майдони бўлса ҳам ундан самарали фойдаланмасдан бўш қолдирадиганлар ҳам йўқ эмас. Булар юқоридаги томорқачилардан ўрнак олсалар, айни муддао бўларди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?