Аҳоли фаровонлиги ва иқтисодиётимиз тараққиёти йўлидаги улкан қадам

08:57 20 Июль 2018 Иқтисодиёт
2358 0
Иллюстратив фото

Ҳаётимизни электр энергиясисиз тасаввур қилиш мушкул. Ҳар дамда, ҳар соҳада ушбу ресурсдан фойдаланамиз. Шуниси аниқки, бугунги ахборот-коммуникация технологиялари даврида тараққиёт сари илдам одимлар эканмиз, электр энергиясига талаб йил эмас, ой эмас, кун сайин ортиб бораверади.

Ўзбекистон ер усти ва ер ости бойликларга бой мамлакат сифатида эътироф этилади. Аслида ҳам шундай. Аммо “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас”, деган нақлни ёддан чиқармаслик лозим. Гап шундаки, айни пайтда олдимизда турган долзарб масала электр энергиясидан тежаб-тергаб фойдаланишдир.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда йилига 64 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Унинг 70 фоизи табиий газ, 13 фоизи кўмир, 3 фоизи эса нефть ҳамда мазут ёқиш орқали олиняпти. Қолган 14 фоизи гидроэлектростанциялар ҳиссасига тўғри келади.

Бу — ҳозирги ҳолат. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб, бугунги 64 миллиардлик эҳтиёж 117 миллиард кВт/соатга етар экан. Демак, шундай давом этаверсак, харжланаётган углеводород хом ашёси миқдори ҳам шунга яраша ошаверади. Соддароқ айтганда, битта эҳтиёжни қоплаш учун ундан кам бўлмаган бошқа ресурсни сарф қилишга тўғри келмоқда. Хўш, ушбу масалаларга қандай самарали ечим топиш мумкин?

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳиятига кўра худди шу каби масалаларни ҳал этиб беради.

Ҳукумат қошида янгидан ташкил этилаётган агентлик зиммасига мамлакатда атом энергияси ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш ҳамда ривожлантириш билан бирга, яна кўпгина вазифалар ҳам юкланган.

— Ҳозирги пайтда электр энергиясининг таннархини тушириш учун икки йўналишда иш олиб бориляпти, — дейди “Ўзбекэнерго” АЖ бошқарма бошлиғи Исо Саъдуллаев. — Биринчидан, эски энергия блоклари ўрнига янгисини қуриш чоралари кўрилмоқда. Бу билан газ сарфи икки баравар камаяди. Иккинчиси, атом электр станцияси билан боғлиқ. Бунда газ ва кўмир ёқилмайди, фақат урандан фойдаланиш ҳисобига электр энергияси ҳосил қилинади.

Очиғи, шу пайтга қадар атом энергияси борасида олимлару мутахассисларнинг фикри турлича бўлиб келган. Яъни атом энергиясидан олинадиган фойда ва унинг хавфсизлик даражаси тарозининг икки палласига қўйилган. Лекин бугунги ҳисоб-китоблар ўша тарозининг биринчи палласи босиб кетаётгандек тасаввур беради. Боиси атом электр станциялари Ер юзида тобора оммалашмоқда.

Фанлар академияси тақдим этган маълумотларга қараганда, айни пайтда жаҳоннинг 55 мамлакатида 430 та атом энергоблоги мавжуд. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 30 фоиз ошиши кутилаётир. Бундан ташқари, шу кунларда дунёнинг 15 давлатида 57 та энергоблок қурилиши давом этяпти. Атом электростанцияларидан фойдаланиш харажати узоғи билан 5 — 7 йилда ўзини батамом оқлар экан. Демак, иқтисодий самарадорлик ҳам юқори.

— Атом электр станциясидан олинган энергиянинг таннархи ҳозирги кунда энг паст ҳисобланади, — дейди Ядро физикаси институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов. — 20 грамм уран оксиди таблеткаси битта ядро ёқилғиси ичида бўладиган бўлса, шу энергияни олиш учун 560 кг. кўмир ёқиш керак. Агар бугунги кундаги барча атом электр станциясини тўхтатиб, уларнинг ўрнига шу миқдордаги электр энергиясини иссиқлик электростанцияларидан оладиган бўлсак, ҳар йили атмосферага 380 миллион тонна карбонат ангидрид гази чиқишига сабабчи бўлардик. Иссиқлик энергетикасида, масалан, кўмир ёқилғиси билан ишлайдиган электростанцияларни оладиган бўлсак, бир йилда ўртача 6 миллион тоннагача кўмир керак. Уларни ёқиш натижасида 2 миллион тоннадан ортиқ кул ҳосил бўлади. Атмосферага жуда кўп миқдорда карбонат ангидрид гази билан бирга, кўпгина радиактив элементлар ажралиб чиқади. Булар — атом энергетикасига нисбатан 10-11 баробар кўп, дегани.

Татбиқ этилган ҳужжатлар энергетика мустақиллиги билан боғлиқ сиёсатга сезиларли ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, Фармонда бу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган бўлса, қарор билан очилаётган янги агентлик зиммасига ана ўша тадбирларни давлат номидан амалга оширувчи идоранинг аниқ манзили пайдо бўлди.

Агентликнинг зиммасига эса атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни жорий этиш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш ишларини ташкил этиш бўйича битимлар ва шартномалар тузиш, тадқиқот ҳамда энергетика атом реакторларини, ядро-физика қурилмаларини, ядро материалларини ҳамда радиация манбаларини сақлаш шохобчаларини, радиактив чиқиндиларни кўмиш ишларини ривожлантириш, уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш каби вазифалар юклатилди.

Шунингдек, ядро материаллари ва технологиялари, радиактив материаллар тарқалмаслигини, ядро ҳамда радиациявий хавфсизликни таъминлаш ва ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш, кадрларни, жумладан, етакчи хорижий институтларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, Халқаро атом энергияси агентлиги, Атом энергияси бўйича Европа ҳамжамияти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам киритилди.

Атом электр станцияларининг хавфсизлиги масаласи жуда кўп баҳсларга сабаб бўлди. Хўш, бу ҳақда мутахассислар нима дейди?

Илҳом Содиқовнинг таъкидлашича, айни пайтда қурилаётган янги типдаги замонавий АЭСда турли босқичларда 27 тадан 30 тагача фаол ҳамда нофаол ҳимоя чоралари кўрилган. Инсон фактори деярли йўқ. Бирор хавфли вазиятни юзага келтириш имконсиз. Чунки тизим автоматик равишда хавфни сезади ва тўхтатиб қўяди.

Ҳужжатга кўра, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини, 2019 — 2029 йиллар даврида Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини ҳамда бошқа тегишли дастурларни ишлаб чиқиш ва ундаги вазифаларни амалиётга татбиқ этиш режалаштирилган.

Демак, вазифалар аниқ. Кутилаётган натижалар ҳам улкан. Мазкур йўналишдаги ишлар тизимли йўлга қўйилса, 2030 йилга бориб, шу тадбирларнинг ўзидан ялпи ички маҳсулотимиз яна 3 миллиард АҚШ долларига ошиши, маҳаллий пудратчилардан тушадиган тушум ҳам шунча, яъни 3 миллиард долларни ташкил этиши, қўшимча солиқ тушумлари 500 миллион АҚШ долларига етиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 100 миллиард кубометр табиий газни иқтисод қилиш эвазига уни ички истеъмолга ва ёхуд экспортга йўналтириш мумкин. Қўшимча равишда 6,5 минг нафар одам иш билан таъминланади.

Келажакни ўйлаб қабул қилинаётган ушбу ҳужжатларнинг мақсад-муддаоси аниқ: халқимизни, иқтисодиётимизни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, шу орқали улар турмуш фаровонлигини янада ошириш, табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиб, уларни кейинги авлод вакилларига ҳам қолдиришдир.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази материаллари асосида 
Раҳим ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?