Тилга хизмат — бутун миллатга хизмат
Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб 21 октябрь — Ўзбек тили байрами шукуҳи кезиб, юртдошларимиз қалбига ушбу улуғ шодиёнанинг сўнмас нафаси тобора кириб бормоқда. Хусусан, тантаналар азим Тошкентда ҳам айрича меҳру муҳаббат билан нишонланмоқда.
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида икки кун давом этган “Ўзбек тили учун” номли йирик маданий-маърифий тадбир ҳам ўзгача кайфият ва сурурда бўлиб ўтди.

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг асосий мақсади — давлат тилининг жамиятдаги нуфузини янада ошириш, ёшлар онгида она тилига меҳр ва ҳурмат туйғусини уйғотиш, навқирон авлодни замонавий тафаккурга эга баркамол шахслар сифатида тарбиялашдан иборат.
20 — 21 октябрь кунлари бўлиб ўтган йиғинда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилаётган “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Устоз AI”, “Wikimarafon”, “Uzchess”, “Қизлар академияси” ва “Миллий караоке”, “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳалари ҳам йиғилганлар эътиборига тақдим этилди.

Тадбирнинг ўзаги — нафақат тилимиз нуфузини ошириш, балки халқимизнинг ўқиш маданияти, илмий тафаккур ва таҳлилий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси бўлди.

Тантананинг биринчи куни айнан “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси тақдимоти билан бошланди. Аввалда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев сўзга чиқиб, меҳмонларни байрам билан қутлади ва ёшлар ташкилоти томонидан амалга оширилаётган ишлар борасида сўз юритди.
Шундан сўнг, лойиҳа юзасидан видеоролик намойиш этилди, ҳисобот тақдимоти ва лойиҳа ижодкорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
— “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати таржима жараёнига 180 нафардан ортиқ мутахассис, таржимон, муҳаррир ва дизайнерларнинг жалб этилганидир, — деди лойиҳа менежери Элдор Асанов. — “Академнашр”, “Asaxiy Books”, “Забаржад Медиа”, “Cosmos Books”, “Ижоднашр” каби етакчи нашриётлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган бу ишлар Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда тан олинаётган илмий ва адабий таржима марказига айланиш йўлида муҳим қадамлардандир. Китобларнинг босма ва электрон нусхалари мамлакатдаги кутубхоналар, таълим муассасалари ҳамда Миллий кутубхона фондига бепул етказилади. Айни кунларда “Китоблар карвони” орқали янги нашрлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларига етказилмоқда, марказий кутубхоналар эса уларни ўз фондларига қабул қилиш жараёнини бошлади.

Дарҳақиқат, ушбу лойиҳа навқирон авлод вакилларининг интеллектуал салоҳиятини ошириш, илмий ва бадиий тафаккурни уйғун ривожлантириш, таржима мактабини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Қувонарлиси, лойиҳа қисқа муддатда яхши натижаларга эришди, хусусан, бу пайтгача сара 50 та асар ўзбек тилига таржима қилиниб, 27 таси нашр этилгани сўзимизнинг тасдиғидир. Маълумотларга кўра, яна ўнлаб китоблар чоп этилиш арафасида.
Тадбирнинг иккинчи куни ҳам қизғин кечди. Унда ёшлар, ижодкорлар ва ОАВ вакиллари учун фотозоналар, китоб ярмаркалари, филм премьералари ҳамда интерактив викториналар ташкил этилди. Шунингдек, “Мутолаа” филмининг премьераси, “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси таржимонлари билан учрашув, “Wikimarafon” ғолибларини тақдирлаш маросими ва миллий мултимедиа контент намойишлари бўлиб ўтди.
Умуман олганда, тадбирлар давомида тақдим этилган лойиҳалар нафақат ёшлар фаолиятининг турли йўналишларини қамраб олгани, балки уларнинг ҳар бири она тилининг фидойи тарғиботчилари, миллий руҳ ва замонавий тафаккурнинг бирлашган тимсоллари сифатида шакллантирганини кузатиш мумкин.

Мисол учун, “Ибрат фарзандлари” лойиҳасини олайлик. У ёш авлод ўртасида ўзбек тилида нотиқлик, нутқ маданияти ва ижодий ифода кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган. “Wikimarafon” эса ўзбек тилидаги онлайн контент ҳажмини ошириш, Википедияда сифатли мақолалар яратиш ва миллий меросни рақамли маконда кенг тарғиб этишни зиммасига олган. “Бек ва Лола” лойиҳаси ёш томошабинларга ўзбек тилида яратилган янги авлод анимацион маҳсулотларини етказмоқда. “Мутолаа” лойиҳаси эса ўқиш маданиятини қайта тиклаб, сўз, фикр ва ўзбек тилининг қудратини ёшлар қалбида уйғотувчи ҳаракатга айланган. “Устоз AI” лойиҳаси ўзбек тилининг рақамли технологиялар тилига айланиш йўлидаги дадил қадамдир.

Умуман, тадбир давомидаги барча лойиҳалар фаолияти, ғоялари ва руҳи билан “Тилга хизмат — миллатга хизмат” ғоясини амалий ифода этди.
Қайд этиш даркор, бундай ташаббуслар натижасида ўзбек тилидаги замонавий контент ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу жараён эса нафақат тилни ривожлантириш, балки уни глобал коммуникация тили сифатида шакллантиришга туртки беради.

“Ўзбек тили учун” тадбири моҳиятига кўра она тилининг замонавий жамиятдаги ўрнини мустаҳкамловчи ёшлар ҳаракатига айлана олди, десак, муболаға эмас. Шунингдек, у ёшлар қалбида она тилига садоқат, миллий ғурур ва замон билан ҳамнафаслик руҳини кучайтириши билан ҳам аҳамиятлидир.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг