Бухоро давлат тиббиёт институтига қабул қилинган талабалар қасамёд қабул қилди

Aбу Aли ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг 1-босқич талабалари аллома туғилиб ўсган Пешку туманидаги Афшона қишлоғида буюк табиб ҳайкали пойида қасамёд қабул қилиш маросими олийгоҳ ташкил этилган кундан буён анъанавий тарзда давом этмоқда.
Шифокорлик — шарафли ва айни дамда ўта масъулиятли касб. Бу заҳматли фаолиятга умрини бахшида этмоқчи бўлган ёшлар келгусида нафақат эгнидаги оқ либоси, балки қалбига ҳам гард юқтирмасликлари лозим.
Беморларга ўз жон-жигарлари, яқинларидек муносабатда бўлиш учун эса, аввало, покиза ният, олижаноб мақсад ва қатъий аҳд зарур! Тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг қасамёди шуниси билан аҳамиятли.
Бугун Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг 1-босқичига қабул қилинган йигит-қизлар иштирокида “Шифокорликка қасамёд” тадбири бўлиб ўтди.
Айтиш керакки, ҳар ўқув йилида бўладиган ушбу анъанавий маросимда таълим муассасасининг 1-босқичига қадам қўйган талабалар тантанали равишда қасамёд қилади.
Жорий йилда ҳам институтга қабул қилинган 1025 нафар бўлажак шифокорлар бугун 6 сентябрь куни — институт ташкил топган кунда касбига садоқатли бўлиш, ҳар қандай шароитда тиббий ёрдам кўрсатишга, ўз манфаатига берилмаслик учун бор куч ва ғайратини сарфлашга, ҳалол бўлишга қасамёд қилди. Абу Али ибн Сино ёдгорлик пойига гуллар қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Ёшлар фикрлар ва ишлар поклиги, юксак ишонч ва ажралмас нажот рамзи сифатида оқ халат кийишнинг рамзий маросимини ўтказишди.
Таъкидлаш лозим, мазкур олийгоҳ мамлакатимиздаги энг етакчи тиббиёт олий таълим муассасалари ҳисобланади. Август ойида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев мазкур институтда бўлиб, профессор-ўқитувчилар билан бўлган учрашувда ҳам алоҳида таъкидлаган эди.
Ҳозир ўқув юртининг даволаш, тиббий-педагогика, тиббий-профилактика, тиббий-биология, ҳарбий-тиббий ва олий ҳамширалик иши каби факультетларида 10 минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Қувонарлиси, шулардан 2 мингга яқини хорижлик талабалар ҳисобланади.
Талабаларнинг қасамёд қабул қилиш тадбирида Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев, Пешку тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров ҳамда шу кунларда Бухоро вилоятида ўтказилаётган “Биринчи Ўзбекистон — Исроил академик форуми”да иштирок этаётган исроиллик олимлар, ректорлар иштирок этишди. Тадбир доирасида Абу Али ибн Сино музейига саёҳат ҳам ташкил қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг