Тежалган ҳар томчи сув келажак авлод фаровон ҳаёти омили
Дунёда чучук сув захиралари йил сайин чекланиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, бугун сайёрамизнинг 2,2 млрд. аҳолиси ичимлик суви таъминотининг танқислиги шароитда яшамоқда. Яқин ўн йилликда эса Ер шарининг ярмида одамлар ичимлик суви билан боғлиқ кескин муаммоларга дуч келиши эҳтимоли мавжуд.
Сув танқислиги муаммоси Марказий Осиё минтақасига ҳам дахлдор. Чунончи, мамлакатимизда ҳам аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сувнинг қадрига етиш, ундан фойдаланиш маданияти долзарблигича қолмоқда.
Биргина Навоий вилоятини оладиган бўлсак, атиги икки йил аввал ҳудуд аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 68,2 фоизни ташкил этиб, 61 та маҳалла ичимлик суви таъминоти оғир ҳудуд деб эътироф этилган. Умумтаълим мактабларининг 127 таси муқобил манбалар орқали сув билан таъминланар, 59 та мактабга обиҳаёт ташиб етказилар эди. Мактабгача таълим, тиббиёт муассасаларида ҳам аҳвол бундан ёмон бўлиб, аксарият ҳудудларга ичимлик суви маълум соатларда, алоҳида график асосида берилишини инобатга олсак, юқоридаги рақамларга ҳам ишонгингиз келмайди.
Албатта, бу муаммолар энг аввало узоқ йиллар мобайнида йиғилиб қолган бўлиб, сўнгги йилларда уларни бартараф этиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 31-мақсадида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш вазифалари белгиланган.
Фикримизни яна Навоий вилояти мисолида далиллайдиган бўлсак, аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбир ва дастурлар асосида хайрли ишлар амалга оширилиб, ўтган йил якуни билан аҳолининг чучук сув билан таъминланганлик даражаси 84,7 фоизга етказилди.
— Вилоятимизда 2023 йилда барча манбалар ҳисобидан ажратилган 265 млрд. сўм маблағлар эвазига 1 066,7 км ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 28 дона ичимлик сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, — дейди “Навоий сув таъминоти” акциядорлик жамияти директори Отабек Зарипов. — Бунинг натижасида 90 296 нафар аҳолини илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминлаб, 36 415 нафар аҳолини марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилашга эришилди.
Албатта, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қувурлар тортиш билангина ечиладиган муаммо эмас, Бунинг учун энг аввало барқарор сув манбаи ҳам бўлиши, улар чучуклантирилиши, тозаланиб, истеъмолга яроқли даражада қайта ишланиши зарур. Шу мақсадда вилоятда Халқаро Молия институтлари иштирокида йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Республикамиз Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “Франция тараққиёт агентлиги иштирокида “Навоий вилояти Кармана туманида оқова сув тизимларини қуриш” ҳамда “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Франция тараққиёт агентлиги иштирокида 2022-2027 йиллар давомида қиймати Кармана туманида 30,79 млн. доллар бўлган оқава сув тизимини қуриш лойиҳаси кўзда тутилган.
— Мазкур лойиҳани амалга ошириш муддати 2027 йил этиб белгиланган, — дейди “Навоий сув таъминоти” корхонаси матбуот хизмати раҳбари Лобар Дўстова. — Натижада тумандаги 14 та МФЙда 54,9 минг аҳоли оқова сув хизматидан баҳраманд бўлади. Таъминланганлик даражаси 90 фоизга етказилади.
Кези келганда сув таъминоти билан боғлиқ масаланинг яна бир томонига эътибор қаратмоқ жоиз. Яъни, аҳоли ва улгуржи мижозларнинг фойдаланилган ичимлик суви учун тўлов интизоми ҳамон долзарблигича қолмоқда.
— Корхонамиз томонидан 2023 йил давомида истеъмолчиларга 8 746 216 м3 ҳажмдаги ичимлик суви етказиб берилди, — дея сўзида давом этади О. Зарипов. — Шундан 7 612 386,76 м3 биринчи гуруҳ яъни, аҳоли истеъмолчиларига етказиб берилган бўлса, қолганлари бюджет ва бошқа юридик ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади.
Йил давомидаги истеъмол қилинган ичимлик суви учун қарздорликлар бўйича 476 та аҳоли истеъмолчиларига 1 млрд. 095,1 млн. сўмлик ва 21 та юридик истеъмолчиларга 16 млрд. 539,2 млн. сўмлик, жами 497 та
7 млрд. 634,2 млн. сўмлик даъво аризалари киритдик. Натижада 372 истеъмолчининг 1 млрд. 161,6 млн. сўм миқдоридаги қарздорликлари бўйича суднинг буйруғи ва ҳал қилув қарорлари қабул қилинди. 158 нафар истеъмолчининг 235,4 млн. сўмлик дебитор қарздорлиги ундирилиб, 214 истеъмолчининг 926,2 млн. сўм қарздорлиги мажбурий ундириш учун ижро органларининг иш юритувига юборилган.
Қўшимча қилиш жоиз, ўтган йил давомида жамият томонидан ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ўтказилган рейд тадбирлари давомида 97 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар томонидан сув таъминоти корхонасига 2 млрд. 682,0 млн. сўмлик зарар етказилганлиги расмийлаштирилган. Қоидабузарликларнинг 74 тасида ичимлик сувига ноқонуний уланишлар, 23 тасида сув ўлчагичдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ.
Афсуски, бугунги кунда аксарият ҳудудларда юртдошларимизнинг сувни тежаш маданияти шаклланмаяпти. Бунга исталган кун, исталган ҳудудга чиқиб ўнлаб мисоллар келтириш мумкин.
— Яқинда кечки пайт бир хонадонда меҳмонда бўлиб, ҳовлидаги қувурнинг жўмраги очиб қўйилганлигининг сабабини сўрасам, мезбон “совуқда музлаб қолмаслиги учун, атай охиригача бурамаганмиз”, деб жавоб қилди, — дейди меҳнат фахрийси Нурилло Очилов. — Меҳмонлигим сабаб енгилгина танбеҳ бердим. Ахир, яратганнинг буюк неъмати бўлган сувни тоза сақлаш, тежаб ишлатиш ва истеъмолда меъёрга риоя қилмаслик келажак авлод ҳаққига хиёнат қилиш эмасми? Сувни тежаш маданияти туриш-турмушимизнинг ажралмас қисмига айланмас экан, бу йўналишда сезиларли муваффақиятларга эришиш қийин бўлади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, бугун юртдошларимиз энг аввало, тоза сув истеъмол қилиш саломатликлари гарови эканлигини чуқур ҳис этишлари лозим. Қолаверса, бугун тежалган ҳар томчи сув келажак авлод фаровон ҳаёти омили ҳамдир.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг