Термизда ҳудудий саноат ярмаркаси: янги ҳамкорлик ва имкониятлар майдони
Термиз шаҳридаги “Термиз халқаро савдо маркази”да ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади. Ушбу ярмарка Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли трансформация маркази, “Airitom Free Zone”, Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси ҳамда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги, вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, холдинг компаниялари ва ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди. Афғонистон Ислом Республикасидан ташриф буюрган делегация аъзоларининг иштироки ярмарканинг халқаро аҳамиятини янада оширди.
— Мамлакатимизда саноат тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда тадбиркорлар фаолияти учун қулай шароит яратиш йўналишида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди тадбирни очиб берган Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов. — Бу жараёнда “Термиз халқаро савдо маркази” нафақат ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, балки Афғонистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Афғонистон делегацияси вакиллари ўз нутқларида бу каби саноат ярмаркаларининг ташкил этилиши икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо айланмасини кенгайтиришда катта имкониятлар яратишини қайд этди.
Айнан Термиз географик жиҳатдан Афғонистон бозорларига энг яқин ва қулай нуқта сифатида минтақавий ҳамкорликнинг марказий нуқтасига айланиб бормоқда.
Икки кун давом этадиган ярмаркада юзлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Тадбирнинг асосий мақсади — маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш, янги ҳамкорлик келишувларини имзолаш ҳамда буюртмалар портфелини шакллантиришдан иборат.

Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий хомашё базасидан самарали фойдаланиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Термизда ўтказилаётган ҳудудий саноат ярмаркаси шунчаки ишлаб чиқарувчилар кўргазмаси эмас, балки Сурхондарёнинг иқтисодий салоҳиятини намоён этувчи, янги инвестицияларни жалб этадиган стратегик платформага айланмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг