Термиз шаҳрида афғонистонлик 111 нафар битирувчига диплом топширилди

18:42 07 Июль 2023 Жамият
468 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналишида таҳсил олган 103 нафар афғонистонлик битирувчига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ҳамда “Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” йўналишида таҳсил олган 8 нафар битирувчига Тошкент давлат транспорт университетининг бакалавр дипломлари тантанали топширилди.

Тадбирда сўз олган марказ директори Ойбек Рўзиев, Афғонистоннинг Термиз шаҳридаги Бош консули Муҳаммад Идрис Заршуй ва бошқалар битирувчиларни қизғин муборакбод этишди.

Фото: “Халқ сўзи”

Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида хорижлик ёшлар 4 йил давомида таҳсил олишди. Машғулотларни самарали ташкил этиш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Тошкент давлат транспорт университетининг малакали профессор-ўқитувчилари ҳам жалб этилди.

— Таълим марказимиз фаолиятига жаҳоннинг кўплаб давлатлари катта қизиқиш билдиришмоқда, — дейди Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази раҳбари Ойбек Рўзиев. — Хусусан, бугунги кунда дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари — БМТ, ЕИҲТ ҳамда АҚШ, шунингдек, Германия, Словакия, Хитой, Жанубий Корея, Буюк Британия, Швеция, Япония, Ҳиндистон, Россия каби давлатлар билан марказимиз ўртасида илмий-амалий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ва таълим соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Фото: “Халқ сўзи”

Бу эса марказнинг моддий техника базасини янада бойитиш ҳамда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш орқали таълим жараёнининг сифатини ошириш, Афғонистон иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилувчи малакали кадрларни тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Битирувчиларнинг бир гуруҳи ўз йўналишлари бўйича ўқишни магистратура босқичида давом эттириш истагида бўлса, аксарияти ўз мутахассислиги бўйича Афғонистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш учун ўз юртига йўл олишади.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?