«Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандига Давлат бюджетидан бир марталик ёрдам пули ажратилади
Мамлакатимизда аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш масаласи бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири саналади.
Бу борада кам таъминланган оилаларга бизнесни бошлаши, доимий иш жойига эга бўлиши учун имтиёзли кредитлар ажратилиши, маиший техника воситаларининг берилиши уларнинг давлатимизга, келажакка бўлган ишончни ортишида муҳим ўрин тутмоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни бўш вақтларини самарали ўтказишига имконият яратишга қаратилган ишлар бугун ўз самарасини бераётир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июлдаги «Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори кам таъминланган оилаларнинг болаларини моддий таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.
Унга мувофиқ, ёшларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш мақсадида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Шунингдек, жорий йилнинг август ойида аҳолининг боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган фарзандларига, ногиронлиги бўлган 18 ёшга тўлмаган болаларга 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Мазкур қарорда «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандларига бир марталик моддий ёрдам пулларини тўлаш харажатлари – республика бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва бошқа органлардан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган фарзандларига, шунингдек, ногиронлиги бўлган 18 ёшга тўлмаган болаларга бир марталик моддий ёрдам пулларини тўлаш харажатлари эса бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда вазирлик ва идораларга ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши каби масалалар ҳам ўз ифодасини топган.
Бундан буён Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари сонидан келиб чиқиб, тўлов ведомостлари шакллантирилиши ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари орқали уларга моддий ёрдам пулларининг жорий йил 25 августга қадар манзилли етказилишини таъминлаган ҳолда, назорат қилиб боради.
Айтиш жоизки, аҳолини муносиб иш билан таъминлаш, тўлиқ ва самарали, оқилона бандлиги ва бунга тенг қийматли меҳнатни таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, меҳнат бозорининг мувозанатланганлиги ва инфратузилмасини таъминлаш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим устуворлиги сифатида ишсизлик даражасини қисқартириш каби масалалар партиямиз дастурида ҳам муҳим устувор вазифа сифатида белгиланган. Қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар одамларни манзилли ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш борасидаги фаолиятни янада кучайтиради. Оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар оилавий бюджети даромадларини оширишда ташаббускорлик кўрсатиб, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашдек амалий ишларга фаол иштирок этади.
Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг