Тарих ва тараққиёт туташган нуқта
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган уч минг йиллик тарихга эга Ахсикент ёдгорлиги дунёга юз тутмоқда. Биринчи Ренессансда гуллаб-яшнаган бу қадимий маскан икки юздан ортиқ Ахсикатийларни жаҳонга берган диёр. Аҳмад ал-Фарғонийдек юксак даҳо илм-фан марказига айлантирган манзил. Иккинчи Ренессансда Темурийзода амирлар тараққий топтирган Ахси. Учинчи Ренессанс остонасида қайта жон бахш этилаётган қадимий шаҳар. Айни пайтда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу масканда йирик археологик туризм мажмуаси барпо этилмоқда.
Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда қадимги Фарғона давлатининг пойтахти сифатида шаклланган бўлиб, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири. Тарихий манбаларда, хусусан, «Бобурнома»да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан унда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган. Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан ташкил топган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. Гарчи, 1620 йилдаги кучли ер силкиниши Ахси қўрғонини тамоман вайронага айлантирган бўлса-да, унинг номи, аждодлардан қолган осори-атиқалар асрлар қаърига сингиб кетмади. Ўз даврида «Фарғона шаҳарларининг онаси», деб улуғланган шаҳристон харобалари узоқ вақтлардан буён илмий жамоатчиликни қизиқтириб келмоқда.
Бундан бир неча йил муқаддам Президентимизнинг алоҳида эътибори билан ушбу тарихий меросни асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш ишлари янги босқичга кўтарилганини кўпчилик яхши билади. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг «Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган давлат унитар корхонаси ёдгорликни вилоятнинг муҳим сайёҳлик марказига айлантириш ишларини жадал олиб бормоқда.
— Сиртдан қараганда оддий тупроқтепага ўхшаб кўринган шаҳристоннинг остида катта маънавий хазина ётибди, — дейди Ахсикент археология парки директори Анвар Икромов. — Ҳар бир янги топилма, тикланаётган мерос шарофати билан тарихий ёдгорликнинг жозибадорлиги ортмоқда. Икки-уч йилдан буён бу ерда йирик туризм мажмуасини бунёд этиш баробарида илмий изланишларнинг асоси бўлган қазишма ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Айни пайтда объектда Ўзбекистон Фанлар академияси миллий археология маркази ва Самарқанд архитектура институти олимларидан иборат 30 кишилик экспедиция фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўн нафардан кўпроғи мавзу бўйича номзодлик диссертациясини ёзишга киришган. Бундан ташқари, Хитой ва Туркия давлатларидан келган бир қатор олимлар ҳам изланиш ишларига қўшилган. Муҳим жиҳати, тадқиқотлар жараёнида бир-биридан қимматли артефактларга дуч келиняпти. Улар қадимий давлатнинг бунёдкорлик салоҳияти, аждодларимизнинг турмуш тарзи, кундалик машғулотларидан дарак беради. Масалан, археологлар яқинда траншея қазиш жараёнида сўнгги эллик йилдаги энг нодир топилма – кенглиги 2,3 метрлик зинапояга дуч келди. Бу ердан 10 минг кубометр тупроқ чиқарилгач, йўлакнинг ўн иккинчи поғонаси очилди. Ер туби томон тўрт метр ковлаб кўрилганда сирли қурилманинг бус-бутун арклари кўзга ташланди.
Одатда, ёдгорликдан топилган ҳар бир ашё ёки қурилма тезкор тадқиқ қилиш учун мутахассисларга тақдим этилади. Асрлардан буён ер қаърида ётган ушбу объектни чуқурроқ ўрганиш жараёнида айнан шу нуқтадан етти метр шарқда қадимшунослар яна иккита ноёб ерости йўлларига дуч келишди. Дастлабки тахминларга кўра, ҳар икки арксимон йўлак илк топилган катта йўлга боғланади. Эътиборлиси шундаки, барча йўлаклар бутун, арксимон ҳолда, метро услубида нафислик билан пишиқ ғиштдан бунёд этилган. Бундан ташқари, италянча дея таърифланган раковина, ерости, пол ости иситиш тизими, нафис сопол қувурлари билан бутун ҳолатда топилган қўл ювиш воситалари ҳам айнан шу объектдан 2024 йилги қазувлар жараёнида топилди.
— Сирли йўлак топилмаси ўта ноёб ва уни асл ҳолича сақлаб қолишимиз керак, — дейди экспедиция раҳбари, тарихчи олим Абдулҳамид Анорбоев. — Айни вазиятни ҳисобга олган ҳолда қадимий объектнинг устини октябрь ойида узил-кесил ёпишимиз керак. Агар қурувчилар бунга улгуришмаса, яна устига тупроқ ташлаб консервация қилишимизга тўғри келади.
Шу ўринда ҳозирга қадар шаҳристонда олиб борилган археологик қидирувлар натижасида X-XII асрларда фаолият юритган ерости сув иншоотининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг ХИИИ асрнинг бошларига оид хоразмшоҳлар даврида қурилган мудофаа девори ва тураржой қолдиқлари, пишиқ ғиштдан қурилган гумбазли тагхона, маҳобатли тураржой қолдиқлари, Фарғона водийсида илк бор аниқланган қорахонийлар даври деворий расм намуналари ҳамда юқорида қайд этилган ерости иншоотлари ва нодир қурилмалар, бошқа кўплаб ашёлар топилганлиги ҳамда улар мажмуада барпо этилаётган тўртта очиқ осмон остидаги музейлардан ўрин олишини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Улардан учтасининг устини ёпиш ишлари жорий йил охиригача ниҳоясига етказилади. Келгуси йилнинг май ойига келиб музейларнинг барчаси сайёҳларни қабул қила бошлайди.
Шаҳристон ўрнида барпо этишга киришилган яхлит археология мажмуаси бу жойни нафақат Намланган вилояти, балки бутун Фарғона водийсининг жозибадор сайёҳлик масканига айлантиради. Тасаввур қилинг, ҳудудга кираверишда қуриладиган рамзий дарвоза, Бобур ва Умаршайх Мирзонинг Камолиддин Беҳзод томонидан ишланган асл сурати нусхалари асосида ота-боланинг ҳайкалларидан иборат композиция, Умаршайх Мирзо севган каптархона ёдгорлиги, катта ҳажмдаги экспонатларни жойлаштира оладиган иншоот, очиқ осмон остидаги бешта музей. Уларни томоша қилган қай бир сайёҳнинг кўнгли тўлмайди, дейсиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
- Актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида вафот этди
- Алишер Усмонов янги лавозимга сайланди
- Расман Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов лавозимдан кетди. Унинг вазифасини бажарувчи ҳам тайинланган
- Сирдарёда Тўра Сулаймон уй-музейи очилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг