Тарих ҳеч қачон ортга қайтмайди

Тинчлик бахтли, эркин ва фаровон ҳаётнинг энг бирламчи шарти ҳисобланади. Шунинг учун доим ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз, юртимиз, хонадонларимиз осойишталиги, фарзандларимиз келажаги учун ҳар қандай хуружларга тайёр туришимиз керак. Ҳозир дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ва қарама-қаршиликлар кучаймоқда, радикализм ва экстремизм хавфи тобора ортиб боряпти. Бугун қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар уруш ҳаракатлари боис туғилиб ўсган жойини, қадрдон гўшасини ташлаб бошқа юртларга кетишга мажбур бўляпти. Тинч аҳолининг ҳаёти барбод қилиняпти.
Халқимиз танлаган йўл — ҳуррият йўли
Назаримда, Ўзбекистонда 130 га яқин миллатлар вакилларининг тинч-осойишта яшаётгани кимларнидир тинч қўймаётгандай. Шу маънода, оғзига кучи етмаган калтабин сиёсатчилар томонидан Ўзбекистонга асоссиз отилаётган туҳмат тошлари бежиз эмас. Турли минтақаларда ўзаро келишмовчиликлар, вайронкор урушлар давом этаётган бир пайтда улар ахборот хуружларини кучайтириш орқали жамият барқарорлигига рахна солиш ниятида турли манфур усулларни ишга солишаётир. Уруш туфайли Украинада, Ғазо секторида бегуноҳ болалар, муштипар аёллар, кексалар, тинч аҳоли кунда-кунора нобуд бўлмоқда, айни кунларда хонавайрон бўлиб, бошпанасиз, озиқ-овқатсиз қолмоқда.
Йўқ, ёвуз кучларни бу урушлар ҳам қониқтирмаяпти. Улар 150 йиллик қуллик занжиридан қутулиб, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлга киритган давлатларнинг, миллатларнинг унга бош эгиб, ҳар куни саҳардан шаънига мадҳия айтиб, салом беришини исташяпти. Пахтасига, пилласига, тилласига, газ-нефть конларига эга бўлишни, ўзларини эса қайтадан қул қилиб ишлатишни хаёл қиляпти.
Юксак технологиялар асри бўлган ҳозирги даврда соғлом фикрли одам бир кирган оқар сув кечимига қайта тушишнинг умуман иложи йўқлигини яхши билади. Миясида иллат бўлган одамгина шундай хомхаёл қилиши мумкин. Бир умр юртининг озод бўлишини орзу қилган, шу йўлда жонини тиккан, қирғин, сургун қилинган аждодларимиз, келажак авлодларимиз олдидаги жавобгарлик мажбурияти ҳаққи-ҳурмати, биз ўз йўлимизни танлаганмиз ва ҳар қандай шароитда ҳам бу йўлдан ортга чекинмаймиз.
Бунақа сиёсатчиларнинг даъволари ҳамкорлик муносабатларини давом эттираётган икки давлат ўртасига совуқчилик тушириши мумкинлигини улар билмайдиларми? Жуда яхши билишади. Демак, мантиқан олганда, уларнинг мурвати қайсидир кучлар томонидан бураляпти. Ортга қайтмас ислоҳотлар йўлидан бораётган янги Ўзбекистонга нисбатан бўлаётган бундай ахборий ва сиёсий тажовузларга нафақат юртим, Ватаним деб ёнган, жонини тикишга тайёр турган ўзбек фарзанди, ўзбек зиёлилари, балки шу заминда тинчлик-тотувликда, бир-бири билан дўст-биродар, ҳамжиҳатликда яшаётган ҳар бир миллат ва элат вакиллари чуқур мулоҳаза қилиб, қизишмасдан асосли ва муносиб жавоб қайтариши шарт ва зарур.
1966 йилда Тошкентда бўлган зилзила баҳонасида бошқа республикалардан “биродарлик ёрдами” ниқоби остида бир неча ўн минглаб турли миллатга мансуб аҳоли кўчириб келинди. Ҳаммасига уй-жой берилди, уларнинг 60 фоизи Тошкентда ўтроқ бўлиб яшаб қолди. Туб миллатга мансуб аҳолининг баъзиларига уй-жой берилди холос.
Ўша пайтда райижроқўм раиси бўлиб ишлаганман, шунинг учун буларни яхши биламан. Менга “Ҳовлим бузилган эди, уй-жой беришмади”, деб қоракўз ўзбекларимиз келади, “Ариза берганмисиз?” десам, “Йўқ” дейишади. Тасаввур қиляпсизми, бу содда шўрликлар уй олиш, навбатда туриш учун, ҳатто ариза ёзиш кераклигини ҳам билишмаган. Рўйхатни олиб қарасам, ариза берганларнинг ҳар юзтасига бир-иккита ўзбек тўғри келади. Нима бўлганда ҳам, уларга қўлимдан келганча баҳоли қудрат ёрдам беришга ҳаракат қилганман.
Мен миллатчи эмасман. Лекин кимдир тузимизни ичиб, тузлиғимизга тупурар экан, бунга чидаб бўлмайди. Қачонгача миллат ҳимоячисини миллатчи деймиз? Ўшалар эмасми, миллат ҳимояси учун чиққан ота-боболаримизни судсиз-сўровсиз отувга ҳукм қилган? Ўшалар эмасми, сотқинлардан думалоқ хатлар ёздириб олиб, айбсиз айбдорга чиқарилган Саидризо Ализода, Усмон Носир сингари минг-минглаб зиёлиларимизни узоқ ўлкалардаги лагерларга жўнатган? Уларнинг кўплари ўша ёқларда армон билан оламдан ўтди. Саидризо Ализоданинг ҳозир 85 ёшга кирган невараси 1945 йилда қамоқда вафот этган бобосининг хокини Владимир шаҳридан киндик қони томган юрт — Самарқандга олиб келиб дафн қилиш учун 40 йил умрини сарфлади... Биз ана шундай қилиб кўп нарсани бой берганмиз.
Бешикдан қабргача илм изла
Бугун тараққиётга, маърифатга, маънавиятга интилар эканмиз, албатта, замонавий технологияларни ўзлаштиришимиз, амалиётга жорий этишимизни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Бунинг учун илм, билим керак. Болаларимизнинг ҳаммасини иложи борича сифатли таълимга жалб этсак, шундагина натижадорлик, юксалиш бўлади.
Ачинарлиси, баъзи дунёқараши ўзгармаган, эскича фикрлайдиган амалдорлар ватанпарварлик ҳақида оғиз кўпиртириб гапирадию, амалда янгиликларга тўсиқ қўяди. Айнан шу боис ҳам “ватанпарварлик” сўзининг оҳорини тўкиб қўймадикми?!
Айтинг биродар, ватанпарварлик нима? Ватанпарварлик — ўз халқига сидқидилдан хизмат қилиш, қулайликлар яратиш, пора олмаслик, халқ мулкини ўзлаштирмаслик, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, бели букилганга суянч бўлиш, керак бўлганда, Ватан учун жонни бериш дегани.
Ана шу тутумга амал қилмаган, ўз манфаатини ўйлайдиган бундай мулозимлардан ҳеч иккиланмасдан воз кечиш, ўрнига халқ ҳурматига сазовор бўлган ҳақиқий жонкуяр инсонларни қўйиш керак. Ана шунда ишимизда унум, жамиятимизда ривожланиш бўлади.
Аслида, одам бир бурда нонга тўяди. Лекин афсуски, қорни тўйиб, кўзи тўймайдиган кимсалар халқ ишончига тупуриб, ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳоллари учрамоқда, жамиятда коррупция ҳолатлари тўхтамаяпти.
Шундай экан, раҳбар кадрлар шижоат ва салоҳиятини илмий таҳлил қиладиган институт ташкил этиш орқали ҳалол, тарбияли, коррупцияга мойил бўлмаган, бировнинг ҳақидан қўрқадиган ёшлар ҳисобига шакллантирадиган тизим яратиш керак, назаримда.
Ўз илдизларимизни билишимиз шарт
Давлатимиз раҳбари “Обод маҳалла” дастурига киритилган маҳаллалардан бирида бўлганида, тўсатдан каминага сўз бериб қолишди.
Мен “Раиятга қайишган одил ҳукмдорлар ҳақида илгари кўп ўқиганман. Лекин халқ ичига, оддий хонадонларга кириб, улардан ҳол-аҳвол сўраган, мамлакат бўйлаб хароба бўлиб ётган қишлоқларни ўзи бош бўлиб “Обод қишлоқ” дастурига киритиб, доимий назорат қилиб турган подшо ҳақида ҳеч ерда, ҳеч бир китобда ўқимаганман”, десам, ҳамма менга ялт этиб қаради.
Бу гапларим сохта мулозамат эмас, ишонинг. Президентимизнинг амалий ишлари туфайли кўнгли чўкиб қолган халқда эртанги кунга ишонч уйғонди. “Янги Ўзбекистонни мард ва жасур халқимиз билан биргаликда қурамиз” деган Қояси тадбиркорларга қанот бахш этди, гердайиб юрадиган амалдорлар халққа хизмат қиладиган бўлди. Яқин қўшнилар билан қайтадан дўстона алоқаларни, борди-келдиларни тикладик, дунё мамлакатлари билан очиқ сиёсат олиб борилаётганлиги Ўзбекистон деган мустақил давлатни жаҳонга танитди.
Бир аччиқ ҳақиқатни тан олиш керак, илгари давлат билан халқ ўртасида катта жарлик юзага келган эди. Халқнинг аҳволидан ҳеч ким хабар олмай қўйган эди. Лекин Президент Шавкат Мирзиёев давлат халққа хизмат қилиши кераклигини шарт қилиб қўйди. Мана қаранг, ҳозир давлат хизматлари турлари кўпайиб кетди. Халқимиз ортиқча югур-югурдан қутулди, сарсон-саргардон бўлиб юрмайдиган бўлди.
Ҳозирги ёшлар ақлли, иқтидорли, инглизчани ҳам бийрон-бийрон гапиради. Бу, албатта, яхши, дунёга чиқиш учун керак. Мен уларни қўллаб-қувватлайман. Лекин бошқа тилни деб ўзбек тилини бой бериб қўйиш керак эмасда!
Фарзандларимиз қаерда, қайси даврада бўлмасин, ўзбек деган миллат вакили сифатида ўз илдизларини билиши шарт ва қадриятларимизни унутмаслиги керак.
Тилимиздаги муаммолар
Яширмайман, ўзим ҳам рус мактабида ўқиганман. Лекин мактабдан уйга келиб “Ассалому алайкум” деб остонадан ўтишим билан рус тили унутиларди. Бобом уйда бир оғиз ҳам русча гапиришимизга йўл қўймасди. Уйимизда танча бўларди, бобом қиш кунлари бу ерда китоб мутолаа қиларди. Араб ёзувида, ўзбек тилидаги китобларни ўқишни у кишидан ўрганганман. Бобом ҳар куни мен билан катталардай суҳбатлашарди, бўлиб ўтган воқеаларни, ўқиган китобларини ширали овозда гапириб берарди. Мен эртак эшитгандек бўлардим, бобом айтган образлар кино лентасидек кўз ўнгимда намоён бўларди. Ана шундай тарбия олганмиз.
Қолаверса, рус адабиётини, ёзувчиларининг жуда кўп асарларини ўқиганман. Достоевский дейсизми, Лев Толстой, Карамзин ва ҳоказо. Лекин бу — ўзбек адабиётини ўқима, дегани эмаску! Биз, аввало, ўз алломаларимизни, уларнинг асарларини ўқиб-ўрганишимиз керак.
Эсимда, бувим бир куни мени чақириб, сандиқдан нафис матога авайлаб ўраб-чирмаб қўйилган бир китобни олди. Қўлимга бериб, “ўқи” деди. Бу Абдулла Қодирийнинг тошбосмада босилган, араб имлосида ёзилган “Ўткан кунлар” китоби экан. Уни қайта-қайта ўқиб чиқдим. Мана, хонларнинг, мазлум ўзбек халқининг ҳаётини ипидан-игнасигача ёритиб берган ҳақиқий санъат асари!
Уйимизда Навоий, Фузулий, Насимий, Машраб сингари улуғ шоирларнинг жуда кўп китоблари бор эди. Айниқса, бувим жуда ўқимишли отинойи эди, Машраб билан Махтумқулининг ғазалларини, шеърларини яхши кўрарди. Кечқурун бўлди дегунча чироқ ёруғида бувижоним, онажоним, амма-холаларим давра қуришиб, ғазалхонлик қилишарди. Биз уларни жон қулоғимиз билан тинглардик...
Бугун интернет, телевидение ривожланиб кетди. Хаёлга келмаган нарсаларни кўрсатяпти. Бир куни “Ўр-ёр” кўрсатуви ҳақида ўз фикримни айтсам, “Сиз кексайиб қолдингизда, шунга ғашингиз келяпти” деганга ўхшаш гап қилишди. Бу нима майнавозчилик? Яна ўша кўрсатувга келадиганларни қаранг. “Ҳей эркаклар” деб гап бошлайдиган аёл кўрсатувда экран орқали ҳар сафар эркакларга насиҳат қилишдан тинмайди. Эркаклар шу бошловчининг насиҳатига зор бўлиб қолганми? Умуман, унинг бунга қанчалик ваколати бор? Бундай эмасда, энди!
Кўпинча эрталаб “Ассалом Ўзбекистон” кўрсатувини томоша қиламан. Жуда яхши, маънили олиб боришади, лекин баъзида чалакам-чатти русча сўзларни ҳам қўшиб юборишади.
Тўғри, ўша ерда русча гапирадиган журналист ҳам ўтиради. Лекин қолганлар ҳам русча сўзларни аралаш-қуралаш қилиб гапираверади. Қани маданият? Ўзбекистон халқ артистларининг чиқишларини кўриб қоламан, айримларида савод ҳаминқадар. Маданият, маърифат улашувчилар эфирга чиқиб саводсизларча гапириб турса, қолганлардан нима кутамиз?
Давримизнинг фидойи инсонлари ҳақида асарлар керак
Яқинда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Бухоро вилоятидаги Қоракўл туманидан чиққан математика ўқитувчиси Тўхтамурод Жумаев ҳаётига бағишланган спектаклни кўрдик. У шўро даврида ўз ҳисобидан математикадан сабоқ берадиган мактаб-интернатни очиш учун ниҳоятда қийналган. Унинг қўлида ўқиган ўқувчиларнинг 6 нафари халқаро олимпиадага бориб, олтин медалларга сазовор бўлганида, ҳакамлар ҳайрон қолишган: улар ўшанда, ҳатто Ўзбекистон деган давлатни билишмас ҳам экан.
Мана, Ал-Хоразмийнинг, Улуғбекнинг, Али Қушчининг авлодлари! Уларнинг дунёга чиқишига “катта оғалар” қўймаган, йўл бермаган. Тўхтамурод Жумаев ана шу мустабид тузум қаршилигини енгиб, ўз ўқувчиларини халқаро олимпиадага юборишга эришган ва улар олий ўринларни эгаллаб қайтган. Мана, бугунги куннинг Авлонийси!
Спектакль бошланганида залда 30 тача томошабин бор эди. Актёрлар барака топишсин, ролларни жуда таъсирли ўйнаган. Спектакль ярмига етганда, орқада ўтирганлардан бири йиғлагандай бўлди. Ўгирилиб қарасам, ҳамма йиғлаб ўтирибди. Зал одам билан лиқ тўла, Оққўрғондан, Нурафшондан, яқин туманлардаги мактаб ўқувчиларини олиб келишган экан.
Кўряпсизми, ана шундай ижтимоий, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарларни кўпайтиришимиз керак.
“Уйғониш замонинг муборак бўлсин!”
Яна тарихга мурожаат қилсак. Иккинчи жаҳон уруши йилларида 682 нафар япон асири Ўзбекистонга келтирилди. Улар турли айбловлар билан оғир ишларга жалб этилди, қийноқларга дучор бўлди. Шу боис кўплаб япон фуқаролари оғир турмуш шароити ҳамда тортилган азоб-уқубатлар туфайли ўзга юртларда вафот этиб кетишган. Ҳатто ўша даврда марказ кўрсатмасига мувофиқ кўчирилган халқлар дафн этилган қабристонларни ҳам бузиб ташлаш буюрилган эди. Аммо Ўзбекистонда бу ҳолатга йўл қўйилмади. Японлар дафн этилган қабристонлар сақлаб қолинди.
Япон халқи буни билади. Шунинг учун уларнинг ўзбекларга меҳр-муҳаббати баланд. Халқларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда, ривож топмоқда.
...Энг қийин даврларда ҳам ота-боболаримиз ўзга миллат вакилларига бошпана берди, улар билан бир бурда нонини баҳам кўрди. Оғир, синовли дамларда Ўзбекистон улар учун иккинчи ватан, нажот қўрғони бўлди.
Душман келганида шайх Нажмиддин Кубро 76 ёшида қилич кўтариб муридлари билан ғазавотга чиқди. “Нажот ҳурриятда”, деди. Ҳазрат Навоий бобомиз ёзганидек:
Аёнким, Ватан узра то жони бор,
Киши ҳарб этар то имкони бор.
Демак, четдан келадиган ёвуз офатдан кўра ичимиздан чиқадиган сотқин, иймонсизлардан эҳтиёт бўлайлик! Қайси элдан, қайси юртдан ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган, керак бўлса, ўз Ватанига хиёнат қиладиган кимсалар чиқса, ўша миллат аҳволи харобдир.
Ўзбекистонни ўзининг ажралмас бўлаги дея даъво қилаётганлар билиб қўйсинлар: тарих ҳеч қачон ортга қайтмайди. Биз уруш жаҳаннамларидан паноҳ излаб поездларда келган барча инсонларни, етим гўдакларни бағримизга олган халқмиз. Уйимизнинг тўрини, кўзимизнинг нурини, қалбимизнинг қўрини берган халқмиз! Биз энди сиртмоққа бўйин бермаймиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев керак бўлса, жонимизни берамиз, лекин Ватанни бермаймиз, деди. Биз унга ишонамиз. Унинг ортида эса бутун бир халқ турибди. Биз огоҳлигимизни, ҳушёрлигимизни, озодлигимизни, ихтиёримизни энди бировга бериб қўймаймиз.
Мустақиллик — буюк неъмат. Энди буёғига ўз уйимизни, муқаддас она тупроғимизни кўз қорачиғидек асраш, келажак наслларга қуллик кишанларидан қутулган, тенглар ичида тенг бўлиб юксалаётган, ривожланаётган озод Ватанни мерос қилиб қолдириш бизнинг зиммамизда. Мустақиллигимизни бой берсак, бизни тарих ҳам, авлодлар ҳам, Яратган ҳам кечирмайди.
Даврлар ўтди. Қанча ёлғон, қанча сохтакорликлар, Ватанни сотганлар, халқ шаънини топтаганлар, нонкўрлик ва ғирромликлар бугун ҳаммага аён, ошкордир. Қанча ёлғон тузумлару сохта таълимотлар барбод бўлди.
Соҳибқирон Амир Темур томонидан Шаҳрисабзда бунёд этилган муаззам Оқсарой пештоқларида кўп илоҳий ёзувлар иншо қилинган. Шулар қаторида “Подшоҳларнинг сўзлари — сўзларнинг подшосидир” деган битик ҳам бор.
Миллат ҳимоячилари миллатчими?
Бизнинг уч минг йиллик тарихимиз бор. Бир пайтлар заминимизда гуллаб-яшнаган Турон давлати чегараси бу ёғи Шарқий Туркистондан тортиб Кичик Осиё, Каспий денгизгача бўлган, бошқа томони Тинч океани Охота денгизигача чўзилган ва Турк хоқонлиги деб аталган жуда катта империя бўлган. Буни тарихчилар, олимлар яхши билишади. Лекин ўша жойлар бизга қарашли, деб даъво қилмаяпмизку!
Биз бағрикенг халқмиз. Келган одамни дўстми, дўстмасми, қучоқ очиб кутиб олганмиз, уйимизнинг тўрини берганмиз. Тансиқ таомларни ўзимиз емасакда, уларга тутганмиз. Иккинчи жаҳон уруши йилларида — қимматчилик ва қаҳатчиликда сон-саноқсиз вагонларда келган етимларнинг бошини силаб, паноҳ бўлганмиз, ҳеч бирини бегона деб билмаганмиз. Хўш, буларнинг эвазига нимага эришдик?
Иккинчи жаҳон уруши ҳамда қатағонлик сиёсати оқибатида собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан бир қатор халқлар “ватан хоинлари” тамғаси остида Ўрта Осиё ва Қозоғистонга кўчирилди. Асл мақсад халқларни бир-биридан ажратиш ва жазолашдан иборат эди. Шўро ҳукуматининг бу хатти-ҳаракатлари фашистлар оккупацияси даврида айрим кишилар ва гуруҳларнинг хоинлиги учун берилган жазо, мамлакат хавфсизлигини қўриқлаш, деб таърифланди.
Умр бўйи меҳнатдан, ғурбатдан боши чиқмаган, асрлар мобайнида боши эгик, жабру жафолардан зада бўлсада, иймони саломат миллатимиз Шавкат Мирзиёевнинг доно ва оқилона сиёсати боис мустақил Ўзбекистонда учинчи Ренессансга қадам қўйди. Ривожланиш босқичига ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов “Уйғониш замонинг муборак бўлсин!” дея башоратли сатрларни битган эди.
Ҳаёт қонуниятига кўра вақт ўтиши билан кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Лекин бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни Ватан ва халқ озодлиги, келгуси авлодларнинг бахту саодати йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди.
Бугун мустақиллик шарофати билан давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳар биримизнинг шиоримизга айланиши шарт.
Рустам КАЛОНОВ,
“Нуроний” жамғармаси Тошкент
шаҳар кенгаши раиси, сенатор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг