Тақдиримиздан миннатдормиз
Наманганда ўн беш минг нафарга яқин рус миллатига мансуб юртдошларимиз умргузаронлик қилишади. Уларнинг кўпи шу жойда туғилиб ўсган бўлса, бошқалари уни иккинчи Ватан сифатида қадрлашади. Менинг Россиядан гуллар шаҳрига келиб яшай бошлаганимга эса ўттиз беш йилдан ошди.
Руслар меҳмондўст Наманган заминида ўзбеклар билан қадрдонлашиб кетган кўп сонли миллат вакилларидан ҳисобланади. Урф-одат ва анъаналаримиздаги ўхшашлик, рус халқи байрамлари ва бошқа маросимларни эмин-эркин нишонлаш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ишлар ёшлар тарбияси, уларда Ватанга, Истиқлол ғояларига садоқатни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, дўстлик ва биродарлик, ягона Ватан туйғусини улуғловчи маданий-маърифий тадбирларнинг дўстлик ва биродарлик ришталарини кучайтиришдаги ўрни катта. Ўзим меҳнат қилаётган рус тилида нашр этилаётган вилоят газетасида барча наманганликлар қатори миллатдошларимиз ҳаёти, меҳнатдаги ютуқлари изчил ёритиб борилади.
Айтиш керакки, ўз иқтидори, билим ва тажрибасини намоён этиши учун яратилган тенг имкониятлар рус диаспорасининг ижтимоий ҳаёт ва ишлаб чиқаришдаги фаоллигини оширмоқда. Буни, масалан, улар орасидан кўплаб салоҳиятли мутахассислар, эл корига камарбаста тадбиркорлар, инновацион ғоялари билан тараққиётга ҳисса қўшаётган ёшлар етишиб чиқаётгани билан тасдиқлаш мумкин. Улардан бири Анна Добрих вилоятдаги истиқболли текстиль корхонасини маҳорат билан бошқараётир. Истеъмол бозорини рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, ҳудуд экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида кўпчиликка ибрат бўлаётган тадбиркор аёл “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Бундай фаол юртдошларимиз орасида Наманган давлат университети ўқитувчилари Антонина Иплина, Евгений Зинин сингари таълим фидойилари, бизнесмен Сергей Шевцов сингари тақдиридан миннатдор кўплаб инсонлар бор.
Биргаликда аҳил ва иноқ ҳаёт кечириш, биродарлик туйғуларини мустаҳкамлашда вилоятда фаолият кўрсатаётган миллий маданият марказлари учун барпо этилган “Дўстлик уйи”да яратилган шароит ва имкониятларнинг ўрни беқиёс. Биз бу ерда энг яхши кунларимизни биргаликда нишонлаймиз, тажрибаларимизни ўртоқлашамиз, муаммоли масалаларимизни ҳамкорликда ҳал қиламиз.
Куни кеча “Бағрикенглик ҳафталиги” муносабати билан тантанали байрам тадбири ташкил этдик. Унда турли миллат вакиллари иштирокидаги катта концерт барчани хушнуд этди.
Бу ишларнинг ҳаммаси жонажон Ўзбекистонимизда барча миллат ва элат вакилларининг бир оила фарзандлари сингари ҳаёт кечиришлари учун етарли шарт-шароитлар яратилгани, инсон қадри, унинг манфаатлари устуворлиги таъминланаётгани шарофатидир.
Игор РЕШЕТНИКОВ,
“Наманганская правда” газетаси масъул котиби,
вилоят рус миллий маданият маркази фаоли.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг