Таълимда сифат ва рақобатни таъминлаш учун рақамлаштириш даражаси оширилади
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳар йили соғлиғини тиклаш учун санаторий ва дам олиш масканларига юбориладиган ўқитувчилар сонини 2 баробар оширса, мақсадга мувофиқ бўлиши қайд этилди.
Ректорлар ҳам олийгоҳларни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан профессор-ўқитувчилар учун сиҳатгоҳ йўлланмалари сонини 50 фоизга оширишлари лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Бир йил олдин мактаб директорларини ўқитиш тизими жорий этилган эди. Бугунги кунда улардан 1 минг 206 нафари менежерлик сертификатига эга бўлди. Ҳозир ана шу директорларга устама берилмоқда.
Энди бу амалиёт 2025 йил 1 сентябрдан боғча мудираларига ҳам татбиқ этилади ва уларга ҳар ойда 30 фоизгача қўшимча устама тўланади.
Мактаб директори, унинг бошқарувчилик маҳорати ҳақида муҳим қўлланма бўладиган китоблар йўқлиги қайд этилиб, тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда мактаб директорлари ҳақида ана шундай китоб тайёрланса, айни муддао бўлиши таъкидланди.
Аҳоли ўсиши туфайли йилига мактабларда – 120 мингта, боғчаларда – 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келмоқда.
Келгуси йили бюджетдан ажратиладиган 3 триллион 200 миллиард сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча реконструкция қилинади ва янгилари барпо этилади.
Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармасининг 50 миллион доллар маблағи доирасида келгуси 4 йилда 200 та хусусий боғча қурилиб, янги 30 мингта ўрин яратилади.
Янги йилдан бошлаб хусусий секторда ўқувчи ўринларини кўпайтириш учун мактаб очадиган тадбиркорларга 20 миллиард сўмгача кредит ажратилади. Кредит фоизининг асосий ставкадан 1,5 баробар ошган қисми бюджетдан қопланади.
Шунингдек, янги қуриладиган хусусий мактаб бинолари учун коммунал харажатларнинг 50 фоизи 5 йил муддатгача бюджетдан тўлаб берилади.
Тадбиркорлар ўз ҳисобидан мактаб қурса, унга кетган харажатлар фойда солиғидан икки йил давомида тенг улушларда чегириб ташланади.
Таълимда сифат ва рақобатни таъминлаш учун рақамлаштириш даражаси оширилади.
Ўтган 5 йилда 13 минг 500 дан ортиқ компьютер синф хоналари 200 мингта замонавий компьютер билан таъминланди. Келгуси йил яна 2 мингдан зиёд компьютер синфлари янгиланади, бунга бюджетдан 400 миллиард сўм берилади.
Ана шу компьютерларга электрон таълим контентлари юкланиб, болалар учун мустақил таълим олиш имконияти ошади.
Ўқувчилар мурракаб концепцияларни осон ўзлаштириши учун аниқ ва табиий фанлар бўйича виртуал лабораториялар ташкил этилади. Янги ўқув йилидан бошлаб бундай лабораториялар ҳар бир вилоятда 10 тадан мактабда ташкил этилади.
Шунингдек, мактаб тизимида ўқитувчи ўз имконияти ва ютуқларини, янги ишланмаларини эълон қилиши учун ягона онлайн платформа яратилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг