Таълим тизими ходимларининг касб касалликлари: жиддий муаммоларга йўл қўймаслик йўллари

Таълим тизими ходимларининг касб касалликлари ҳақида гапирганда, бу масалани фақат тиббий ёки шахсий саломатлик муаммоси сифатида кўриш хато бўлади. Бу — бутун жамиятнинг, келажак авлоднинг билим ва тарбиясига таъсир кўрсатадиган стратегик аҳамиятга эга муаммо. Чунки соғлом ўқитувчи бор жойда билим ва маърифат бор, маънавий юксалиш бор. Аммо афсуски, бугун ўқитувчиларнинг соғлиғига таҳдид қилаётган омиллар тобора кўпайиб бормоқда.
Ўқитувчи касбининг табиатида жисмоний ва руҳий юклама доимий ҳамроҳдир. Кун бўйи баланд овозда дарс бериш, синфдаги бир неча ўнлаб боланинг диққатини жалб қилиш, уларнинг интизомини таъминлаш, кўп соат ёзув-чизув ишлари, компютерда ҳужжат тайёрлаш — буларнинг барчаси бир кун эмас, йиллар давомида тўпланиб, касб касалликларига айланади. Илмий маълумотларга кўра, ўқитувчиларнинг камида 60 фоизи овоз йўллари касалликларидан шикоят қилади. Фарингит, ларингит, ҳатто овоз пардаларидаги узлуксиз шикастликлар сабаб баъзан уларнинг овози бутунлай йўқолиши ҳам кузатилади. Бу нафақат касбдан айрилиш, балки инсоннинг ҳаётий фаолиятида катта маънавий зарба ҳамдир.
Шу билан бирга, ўқитувчилар орасида асабийлашиш, депрессия, хронологик чарчоқ каби руҳий муаммолар кўпайиб бормоқда. Сабаби аниқ: юқори масъулият, ортиқча қоғозбозлик, жамоат олдида доимий назорат ва талаб. Бугунги таълим тизими ходими нафақат болага билим бериши, балки турли ҳисоботлар, тўсатдан келадиган текширувлар, ўқувчиларнинг ота-оналари билан тортишувлар, ижтимоий тармоқлардаги танқидларга ҳам тайёр туриши лозим. Бу эса катта стресс манбаи ҳисобланади. Натижада, қон босимининг кўтарилиши, юрак-қон томир касалликлари, диабет каби асоратли ҳолатлар пайдо бўлади.
Орқа ва бел оғриқлари ҳам ўқитувчиларда энг кўп тарқалган касалликлардан бири. Кўп вақт туриб дарс бериш, ёки аксинча, соатлаб ўтириб ҳужжат тайёрлаш — мувозанатсиз меҳнат турмуш тарзи остеохондроз, радикулит, сколиоз каби касалликларни келтириб чиқаради. Айниқса, мактабларда эргономик жиҳозларнинг етарли эмаслиги, парта ва столларнинг ноқулайлиги муаммони янада кучайтиради.
Сўнгги йилларда касаба уюшмаларига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, ўқитувчиларнинг камида ярми овоз йўллари касалликларидан шикоят қилмоқда. Кимдир доимий овоз хириллашидан безовта бўлса, кимдир бутунлай овозини йўқотиб, касбидан айрилиш хавфига дуч келмоқда. Бел ва орқа оғриқлари эса қарийб ҳар иккинчи ўқитувчида кузатилади. Компьютер олдида узоқ вақт ўтириш ёки кун бўйи туриб дарс бериш мувозанатсизликни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, кўз касалликлари, юрак-қон томир муаммолари ва энг асосийси — стресс, руҳий чарчоқ каби ҳолатлар тобора кучаймоқда.
Мана шундай шароитда савол туғилади: бизнинг таълим тизимимиз ходимларини ким ҳимоя қилади? Касб касалликларини олдини олиш учун қандай чоралар кўрилади? Афсуски, бугунги кунга келиб касб касалликлари тизимли ўрганилмаётган, профилактик чоралар етарлича амалга оширилмаётган ҳолатлар кўп. Ҳолбуки, дунё тажрибаси кўрсатмоқдаки, ўқитувчи соғлом бўлмаса, таълимнинг сифати ҳам юқори бўлмайди.
Европа мамлакатларида масалан, ҳар бир ўқитувчи йилда камида бир марта комплекс тиббий кўрикдан ўтади, овозни асраш ва стрессни камайтириш бўйича тренингларда қатнашиши шарт. Жисмоний фаоллик учун мактабларда спорт заллари ва дам олиш хоналари ажратилган. Айрим давлатларда ҳатто “ўқитувчи фитнес дастурлари” ишлаб чиқилган. Бунинг ортидан ўқитувчиларнинг касб касалликлари сезиларли даражада камайган.
Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда тизимли ишларни амалга ошириш даври келди. Биринчидан, ҳар бир таълим муассасасида тиббий хизмат сифати кучайтирилиши шарт. Иккинчидан, ўқитувчиларнинг иш юкламасини оптималлаштириш, ортиқча қоғозбозлик ва ҳисоботлардан холи қилиш зарур. Учинчидан, эргономик жиҳозлар, замонавий техника воситалари билан таъминлаш орқали жисмоний соғлиққа таъсир этувчи омиллар камайтирилиши лозим. Ва энг муҳими — ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиши. Чунки етарлича рағбат ва қадрланиш бўлса, улар ўз ишини фидойилик билан бажаради ва соғлиғини ҳам асрашга кўпроқ эътибор қилади.
Шу маънода, биз — касаба уюшмалари вакиллари, бу муаммога давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши кераклигини доимий тарзда кўтариб келмоқдамиз. Чунки ўқитувчи соғлом бўлмаса, таълимнинг сифати ҳам пастлайди. Очиғи, таълим тизимини юксалтириш ҳақида қанча гапирмайлик, агар устознинг овози чиқмаса, соғлиғи қувватсиз бўлса, натижага эришиб бўлмайди.
Ўқитувчи соғлиғи — миллат келажагининг кафолати. Бугун соғлом устоз эртанги кунда соғлом жамиятни тарбиялайди. Шунинг учун касб касалликларига қарши курашиш — барчамизнинг умумий бурчимиздир. Давлат, жамият ва касаба уюшмалари биргаликда ҳаракат қилсагина, ўқитувчи меҳнати муносиб баҳоланади, унинг соғлиғи тўлиқ муҳофаза қилинади.
Раъно Азизова,
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш,
назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи, касаба уюшмаси раиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг