Тадбиркорнинг товар брендидан ноқонуний фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқарганларга жавобгарлик кучайтириляпти

13:00 01 Август 2023 Жамият
278 0

Жорий йилнинг 24 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ҳамда иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ва интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, аҳоли соғлиғини сақлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан инсон ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқариш ва сотганлик учун жазо чоралари янада кучайтирилиши таклиф этилмоқда. Шунингдек, лойиҳада этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик ёки муомалага киритганлик тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида тадбиркорнинг товар брендидан ноқонуний фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, санитария ва ветеринария қонунчилигини бузиш каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жазоларни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Йиғилишда фракция аъзолари муҳокама этилган қонун лойиҳаси партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг эканлигини ҳамда партия электорати манфаатларига тўла мос келишини таъкидлаб, уни маъқулладилар.

Шунингдек, йиғилиш кун тартибига киритилган бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?