Сувчилар мактабида навбатдаги малака ошириш курси бошланди

17:05 12 Ноябрь 2024 Жамият
173 0

Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тараққиёт йўлидан илдам одимлаётган Янги Ўзбекистон олдидаги энг устувор мақсадлардан.

Давлатимиз раҳбари билим ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди, яккаю ягона нажотимиз – илм, деган фикрларни кўп бор айтганлар.

Сув хўжалиги соҳасида ҳар йили ёзги суғориш мавсуми якунланганидан сўнг раҳбарлар ва мутахассисларни ўқитиш, малакасини ошириш анъанавий йўлга қўйилган.

2024 йил 12 ноябрь куни Сувчилар мактабида навбатдаги малака ошириш курси бошланди. Беш кунлик ўқишда Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари раҳбарлари, Насос станциялари ва энергетика бошқармалари, йирик насос станциялари ҳамда магистрал каналлар бошлиқлари иштирок этмоқда.

Шунингдек, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси ва аъзолари қатнашмоқда.

Тадбирни Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев очиб берди. Президентимизнинг сувчиларга ғамхўрлиги, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, бўлаётган янгилик ва ўзгаришлар, тизим ходимларининг халқимиз фаровонлиги йўлидаги хизматлари ҳақида сўз юритилди.

Иштирокчилар тўрт кун давомида соҳага доир назарий билимларини мустаҳкамлайдилар. Бешинчи куни жойларда амалий машғулотлар ўтказилади.

Президентимиз томонидан қўйилган юксак марраларга эришиш учун “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси раҳбарлари ва тизимдаги бошқа раҳбар мутахассислар учун ҳам ўқишлар ташкил қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?