Сув тежовчи технологиялар самараси юқори

12:15 03 Январь 2025 Жамият
345 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Мутахассисларнинг маълум қилишларича, 2050 йилга бориб республикамизда сув танқислиги жиддий муаммога айланиши мумкин. Бу қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланишни, сув тежамкор технологияларни амалиётга татбиқ этишни талаб этади.

— 2024 йилда экин майдонларини суғориш учун 3140 миллион метр куб сув зарур бўлишига қарамай, амалда 2500 миллион метр куб, яъни белгиланган режанинг 80 фоизидан фойдаландик, — дейди “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳратжон Эргашев. — Қолган қисми сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобига қопланди. Йил давомида 30,8 минг гектар майдонда ана шундай технологиялардан фойдаланилди. Жумладан, 6,9 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 1,7 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш, 2 минг гектар майдонда дискрет, 7,7 минг гектар майдонда эгилувчан қувур, 3,5 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш усуллари қўлланилди. Натижада 77 миллион м3 миқдордаги сувни тежашга ҳам эришилди.

Бундай технологиялар сувни тежаш билан бир қаторда, турли кимёвий ва минерал ўғитларни қўшиб бериш имкониятини ҳам яратмоқда. Бу орқали сув, меҳнат сарфи ва бошқа харажатлар камайиб, ҳосилдорлик ортмоқда. Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, сув тежамкор технологиялар қўлланилганида сув сарфи 30, меҳнат сарфи 35, агротехник тадбирлар учун ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари сарфи 35 фоизгача камайишига эришилди. Ҳосилдорлик 28 фоизгача ортди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?