Сув танқислиги: муаммо ва ечим

15:35 10 Июнь 2024 Жамият
264 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Сув – тириклик манбаи. Атроф-муҳит, иқлим ўзгаришларига ҳам беқиёс таъсир кўрсатади. Ҳозирги кунда юртимизда аҳолининг сувга бўлган талаб ва эҳтиёжлари тобора ортиб бормоқда.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Ургут туманидаги мавжуд 534 минг аҳолининг 400 минги бугунги кунда марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланган. Оқова сув хизматидан 11,1 фоиз, яъни, 15 мингдан ортиқ аҳоли хонадонида фойдаланилади. Ичимлик суви тармоғининг 84 километри, 88 та сув иншоотлари, 90 та сув қудуқлари ҳозирда эскириб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган. 102 та маҳалланинг 22 таси марказлашган, 77 таси қисман ичимлик суви билан таъминланган. Чекка ва тоғ ҳудудларда жойлашган 10 та маҳалла аҳли муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланиб келмоқда.

Шуларни инобатга олиб, туман ҳудудида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивидаги уй-жойларнинг ичимлик сув таъминоти ва оқова хизмати бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур массивда 2 мингга яқин хонадон жойлашган бўлиб, уларнинг барчаси ичимлик сув ва оқова хизматига уланган.

Жумладан, Баҳрин маҳалласида 50 миллиард сўм сарфланиб, оқова сув тозалаш иншооти бунёд этилмоқда. «Ишонч инжиниринг» МЧЖ қурувчилари томонидан барпо этилаётган мазкур иншоотнинг қурилиши 2023 йилда бошланган бўлиб, ҳозирда бетон қуйиш ишлари якунига етказилмоқда.

— Ҳудуди 3,4 гектар майдон бўлган иншоотимиз бир вақтнинг ўзида 10 минг куб оқова сувни қабул қилиб қайта ишлашга мўлжалланган, — дейди корхона иш бошқарувчиси Абдуҳалим Очилов. — Замонавий қурилмалар ўрнатилган иншоот оқова сувни 4 босқичда тозалаб беради. Ишланмалар қишлоқ хўжалиги далаларига ўғитлаш ва суғориш учун жўнатилади. Шунингдек, биобактерияларни ўстириш учун янги лаборатория биноси ҳам қурилди.

Ушбу иншоот ишга туширилса, «Янги Ўзбекистон» массивидан ташқари, «Ургут» эркин иқтисодий зонадаги корхоналар ва туман маркази аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида Мерганча маҳалласидаги кўп қаватли уйларни ичимлик сув билан таъминловчи янги сув иншооти соатига 3 минг/куб сувни олиб, мактаб, боғча ва аҳоли хонадонларига етказиб беради.

Иншоотда Германияда ишлаб чиқарилган 2 та 25 кВТ, 2 та 76 кВТ қувватдаги кучли ускуналар ўрнатилган. Улар ёрдамида ҳар бири 250 метрдан иборат бўлган 5 та қудуқдан сув тортиб олинади.

Кўп хонадонларнинг эгалари ҳали кўчиб келмаганлиги сабабли марказий тармоққа уланмаган. Жорий йилда яна 9 та кўп қаватли уй қурилиши якунланиб, ўз эгаларига топширилгач, марказлашган тармоқ янада кенгайиб, ускуналар тўлиқ ишга туширилади.

Мухтасар айтганда, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар келгусида тумандаги ўн минглаб аҳолини тоза ичимлик сув ва оқова сув хизмати билан таъминлашга имкон беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер