Сурхондарёдаги мавжуд муаммолар ўрганилмоқда

19:55 29 Декабрь 2022 Жамият
511 0

Фото: Халқ сўзи

Президент Фармонига биноан Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Улуғбек Қосимов тиғиз кун тартибида шаҳар ва туманлардаги мавжуд аҳвол билан яқиндан танишмоқда.

Дастлаб Термиз шаҳрида ўрганиш олиб борган вилоятнинг янги раҳбари ҳокимлик балансидаги ижтимоий уйда яшаётган 23 та оилани арзон уй-жой билан таъминлаш, бунинг учун зарур бошланғич бадал давлат томонидан тўлаб берилиши, шаҳардаги Ибн Сино кўчасида сифатсиз ҳамда талабларга риоя қилинмаган ҳолда қурилган соғломлаштириш йўлагини қайтадан қуриш, 16-сонли мактаб биносида таъмирлаш ишларини бошлаш ҳамда «Паттакесар» маҳалласидаги икки қаватли эски уй-жойларнинг том ва фасад қисмларини таъмирлаш, болалар майдончаси, автотураргоҳ ташкил этиш, ички йўлларни яхшилаш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклади.

Шунингдек, вилоят раҳбари Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари чегара ҳудудида жойлашган “Termez Cargo Centre” логистика марказида тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади. Ҳудудда бунёд этилаётган Термиз халқаро савдо марказидаги қурилиш ишлари билан танишди. Чет эллик, хусусан, афғонистонлик тадбиркорларни мазкур лойиҳага жалб қилиш лозимлиги таъкидланди.

Умумий майдони 54,6 гектардан иборат «Термиз» эркин иқтисодий зонасида бўлган У. Қосимов ҳудуддаги лотларни электрон савдоларга чиқаришни тезлаштириш, режалаштирилган лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш заруратини айтиб ўтди.

Термиз шаҳрининг бош режаси тақдимотида уй-жойлар ҳудудида биринчи навбатда ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ва поликлиника биноларини жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Шаҳар ҳудудидаги йўлларнинг ўтказувчанлигини автомобиллар ва транспорт воситаларининг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш, янги йўл ўтказгичларни лойиҳалаш ҳамда бош режага киритиш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, вилоят раҳбари воҳанинг салоҳиятли қурувчилари билан соҳа ривожи юзасидан фикр алмашди. Амалдаги фаолиятни янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер