Сурхондарёда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 16 миллион туп дарахт экилади

17:02 11 Ноябрь 2021 Жамият
483 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб дарахт экиш бўйича "Зарбдор 40 кунлик" эълон қилинган эди. Шунга кўра, Сурхондарё вилоятида  «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кенг кўламли  кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. 

Ангор туманида уюштирилган кўргазмали тадбирда вилоят секторлари раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллар иштирок этди. Тадбирда қатнашган вилоят ҳокими мазкур лойиҳанинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, барчани фаолликка ундади.

- Бугунги кунда экологик муаммолар ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда.  "Яшил макон" лойиҳаси ҳудудларда тоза атмосфера барқарорлиги ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш имконини яратади. Рости, авваллари кўчат экиб унинг парваришига бепарво бўлганмиз. Энди ундай бўлмайди. Ҳар бир дарахт,  ҳар бир кўчат эътиборимиз марказида бўлади,  - деди вилоят ҳокими Тўра Боболов.

Шу куни Ангор туманига  қарағай, қайрағоч, каталпа, ўрик,  жийда,  тут, бодом каби10 минг 600 тупдан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Мавсум давомида туманда 1 миллион тупдан ортиқ дарахт кўчатлари ва буталар экилиши режалаштирилган.

«Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги бундай кўкаламзорлаштириш тадбирлари Термиз шаҳри ва барча туманларида уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Вилоят ҳудудида куз фаслида 6 миллион, баҳор мавсумида 10 миллион тупдан ортиқ кўчат экилади.

Илҳом РАҲМАТОВ, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?