Сурхондарёда кўмир ишлаб чиқариш ҳажми ошди

17:35 26 Июнь 2024 Жамият
229 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё мамлакатимизнинг ер ости ва ер усти бойликларига бой ҳудудларидан. Айниқса, воҳа ўзининг кўмир захиралари билан машҳур. Ҳисоб-китобларга кўра, юртимиз ҳудудидаги қарийб 2 миллиард тонна кўмир захирасининг 143,4 миллион тоннаси вилоятимиз ҳудудида аниқланган. Бу хомашёнинг 33 миллион тоннаси Шарғун, 20,3 миллион тоннаси Бойсун, 20 миллион тоннаси Кўхитанг кўмир конларида мавжуд. Шунингдек, Нилу, Панама, Гуруд, Фангарт, Хаус, Аксу ва бошқа участкаларда 70,1 миллион тонна кўмир захираси бор.

Сариосиё туманидаги «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятининг кўмир конида 40-50 даража иссиқлик қувватига эга, темирни ҳам эритишга қодир 5 минг 200 дан 8 минг 100 ккал/кг миқдори ва сифати жиҳатидан ўта юқори бўлган кўмир маҳсулоти қазиб олинмоқда.

Қарийб бир асрлик тарихга эга конда шу кунгача шахтёрлар мураккаб шароитда меҳнат қилиб келаётган эди. Ишлаб чиқаришдаги тоғ-кон жиҳозларининг узоқ йиллар давомида эскириши, кўмир қазиб чиқариш ва сотиш ҳажмининг пасайиши корхонани ривожланишдан ортда қолдирди. Натижада кўмир қазиб олиш 18,4 минг тоннагача тушиб кетди.

Сифатли тошкўмир захирасига бой конни ривожлантиришга қаратилган эътибор сўнгги беш йилда тошкўмир қазиб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич 56 фоизга оширди. Ишлаб чиқариш ҳажмининг йилдан йилга ўсиб бориши аҳоли фаровонлигини ошириш ва кўмир қазиб олиш таннархининг пасайишига олиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 январдаги «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ва лойиҳа қувватини йилига 900 минг тоннагача тошкўмир қазиб олишга етказиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ушбу кон тўлиқ янгиланиб, хитойлик мутахассислар билан Ўрта Осиёда ягона механизациялашган технологиялар асосида юқори калорияли қаттиқ ёқилғи қазиб олиш йўлга қўйилди.

Лойиҳани ишга тушириб, ерости бойлигидан оқилона фойдаланиш учун корхонанинг 11 миллион доллар ўз маблағи, «Ўзмиллийбанк»нинг 4,7 миллион доллар кредити йўналтирилди. Хитой «Эксимбанк»ининг 89,8 миллион доллар кредити жалб этилди. Бу маблағлар эвазига хитойлик ҳамкорлар билан Шарғун шаҳарчасидан штольнягача 24 километр темир йўл ҳамда кўмир ортиш станцияси қурилди. Штольня ва 11,5 минг погон-метр ер ости йўлакларини қуриш ишлари якунланди. Замонавий тоғ-кон ускуналари ўрнатилди. Ер усти бинолари ва бош вентилятор қурилмаси иншооти қурилиб, қуввати 700 киловаттли иккита вентилятор ўрнатилди. Янги тозалаш иншооти бунёд этилди. Кон лаҳмлари, кўмир қазиб олиш лавалари тайёрланиб, иккита лавадан параллель механизациялашган усулда кўмир қазиб олиш йўлга қўйилди. Ер остидаги кўмир қазиш комбайнларини замонавий технологиялар билан жиҳозланган махсус ситуацион марказ орқали кузатиб туриш имкониятини яратди.

— Эндиликда кўмир қазиб олиш 5 бараваргача ошди, — дейди «Шарғункўмир» акциядорлик жамияти модернизация қилиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш дирекцияси филиали директори Маъруф Азизқулов. — Илгари кўмир қазиш фақат портлатиш усулида амалга оширилган. Ҳозир механизациялашган усулда кўмир ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг учун қаттиқ ёқилғи қазиш комбайнлари, шунингдек, ишчиларнинг хавфсиз кўмир қазиб олиши учун махсус гидравлик мустаҳкамлагичлар ўрнатилган. Лойиҳада қўлланилаётган технология минтақамизда ягона бўлиб, кўмирнинг қиялиги 45 градусли бўлган конларда бунақа механизациялашган усулда кўмир қазиб олиш мураккаб жараён саналади. Уни амалга ошириш даврида юзага келган кўплаб геологик мураккабликларга қарамай, лойиҳада кўрсатилган ишлар бажарилди. Бу технологияни қўллаган ҳолда йилига 900 минг тоннагача, ойига 75 минг тоннагача кўмир қазиб олиш мумкин. Бундан ташқари, халқаро стандартлар асосида кўмир сифатини ошириш, инвесторларни янада кенгроқ жалб қилиш кун тартибимиздаги асосий масалалардан. Йилига 500 минг тонна кўмирни бойитиш ускунаси ишга туширилиши имкониятларимизни янада кенгайтиради.

Айни кунларда Бойсун кўмир конининг «Жанубий» қисмида йилига 50 минг тоннагача тошкўмир қазиб чиқариш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

«Бойсункўмир» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий 220 гектар майдонда амалга оширилаётган ушбу йирик лойиҳанинг умумий қиймати 60 миллион доллар бўлиб, икки босқичда ташкил этиш белгиланган. Дастлабки босқичда йилига 50 минг тонна кўмир қазиб олиш натижасида 17,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Иккинчи босқичда 55 миллион долларлик хорижий инвестиция маблағлари жалб қилинади. Йилига 161 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бунинг эвазига 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Ҳозирги кунда ер ости кўмир конини тайёрлаб, тошкўмир қазиб чиқариш суратларини ошириш мақсадида кўмир қатламлари орқали горизонталь ва қия кон лаҳмлари очилмоқда.

— Ҳозирги кунда маҳаллий ва хорижий инвесторлар иштирокида учта жойда лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда, — дейди «Бойсункўмир» МЧЖ раҳбари Хуршид Насруллаев. — «Санжар» кўмир конини аукцион орқали «Бойсун энержи» корхонаси сотиб олди. Ҳозирда кўмир қазиб олиш лойиҳаси режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, «Тўда-1», «Тўда-2» ҳамда «Жанубий» кўмир участкаларини сотиб олган инвесторлар томонидан геологик ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, соҳа ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли кўмир саноати юртимиз тараққиётига хизмат қиладиган тармоққа айланди. Буларнинг барчаси миллий иқтисодиётимиз барқарорлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер