Сурхондарёда халқаро савдо маркази очилди

17:30 30 Август 2024 Сиёсат
261 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон — Афғонистон чегарасида барпо этилган «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шахин Мустафаев, Қирғиз Республикаси иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири ўринбосари Кайрат Торебоев ва бошқалар иштирок этди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган Марказий Осиёда ҳозирча муқобили йўқ ушбу эркин савдо зонаси бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилди.

Мажмуа 36 гектар майдонда қад ростлаган. Қиймати 70 миллион долларга тенг лойиҳа Афғонистон, Покистон ва бошқа мамлакатлар тадбиркорларига саноат, истеъмол товарлари савдоси ҳамда экспортини оширишда муҳим ўрин тутади. Мутахассислар мажмуага йилига 1,5 миллион киши келиши, унинг йиллик савдо ҳажми 1 миллиард 200 миллион долларни ташкил этишини таъкидламоқда.

Эркин савдо зонасида қатор имтиёзлар яратилган. Жумладан, барча чет давлат фуқароларига Ўзбекистонга кириш визасисиз 15 кун марказда бўлиш ва чиқиш имконияти берилади. Марказ ҳудудига келувчи барча товарлар божхона тўловларисиз жойлаштирилади ва чиқарилади. Ҳудудда банклар, нотариуслар ва бошқа давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилган. Шунингдек, мажмуада «Hilton Garden Inn» меҳмонхонаси, «Akfa Medline» замонавий тиббиёт мажмуаси, «Central Asia University» бизнес мактаби, йирик савдо маркази, ресторан, хостел, йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга йирик логистика маркази ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари барпо қилинган. Майдони 50 минг квадрат-метр бўлган мингта савдо дўкони, бир йилда 100 минг юк машинасини қабул қилиш қувватига эга автотураргоҳ қурилган.

Халқаро савдо маркази Карачи —Термиз —Тошкент — Қозоғистон —Россия транспорт коридорининг муҳим боғловчи қисми ҳисобланади. Аҳамиятлиси, Ҳинд океани портларига чиқиш имконини беради.

Йирик мажмуада замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш иншоотлари мавжуд бўлиб, юкларни «Ягона дарча» тамойили асосида тезкор расмийлаштириш учун барча қулайлик яратилган.

«Akfa Medline Ayritom» клиникасида 315 нафар малакали шифокор ва бошқа тиббиёт мутахассиси радиология, стоматология, физиотерапия бўлимлари ҳамда поликлиникада сифатли хизмат кўрсатади. «Central Asia University» бизнес мактабида ташкил этиладиган ўқув курсларида йилига 500 нафардан ортиқ афғон тадбиркори савдо ва ишлаб чиқариш бўйича малака ошириши мумкин. Барча тингловчилар зарур шароитларга эга ётоқхона билан таъминланади.

Яна бир эътиборли жиҳат, савдо марказида лойиҳа қиймати 4,5 миллион долларлик «Imzo» эшик­ромларини ишлаб чиқариш бошланиш арафасида. Лойиҳа ишга тушса 25 кишининг бандлиги таъминланади, йилига бюджетга 150 миллион сўм маблағ тушади. «TERMEZ GOLD PRODUCTION» заргарлик буюмлари ва ярим тайёр заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, «CITY-ELECTRIC GROUP» ёруғлик техникаси ускуналари ишлаб чиқариш корхоналари ҳам иш бошлайди.

Савдо зонаси очилиш маросимининг иштирокчилари замонавий марказ билан яқиндан танишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер