Туризм қўмитаси қайта ташкил этилади
Иллюстратив фото
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларида белгиланган вазифаларни тезкор ҳамда янги ёндашув асосида сифатли ташкил этиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш мақсадида қарор қиламан:
I. Бошқарув тизимини такомиллаштириш
1. Қуйидагилар:
(а) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилсин;
(б) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (кейинги ўринларда – Экология қўмитаси) ташкил этилсин.
2. Белгилансинки:
(а) Экология қўмитаси қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;
(б) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташкилий тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ташкил этилади;
(в) Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятини Экология қўмитаси ҳузурида давом эттиради.
3. Белгилаб қўйилсинки, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг асосий вазифаларидан ташқари, Экология қўмитаси 1-иловага мувофиқ қуйидаги умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади:
(а) чиқиндиларни қайта ишлаш ва улар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Чиқиндидан ҳоли ҳудуд” умуммиллий лойиҳаси;
(б) атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси;
(в) 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилишга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси;
(г) аҳоли орасида эко-одатларни шакллантириш ва экологик ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси;
(д) биохилма-хилликни келажак авлод учун асрашга қаратилган “Био мерос” умуммиллий лойиҳаси.
4. Экология қўмитаси ҳузурида 15 нафаргача хорижий ва маҳаллий экспертларни фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилган ҳолда экология соҳасидаги “Эколойиҳалар фабрикаси” (кейинги ўринларда – Лойиҳа офиси) ташкил этилсин.
II. Экологик назоратни кучайтириш
5. Белгилансинки, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб 2-иловага мувофиқ экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади, бунда:
(а) молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида фақат юридик шахсларга қўлланади;
(б) бир хил ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланган юридик шахсларнинг ходимларига маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди;
(в) ҳуқуқбузарликнинг такроран содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш олиш ҳамда жаримани тўлаш экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган шахсни Экология қўмитасининг қарорини (тақдимномасини, кўрсатмасини) бажариш ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятидан озод этмайди.
6. Қуйидагилар негизида алоҳида юридик шахс бўлмаган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) (кейинги ўринларда – Экополиция) ташкил этилсин:
(а) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Давлат экологик назорат инспекцияси;
(б) Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий махсус прокуратуралар;
(в) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишидаги бўлинмаларининг оптималлаштириладиган штат бирликлари.
7. Белгилансинки:
(а) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ажратилган 40 та штат бирлиги Экополицияга ўтказилади;
(б) Экополиция Экология қўмитасининг экологик хавфсизликни таъминлаш ва бу борадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган махсус бўлинмасидир;
(в) Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади;
(г) Экополиция бошлиғининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида Экология қўмитаси раиси ўринбосари ҳисобланади ва Экополициянинг тезкор штабига раҳбарлик қилади;
(д) Экополицияга унинг ҳудудий бўлинмаларини маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини ҳисобга олмаган ҳолда табиий экологик ҳудудлар чегаралари доирасида ташкил этишга рухсат этилади.
III. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
8. Экология қўмитаси қуйидагилар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига мунтазам равишда ахборот киритиб борсин:
(а) йирик корхона ва тармоқлар томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар, улар ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан кўрилган чоралар;
(б) соҳадаги масъул бошқарув ва назорат органларининг ўз вазифаларини сифатли ва ўз вақтида бажариши ҳолати;
(в) давлат органларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига зид бўлган қарорларини бекор қилиш.
9. Экология қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга молиявий санкцияларни жорий этиш ва уларни қўллашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
10. Экология қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармон талабларидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
12. Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг