Сурхондарёда 367 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди

23:34 11 Октябр 2021 Жамият
711 0

Сурхондарё вилоятида 2021 йилнинг 9 ойи давомида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда ҳамда қамоққа олинганларни сақлашда қонунларга риоя этилиши устидан мунтазам назорат амалга ошириб келинмоқда.

Айни мақсадда 108 та текшириш ва назорат тадбирлари олиб борилиб, протестлар асосида 360 та қонунга зид ҳужжатлар бекор қилинди ёки қонунларга мувофиқлаштирилди. Натижада, 42 нафар шахснинг маъмурий ва интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди, жиддий қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 367 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти прокуратураси матбуот хизмати томонидан «Халқ сўзи»га маълум қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси ва соҳага оид бошқа қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда бажарилиш аҳволини текшириш давомида вилоят ИИБ 41-сон манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган 75 нафар маҳкумларнинг 35,4 млн. сўмдан ортиқ бўлган иш ҳақларининг ундириб берилиши таъминланди. Соғлиги яхши бўлмаганлиги сабабли, фойдали меҳнатга жалб этилмаётган 38 нафар маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарурий тиббиёт буюмлари ва дори-дармонлар билан таъминланди.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аксарияти қаноатлантирилмоқда.

Масалан, Ў.Хўжамқуловнинг «Халқ сўзи» газетаси таҳририятига суд қарори ижросидан норози бўлиб йўллаган мурожаати бўлим томонидан кўриб чиқилиб, қарздор қарздор Шеробод туман ҳокимлиги ҳисобидан ундирувчи Ў. Хўжамқулов фойдасига жами 111.865.931 сўм компенсация пуллари ундирилиши таъминланди.

Шунингдек, фуқаро М. Нуралиеванинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига «Ишонч» телефони орқали суд қарори ижро этилмаётганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати бўлим томонидан кўриб чиқилиб, қарздор Қизириқ туман ҳокимлиги ҳисобидан М. Нуралиеванинг фойдасига 40.089.311 сўм етказилган моддий ва маънавий зарар ундирилиб, унинг мурожаати қаноатлантирилди.

Илҳом РАҲМАТОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?