Суғориш тизимларида қуёш панелларидан кенг фойдаланилади

10:11 07 Апрель 2025 Жамият
62 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қувасой шаҳридаги «Blue Carbon» қўшма корхонасида қишлоқ хўжалигида инновацияларни кенг жорий этиш, насос агрегатлари ва тик суғориш қудуқларини ишлатишда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.

Юзма-юз мулоқотда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бугунги кунда сув нафақат юртимизда, балки бутун дунёда табиатнинг бебаҳо неъмати, шу билан бирга, инсон ҳаётининг муҳим омили эканлигини таъкидлаб, сўнгги йилларда сув ресурслари камайиб бораётгани ундан оқилона фойдаланишни тақозо этаётганини эътироф этди.

Бу борада давлатимиз томонидан сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида инновацион технологияларни кенг жорий этиш устувор вазифалар сирасига киритилгани ҳам бежиз эмас. Айни йўналишда Фарғона вилоятида ҳам сув тежовчи суғориш тизимларини жорий этиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва насос станцияларини энергия тежамкор технологияларга алмаштириш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда. Суғориш тизимларига энергия тежовчи технологиялар, қуёш панелларини татбиқ этишда Фарғона тажрибаси яратилаётгани эса бу соҳадаги ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.

— Айни пайтда вилоятда 130 минг гектардан ортиқ экин майдонларини суғориш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 168 та насос станциялари ва 2303 та тик қудуқлар хизмат қилади. Шу билан бирга, 1053 та тик суғориш қудуқлари ундан фойдаланувчилар ҳисобига ўтказилиб, электр энергия тўловлари ҳам улар томонидан амалга ошириляпти, — дейди Фарғона вилояти Махсус станциялар ва энергетика бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аброржон Холиқов. — Белгиланган режага кўра, дастлабки босқичда вилоятдаги суғориш қудуқларида қуёш панелларидан фойдаланишга ўтилади. Бу суғориш қудуқларини қуёш панеллари воситасида ишлаб чиқарилган арзон электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Таъкидлаш жоиз, 50 кВт/соат қувватга эга қуёш панель станциясининг айни пайтдаги нархи 165 миллион сўм. Бундай қуёш панели бир кунда 300 кВТ/соат электр энергия ишлаб чиқаради. Бир ойда бу 9 минг кВт/соатни, бир йилда 108 минг кВт/соатни ташкил қилади. Ҳар бир кВт/соат электр энергиясининг бугунги нархи 900 сўм экани ҳисобга олинса, одатий электр тўловидан бир йилда қарийб 100 миллион 200 минг сўм маблағ тежаб қолинади. Демак, қуёш электр станцияси учун қилинган харажат узоғи билан 2-3 йилда ўзини оқлайди.

Бу каби қуёш панеллари эндиликда ўзимизда – Қувасой шаҳрида ишлаб чиқарилиб, корхона мутахассислари томонидан айтилган манзилга тезда етказиш, ўрнатиш ва ишлатиб бериш хизмати йўлга қўйилгани унинг таннархи янада арзон тушишини таъминлайди.

«Blue Carbon» қўшма корхонаси раҳбари Азизулло Ҳабибуллаевнинг маълум қилишича, мазкур корхона ўтган йили фаолият бошлаган бўлиб, бу ерда сифатли монокристалл қуёш панеллари ҳамда энергия тежамкор кўча ёритиш мосламалари ишлаб чиқарилмоқда.

Семинар давомида корхона маҳсулотлари тақдимоти ўтказилиб, насос агрегатлари ва тик суғориш қудуқларида қуёш панелларидан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш борасида ижобий таклифлар билдирилди. Тадбир қатнашчиларига боғдорчилик фермер хўжаликларида ўрнатилган қуёш панелларининг афзалликлари тушунтирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?