Судьялар учун маънавият ва маърифат тадбирлари ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Давлатимиз раҳбари судьялар билан бўлиб ўтган учрашувларидан бирида маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Наманган вилояти суди томонидан ўтказилаётган маънавият ва маърифат тадбирларида Президентнинг ушбу фикрлари ўз ифодасини топмоқда.

Судьялар ва суд тизими ходимлари ўртасидаги тадбирларнинг бу галгиси Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуасидан бошланди. Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, судья ва ходимлар Ибрат ҳайкали олдида тўпланиб, ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган чиқишларни томоша қилдилар. Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги ихтисослаштирилган мактабда бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишдилар.
Шундан сўнг иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда бир вақтнинг ўзида учта йўналиш бўйича тадбирларда иштирок этдилар. Жумладан, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, судьялар ва ёшлар вакиллари иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Унда суд фахрийлари босиб ўтган ҳаёт йўллари, бой тажрибалари ҳақида ёшларга сўзлаб бердилар. Фаолиятлари давомида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни ёдга олдилар.

Иккинчи йўналиш бўйича маърифатпарвар инсон Ибрат ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавият дарсида ибратшунос олим Тоҳиржон Қозоқов, суд ходимлари ва ўқувчи-ёшларга алломанинг ҳаёт йўли, ёзган асарлари, тилшунослик, матбаачиликда эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди. Маънавият ва маърифат тадбирларининг учинчи йўналиши Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги чет тиллари институтида бўлиб ўтди. Унда Наманган вилояти судининг судьялари олийгоҳ талабаларига янгиланган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, ундаги ўзгартиришлар бўйича Конституция дарсини ўтиб бердилар. “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асосидир”, деган ғоя асосида ташкил этилган дарсларда Бош Қомусимизга киритилган суд-ҳуқуқ йўналишидаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Тадбирда иштирок этган ҳар бир талабага Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси китоби тарқатилиб, уларнинг асосий Қонунимизда белгилаган ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилди.

— Наманган туризмида алоҳида ўрин тутган Ахсикент ёдгорлигига саёҳат ҳамкасбларимизда катта таассурот қолдирди, – дейди вилоят суди масъул ходими Баҳодир Мўминов. — Бу ерда очиқ осмон остидаги музейни иштиёқ билан томоша қилдик. Қадимий шаҳардан чиққан осори-атиқалар, меъморчилик анъаналарининг қолдиқлари аждодларимиз зукколиги, ҳунармандчилик маҳорати ҳақидаги тасаввурларимизни бойитди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг