«Стандартлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг янги Қонуни лойиҳаси: асосий янгиликлар ва кутилаётган натижалар

13:24 09 Март 2022 Жамият
633 0

Фото: Халқ сўзи

«Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отган эмас» мазкур ибора пайдо бўлганидан буён минг йиллар ўтди. Бу бутун коинот, табиат ва башарият доимий ўзгаришда, янгиланишда деганидир.

Дарҳақиқат инсоният ҳам ана шу азалий қонуният асосида яшайди ва ҳаёт кечиради.

Ҳар қандай янгиланишнинг мазмун-моҳияти, намоён бўлиш хусусияти шундай.

Даврлар ўтаверади, замонлар алмашаверади. Бу ёруғ оламга келган ҳар бир одамзод авлоди турли ўзгариш ва янгиланишлар сари интилаверади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон стратегияси китобининг Муқаддима қисми ана шундай пурмаъно фикрлар билан бошланади.

Баралла айтиш мумкинки, бугунги кунда республикамизда барча соҳаларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва улкан бунёдкорлик ишларини амалда кўришимиз мумкин.

Ана шундай устувор ислоҳотларнинг бири сифатида, мамлакатимизда бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу эса, энг аввало инсонлар фаровонлиги ва уларни соғлом ҳаёт кечиришларига хизмат қилади.

Ҳозирда, илғор хорижий давлатлардаги ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини бозор талаблари асосида доимий равишда такомиллаштириб бориши ва янги инновацион технологияларни жадаллик билан жорий этилиши натижасида жаҳон бозорида шиддатли рақобат муҳити шаклланмоқда.

Бундай, бозор муносабатлари тараққий этган шароитда, аввало ҳуқуқий ислоҳотлар йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, Янги Ўзбекистон шароитида жаҳон андозаларига мослаштирилган қонуний асосларни яратиш зарурати пайдо бўлди.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 02 июндаги ПФ-6240-сон Фармони билан тасдиқланган Сифат миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг янги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Айтиш мумкинки, ҳозирда амалда бўлган «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1993 йилда қабул қилинган (2000-2021 йиллар мобайнида 10 маротаба ўзгартиришлар киритилган) бўлиб, бугунги кун талаблари ва стандартлаштириш соҳасидаги халқаро ҳужжатларга мувофиқлаштиришни талаб этади.

Шу боис, стандартлаштириш соҳасидаги халқаро талаблар ва илғор хорижий тажрибани қамраб олиш, ўтган 29 йиллик ҳуқуқий амалиётдаги бўшлиқларни тўлдириш мақсадида мазкур янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган мазкур қонун лойиҳаси қуйидаги асосий янгиликларни ўз ичига қамраб олади:

Биринчидан, ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мезони сифатида иқтисодий секторга давлат аралашувини кескин қисқартириш белгиланмоқда.

Бундай шароитда, «давлат стандарти» (Oʼz DSt) тушунчасидан воз кечилиб, «миллий стандарт» (OʼzMSt) га ўтиш таклиф этилмоқда.

Халқаро амалиёт таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, «Давлат стандарти» тушунчаси мажбурий бажарилиши шарт бўлган талабларни ифодалайди. Бугунги кунда, АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Россия ва Хитой сингари илғор давлатларда ҳам «Миллий стандарт» тушунчаси қўлланилади.

Иккинчидан, жаҳон бозорида рақобат муҳитининг шиддатли тус олиши, ўз навбатида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни бозор талабларига шиддат билан мослашиши ҳамда рақобатбардош бўлишини тақозо этади.

Ҳозирда, Жаҳон савдо ташкилоти (WTO), Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот (ISO) сингари йирик ташкилотлар талабларига асосан, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар истеъмол бозорлари ва хорижий давлатлар бозорларига эркин кириб боришида рақобат муҳитини яратишда стандартларни қўллаш ихтиёрийликни касб этади.

Шунга кўра, янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида миллий стандартларни ихтиёрий асосда қўллаш амалиёти таклиф этилмоқда. Бунда, қўлланилиши мажбурий бўлган стандартлар рўйхати фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Маълумот учун: бугунги кунда стандартлаштириш фондида 30 мингга яқин стандартлар мавжуд бўлиб, уларга риоя қилиниши мажбурий саналади. Янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса, мазкур стандартларни 18 мингдан ортиғини мажбурий тусдан, ихтиёрий тусга ўтказади.

Учинчидан, маҳсулотлар экспорт географиясининг кенгайиши ва уларни жаҳон бозорида эркин ҳаракатланишида, турли хил савдодаги техник тўсиқларни пайдо бўлишини олдини олишда хорижий давлатларда белгиланган талабларни инобатга олиш зарур ҳисобланмоқда.

Бунда, халқаро, минтақавий ва хорижий давлатларнинг миллий стандартларини республикамиз ҳудудида Миллий идоранинг қарорига мувофиқ миллий стандарт сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўллаш амалиёти жорий этилмоқда.

Маълумот учун: Ҳозирда Европа стандартлаштириш қўмитаси (CEN), Америка материалларни синаш жамияти (ASTM), Франция стандартлаштириш уюшмаси (AFNOR), Германия стандартлаштириш ташкилоти (DIN) ва Россия Федерацияси Техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология федерал агентлиги (Росстандарт) сингари ташкилотлар билан стандартларни қўллаш бўйича ҳамкорлик келишувлари мавжуд.

Тўртинчидан, стандартлаштириш соҳасида илк маротаба муайян муддатга қабул қилинадиган «дастлабки стандарт» (DS)ни қўллаш амалиёти жорий этилмоқда.

Мазкур тоифадаги стандартлар, янги турдаги маҳсулотлар учун ишлаб чиқилган ва бозор тамойилларига мослашиши мақсадида қўшимча равишда илмий-тадқиқот ҳамда амалиёт кўрсаткичларини олиб боришни талаб этади. Бунда, стандарт лойиҳаси дастлабки стандарт шаклида стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан муайян муддатга қабул қилинади.

Бешинчидан, стандартлаштириш бўйича халқаро, минтақавий ва хорижий давлатлар ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш ва стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, бекор қилиш ҳамда янгилаш ишларини турли хил идоралар кесимида алоҳида-алоҳида амалга ошириш амалиётидан воз кечилмоқда.

Бунда, стандартлаштириш соҳасида тегишли қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатини миллий орган сифатида – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон стандартлар институтига бериш таклиф этилмоқда.

Маълумот учун: ҳозирда бу каби ваколат Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (иқтисодиёт тармоқлари), Қурилиш вазирлиги (қурилиш соҳасида), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (тиббиёт воситаларидан фойдаланиш соҳасида) ва Мудофаа вазирлиги (мудофаа соҳасида) мавжуд.

Бунда, стандарт лойиҳалари тармоқлар ҳузурида ташкил этиладиган стандартлаштириш бўйича техник (?) қўмита томонидан консенсус асосида ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун Миллий идорага тақдим этилади.

Олтинчидан, стандартлаштириш соҳасида низоларни ҳал этиш бўйича самарали ва таъсирчан механизм жорий этилмоқда. Унга кўра, манфаатдор томон ёки стандартлаштириш бўйича техник (?) қўмита Миллий органнинг ҳаракати (ёки ҳаракатсизлиги) ва у томонидан қабул қилинган тегишли қарорларни белгиланган тартиб-тамойилларга зид равишда амалга оширилган деб ҳисобласа, Миллий орган ҳузурида тузиладиган Аппеляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланмоқда.

Шунингдек, томонлар Аппеляция комиссияси қарорларидан норози бўлган тақдирда, стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш, тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш ҳамда техник (?) қўмита фаолияти билан боғлиқ бўлган келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, якуний қарор Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан қабул қилиниши белгиланмоқда.

Еттинчидан, қуйидаги ташкилот ва идораларнинг стандартлаштириш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси - давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, миллий стандартлаштириш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, мажбурийлик тусига эга бўлган стандартларни белгилаш, илмий-техникавий фаолиятни ташкил этиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларини иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни амалга ошириш;

Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги – ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, миллий стандартлаштириш дастурининг бажарилишини мониторинг қилиш, замонавий бошқарув услубларига асосланган ягона уйғунлашган стандартлаштириш тизимини яратиш ва Миллий идора ҳузурида Апелляция комиссиясини тузиш ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш;

Миллий идора – стандартлаштириш соҳасида дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан миллий стандартлаштириш дастурини амалга ошириш, замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали стандартлаштириш тизимини рақамлаштириш, стандартлаштириш бўйича техник (?) қўмита фаолиятини мувофиқлаштириш, стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, бекор қилиш ва янгилаш, халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ифодалаш;

Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари – Миллий идорага янги стандартларни ишлаб чиқиш, бекор қилиш ва уларни янгилаш юзасидан таклифлар киритиш, стандартлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташаббус қилиш, стандартлаштириш бўйича техник (?) қўмитани ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятини юритиш.

Саккизинчидан, мазкур қонун лойиҳаси билан стандартлаштириш соҳасида халқаро нормаларда келтирилган тушунчалар, ошкоралик ва шаффофлик принциплари ҳамда давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг янги Қонуни лойиҳасини қабул қилиниши, энг аввало Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасига, инсон қадри ва унинг фаровонлигига, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сифатли, хавфсиз ва рақобатбардош бўлишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миллий стандартлаштириш тизимини мазмун жиҳатидан халқаро амалиёт билан уйғунлаштиради, маҳсулот ишлаб чиқариш сифатини ошириб, уларни ташқи бозорда рақобатбардош бўлишига ҳамда миллий стандартларимизни жаҳон бозорларида жаранглашига эришилади.

Сардорбек Қўшақов,

Ўзбекистон стандартлар институти

директор ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер