Спорт – соғлом халқ, соғлом жамиятнинг таянч устуни

Соғлиқ – инсон учун энг катта бойлик. Бу сўзлар шунчаки шиор эмас, балки ҳаёт ҳақиқатидир. Соғлом инсон соғлом миллатнинг асоси, юксак тараққиёт сари интилувчи жамиятнинг таянчидир. Ҳар бир инсон ўз саломатлиги учун масъул. Бироқ жамоатчилик соғлом ҳаёт тарзини фақат шахсий муаммо деб эмас, балки умуммиллий ғоя сифатида қабул қилсагина, бутун жамиятда ижобий ўзгаришларга эришилади.
Жорий йилнинг 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан илгари сурилган «Соғлом инсон – соғлом миллат» ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантириш ташаббусида ҳам ана шу эзгу мақсадлар мужассам. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Ўз олдига буюк мақсадлар қўйган халқ фақат соғлом ва бақувват бўлган тақдирдагина кўзланган марраларга эриша олади».
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида ушбу умуммиллий ҳаракат доирасида талаба ёшларни спортга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган турли мусобақалар, учрашувлар уюштирилмоқда. Ана шундай нуфузли тадбирлардан бири — жорий йилнинг 11–13 апрель кунлари Урганчда илк бор ўтказилаётган «Соғлом инсон – соғлом миллат: Урганч 2025» форумида республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 1000 нафарга яқин иқтидорли ёшлар иштирок этмоқда. «Олимпия руҳи – илҳом манбаи, Паралимпия – чексиз ирода!» шиори остида ўтказилаётган мазкур форум талаба ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштириб, уларни спорт ва интеллектуал мусобақалар орқали ўз имкониятларини намоён этишга чорлади.
Форум давомида ёшлар футбол, волейбол, шахмат, сузиш, енгил атлетика, қум волейболи, стол тенниси, пара пауэрлифтинг каби олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича ўзаро куч синашди. Бундан ташқари, «Қувноқлар ва зукколар» беллашуви, ижодий учрашувлар, талабаларимизнинг илмий ихтирочилик изланишлари кўргазмаси, маданий дастурлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Куни кеча Президентимиз бошчилигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида, Ўзбекистонда ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси – «оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш куни», деб эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб, форум дастуридан қадимий ва навқирон Хиванинг «Ичанқалъа» мажмуаси ҳамда янги барпо этилган «Арда Хива» халқаро туризм маркази бўйлаб саёҳат, воҳамизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш ҳам ўрин олди.
Ҳеч иккиланмай айтиш мумкин, ушбу форум талаба ёшларнинг ғайрат ва шижоатини, истеъдод ва қобилиятларини яққол намоён этадиган, спорт ва билимлар беллашуви майдонига айланди. Форум доирасидаги турли интеллектуал ўйинлар, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари юзлаб янги иқтидор эгаларини кашф қилди, десак, асло муболаға бўлмайди. Ушбу тадбирларда ёшлар илм-фан ва жисмоний тайёргарлик борасида ўз маҳоратларини синовдан ўтказиб, тенгдошлари билан фикр алмашиш, янги дўстлар орттириш имконига эга бўлди. Бир сўз билан айтганда, ушбу форум юртимизда Олимпия ҳаракатининг янада ривожланишига туртки бериб, ёшларнинг спортга қизиқишини ошириш, соғлом авлодни, соғлом миллатни шаклланишига хизмат қилади.
Шукуруллоҳ ИСМОИЛОВ,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги
Тошкент ахборот технологиялари университетининг
Урганч филиали директори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг