Спикер ўринбосари Жиззахдаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишди

16:38 28 Май 2021 Иқтисодиёт
408 0

Киши ниманики орзу қилса ва шу йўлда астойдил ҳаракат қилса, албатта, мақсадига эришади. Бундан тўрт-беш йил муқаддам ғаллаоролликлар ойнаи жаҳон орқали юртимизнинг турли бурчакларида қад ростлаган замонавий корхоналарни, уларда меҳнат қилаётган хотин-қизларни кўриб, уларга ҳавас қилишарди.

Мана орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ғаллаоролликларнинг кўп йиллик орзуси амалга ошди. Илгари ташландиқ бўлган бу жойда «Сангзор текстиль» масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлади. Ҳозир мазкур корхонада 200 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов Жиззах вилоятига учрашуви давомида ушбу корхонада бўлиб, бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Ҳозирги кунда корхонанинг кунлик қуввати 20-25 тоннани, йиллик қуввати эса 7500 тоннани ташкил қилади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган ип-калава маҳсулотлари Хитой, Россия, Покистон, Туркия ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда.

Халқ вакили корхонада ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиб, ишчи-ходимлар билан суҳбат қилди. Йиғилганларга ЎзЛиДеП сайловолди дастури лойиҳасидан ўрин олган стратегик вазифалар ҳақида сўзлаб берди.

«Жиззах аккумулятор заводи» АЖни билмаган ёки у ҳақда эшитмаган киши бўлмаса керак. Нафақат мамлакатимиздаги транспорт воситалари ишлаб чиқарадиган корхоналарга, балки баъзи хорижий давлатлардаги истеъмолчиларга ҳам ўз маҳсулотларини етказиб бераётган мазкур корхонада бугун 500 нафар фуқаролар доимий иш билан банд.

Мазкур учрашувлар доирасида Спикер ўринбосари корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларнинг сифатини кўздан кечирар экан, бу ерда ходимлар учун яратилган шароитлар билан ҳам қизиқди.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида ишчи-ходимлар томонидан ЎзЛиДеП сайловолди дастури лойиҳаси юзасидан 30га яқин таклифлар келиб тушди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А.Ҳаитовнинг вилоятдаги ўрганишлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?