Совуқ таъсирида пайдо бўладиган аллергиядан қандай ҳимояланиш керак?

16:51 20 Январь 2024 Жамият
395 0

— Ҳаво ҳарорати кескин пасайганда баъзи беморларда совуқдан аллергия кузатилиши мумкин. Бу терида қизариш, шиш, пуфакчалар, қичишиш, кўз ёшланиши каби аломатлар билан намоён бўлади, — дейди Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова.

Хасталикнинг айнан паст ҳарорат таъсирида юзага келаётганини уй шароитида ҳам синаб кўриш мумкин. Бунинг учун қўлингизнинг билак қисмига муз бўлакчасини қўйиб, 5-10 дақиқа ушлаб турасиз.

Агар шу вақт давомида билагингизда қаварчиқ пайдо бўлса, қичишиш, қизариш ёки ачишишни сезсангиз, демак, сизда совуқдан аллергияга мойиллик бўлиши мумкин. Аммо аниқ ва якуний ташхисни аллерголог-иммунолог қўяди.

Шифокор кўрсатмасига кўра, махсус синамалар топширилади. Қон таҳлили орқали беморда эозинофиллар ва иммуноглобулин Е миқдори қисман ошиши тасдиқланса, тегишли даво муолажалари белгиланади.

Шунга қармай, бу турдаги аллергияга мойиллиги бор кишилар совуқдан ҳимояланишлари керак.

Аввало, совуқ кунларда қалин кийининг! Қўлқоп, бош кийими, шарф ва иссиқ пайпоқлардан фойдаланинг!

Изғирин ҳароратда кўчага чиқишдан аввал шифокор тавсия этган ҳимоя кремлари ва махсус малҳамларни қўлланг!

Совуқ ичимлик ва егуликлар истеъмол қилманг!

Совуқ сувда чўмилманг! Ювиниш чоғида қаттиқ мочалкалардан фойдаланманг!

Иммунитетни мустаҳкамловчи маҳсулотлар, дармондорилар, темир, кальций, цинк, калий, селенга бой таомлар тановул қилинг!

Асал, мураббо, спиртли ичимликлар, аччиқ, шўр егуликлар, қизил рангли мевалар, бўёқ қўшилган маҳсулотлар, балиқ ва от гўштидан тайёрланган таомлар, ёнғоқ, ерёнғоқ, писта каби қуруқ мевалар, турли ўтлардан дамламалар истеъмол қилмай турганингиз маъқул. Чунки уларда аллергик хасталик қўзғатувчи хусусиятлар мавжуд.

Шунингдек, аллергияга мойил кишилар шифокор тавсиясисиз сулфаниламидлар, антибиотиклар, талваса (судороги), яллиғланиш ва силга қарши препаратлар ҳамда турли витаминлар қабул қилиши мумкин эмас.

Ҳозирги кунда Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказимизда ушбу касалликка аниқ ташхис қўйиш баробарида, уни самарали даволаш йўлга қўйилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер